Уни қизалоқлигидан таниймиз. Онасига қўшилиб, "Шайтонга
бўйсунган юраклар”дек оғир тош босадиган қўшиқни порлоқ юлдуз ёнида, ёнгинасида,
сўзларига ўзи тушуниб-тушунмай куйлаганига гувоҳ бўлганмиз. Мурғақ юракнинг
катта саҳнадаги қадамчалари...Нозик қўлчалар катта микрофонни ушлаб, кичик
ўпкасини нафасга тўлдириб, жонли куйлаши – унинг келажагига ишониб, талантини
бугун тан олиб гапиришимиз учун етарли исбот!
Болалик ортидан ўсмирлик...Унда санъатга ташналик орта
борди. Тил ўрганди, ҳуқуқ соҳасидан кетишга уринди. Барибир, санъатга меҳр орта
борди.
Ўша катта саҳнада кичик ўпканинг қўшиқ айтиш учун тўлгани
бежизга эмас экан. Жажжи болаликнинг бу ҳалоллиги – катта юлдуз олдида жонли
куйлаб, милтиллаган юлдузча бугун санъатда ўз номини танита олди, ҳалол ризқини
теришга ошиқди. Пешона тери онанинг машҳурлиги, катта номи ила эмас, пешонадан ҳақиқий
тер чиқиши, санъат ерида тўкилиши ва ҳосилга киришга арзигулик ижод ниҳолларини
экиш билан ифодаланишини тушуниб етди.
Нилуфар Усмонова. "Агар, у шунчаки оддий ҳофиза, машҳур
юлдузнинг қизи бўлмаганида ҳам шундай танилиши мумкин эдими?” деган жўяли савол
ҳам туғилади. Бу савол икки ё уч йил олдин берилганида узоқ сукут ё "ҳеч қачон”
деган жавоблар ила кифояланиш мумкин эди. Бироқ, ҳозирги кунда унинг ижодини
зимдан кузатиб, кимнинг қизи эканлигини ҳам унутиб юборасан. Ҳа, тақдир уни
буюк мукофот билан сийлади: кимсан, элнинг севимли қизи – Юлдузнинг қизи! Бироқ,
истеъдод Яратгандан амр этилмаганида, отаси Майкл Жексон бўлганида ҳам, ўзидан
ярим фоиз талантни ҳадя этиб, машҳур хонанда қила олармиди?!
Йиллар оша ижодини сайқаллаб бораётган хонанда аввал омма
эътиборини қозониб, аллақачон одамлар меҳрини ўзига тортишга улгурмоқда...Яна
бир манзил бор – эл ишончи! Агар, ишончни ҳам том маънода, юқорида айтганимиз –
пешона тери ила қозонадиган бўлса, сўссиз, қалб тахти уники! Ҳа, санъатда машҳурлар
ўзига кўп номни, таърифни орттириб олиши мумкин. Ё пулга, ё ҳаволанган,
шиширилган гап-сўзлар орқали...Бироқ, қанчалик қимматга тушмасин – аслида бу
энг арзон таърифлардир. Одамлар қалбидаги тахт эгаси бўлиш эса саноқли, ҳақиқий
истеъдодларгагина насиб этажак! Тўғри, санъаткор кези келиб, рейтинг аталмиш гоҳ
пастга, гоҳ юқорига кўтарилувчи машҳурлик чизиқларидан чиқиб кетиши,
таниш-билиш рол ўйновчи хит-парадлардан тушиб қолиши, яна қандайдир тўсиқларга
дуч келиб, овози "пасайтириш”га уринилиши, шоу-бизнесчиларнинг "бизнесона”
назаридан қолиши мумкин...Бироқ, чинакам истеъдод, овоз, меҳнат ила
эришилган қалб тахтидан ҳеч ким қулата олмайди!
Қайнар хумча... Нилуфарнинг таланти секин-аста очилиб келмоқда.
Унда ҳаммаси яширин. Овоз кўлами кенг, нима куйлаётганини фарқлай олади,
куйлаётган шеъридан ўзи ҳам маъно излайди...Ҳеч нимадан кам-кўстсиз ўсганига қарамай,
ўзини "оқбилагойим Марғилонлик” қабилида эмас, соддалик билан тутиши (ва буни
одатга, "касб”га айлантириб олмагани) табиатан очиқкўнгил инсон сифатида атрофдагидалар
ҳурматига лойиқ бўлмоқда.
Шубҳангиз борми? Ахир, унинг қонида "олов санъаткор”,
ўзбекнинг санъатини Ер планетасида ҳақиқий таланти билан ёя олган, муҳташам "Истиқлол”ни
номига баннер илиб, мухлисларга ростдан лиқ тўлдира олган (яна бир неча кунлаб,
бир неча йил давомида ва анъанага киритган) Юлдузнинг қони бор!
Анъанани ҳозирча давом эттиришга уринаётганлар бор...Бироқ, ҳали
даври келади, от изини той босиб, "Истиқлол” саҳнаси Нилуфардан бошқасини талаб
ҳам қилмай қўяди. Ҳақиқий анъана ана ўшанда кучга киради. Фақат, ўша давргача,
адашмасдан, хато қилмасдан, етиб бориш керак! Ҳа, етишмоқ керак!
Жасур ҲАМРОЕВ