WhatsApp ва «Билайн-Ўзбекистон» раҳбарлари келишмай қолишди
WhatsApp илова-дастури асосчиларидан бири Ян Коум
«Билайн-Ўзбекистон» тижорат директори Дмитрий Григорьевнинг илова-дастур
реклама кўринишида трафик ейиши ҳақидаги фикрларини рад этди.
Бу ҳақда Daryo.Uz интернет-нашри хабар бермоқда.
«Билайн»нинг Ўзбекистондаги абонентлари сони 10 миллиондан ошиқ бўлиб, уларнинг
7 фоизи смартфонлардан фойдаланади. «Билайн-Ўзбекистон» тижорат директори
Mezon.Uz интернет-нашрига берган интервьюсида ҳозирги вақтда ёшлар орасида жуда
оммалашиб кетган WhatsApp илова-дастури реклама кўринишида кераксиз трафик
юбориш орқали абонент ҳисобидаги трафикни аёвсиз «ейиши»ни таъкидлаган.
«Шу трафикни пулга чиққанда ҳосил бўладиган маблағ эса «Билайн-Ўзбекистон»нинг
SMS Unlim хизмати нархи билан деярли тенг бўлиб қолади», деб иддао қилади
«Билайн-Ўзбекистон» тижорат директори Дмитрий Григорьев.
Айни вақтда, ушбу масала юзасидан Daryo.Uz интернет-нашри WhatsApp компаниясига
сўров юборган. Компания асосчиларидан бири Ян Коум (Jan Koum) берган жавобга
кўра, илова-дастурга рекламалар жойлаштирилмайди ва дастур ҳеч қачон «реклама
кўринишидаги кераксиз трафик»ни емайди.
Шунингдек, қайд этишича, WhatsApp орқали ҳар қандай алоқа оператори абоненти
билан мулоқотда бўлиш мумкин. Маблағ интернет трафиги ҳисобидан сарфланади.
«Билайн-Ўзбекистон»нинг SMS Unlim хизмати орқали эса фақатгина тармоқ ичида
чексиз SMS хабарлари жўнатиш мумкин. «Шундай экан, [WhatsApp дастури билан
«Билайн»нинг SMS Unlim хизматини] ўзаро таққослаш мумкин эмас», деб ёзади
Daryo.Uz.