Нилуфар Усмонова Туркияга отланди! Янги ғалаба йўлида!
Сўнгги пайтларда хонанда жуда фаол. Айниқса, интернетда. Юлдуз
Усмонованинг ярим асрлик туғилган кунида бош ташкилотчи бўлган, фарзандлик
бурчини елию-югириб хизмат қилишлик ила адо этган кичик Усмонова туғилган
кун тафсилотларини имкон қадар журналистик нигоҳ билан "инстаграм”даги саҳифасида
батафсил ёритди. Қайси хонандалар примадоннанинг қайси қўшиғини куйлаб, таваллуд
кун соҳибасини кўзёш тўкишгача тўлқинлантирганидан улар кийиб келган
либосларгача...Энг муҳими, Нилуфар онасига бўлган меҳр сўзларини илк бора
тинимсиз равишда интернет орқали тинмай билдирди, ичидагиларни рўйи рост
айтди... Нилуфарнинг янги фотожамланмасидаги суратлар эса кўпчиликнинг диққатини
тортмоқда. Унинг суратга тушиш жараёнини ҳис қилиш қобилияти эса онасидан-да ёрқинроқ
тарзда намоён бўлмоқда. Фотомоделлик борасида ҳам таъби чакки эмаслигини
исботламоқда. Хуллас, катта иштиёқ, анча ҳаяжон билан Нилуфар Усмонова
"Туркнигоҳ”да юртимиз шаънини ҳимоя қилиш учун бор истеъдодини намоён қилишга
киришади. Туркияда ҳам шов-шувли ижод қилиб, шуҳрат қозонган Юлдуз Усмоновадан
дуо олган қизга барча мухлислари номидан омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
Маълумотларга қараганда, кичик Усмонова танлов учун тайёрлаган қўшиғи –
"Унутгин” омманинг қалбидан жой эгаллаб, уни ғалаба сари етакловчи
смс-овозларни кўпроқ йиғишга ундашидан умиди катта.
"Туркнигоҳ” Туркиянинг Эскишаҳар шаҳрида ўтказилади.
Йирик мусиқий танловда 20 та мамлакатдан хонандалар иштирок этажи. 19-21 декабр
кунлари ярим финалда 20 та иштирокчидан 12 таси сараланиб, финал босқичига
ўтади! 23 декабр куни эса финал босқичида асосий ғолиблар аниқланади! СМС-овоз
йўллаш орқали ғолиблар тақдири ҳал қилинади! Аввал хонандаларнинг турк тилидаги
ижросига баҳо берилади, кейинги босқичларда эса ҳар бир иштирокчи ўз она тилида
куйлаган қўшиқлари билан бош ўринларга даъвогарлик қилади. Танлов белгиси
сифатида интилаётган Семурғ қуши танланган бўлиб, ташкилотчилар фикрича, бу
Туркия маданиятини ифодалайди.
Жасур ҲАМРОЕВ