НИЛУФАР "ТУРКНИГОҲ"ДА ЖОНЛИ КУЙЛАЙ ОЛГАН БИРИНЧИ ЎЗБЕК ХОНАНДАСИ!
"Туркнигоҳ-2013”
якун топди. Турли давлатлардан келган иштирокчилар орасида юртимиз шаънини
Нилуфар Усмонова ҳимоя қилди. "Унутгин” қўшиғини жонли куйлаб, ярим финалда
саралаб олинган 12 иштирокчи орасига кирган хонанда финалда ҳам шу қўшиғини
ижро этди. Натижага кўра, овозлар сони Усмонованинг ўрнини 11га белгилади.
Танловга ҳамма биринчи ўринни орзу қилиб боради. Ғолиблик эса овоз, ижро
маҳорати, имиждан ташқари омадга ҳам боғлиқ. Муҳими, илк маротаба ўтказилаётган
шундай йирик мусиқий тадбирда биринчилардан бўлиб иштирок этишдир.
Кўпчиликнинг фикрича, Нилуфар қўшиқ танлашда сал адашган. Ахир, унинг
оммалашган тароналари талай-ку?! Шулардан бирини ёҳуд онасининг бирон қўшиғини
маромига етказиб куйлаганида, балки омад унга кулиб боқарди. Хонанда қуруқ қўл
билан қайтаётгани йўқ. Унга ҳам "Семурғ” қуши интилаётган” ҳайкалча насиб этди.
Айни пайтда кичик Усмонова Эскишаҳардан Истанбулга қайтди. Туркиянинг энг
машҳур шаҳрида хонанда ҳордиқ чиқариб, кейин Тошкентга қайтади. Сафаринг
бехатар бўлсин, Нилу!