«Билайн», ўз ходимлари ва мижозларининг хавфсизлигини ўйлаб,
Чеченистондаги барча офисларини ёпди. Бу ҳақда компаниянинг Шимолий Кавказ
минтақаси бўйича вакили Илья Захаровга асосланиб 31 август куни «РИА Новости» ахборот агентлиги
хабар бермоқда.
«Билайн»дагилар Чеченистон пойтахти – Грозний шаҳридаги
компания офисларидан бирига вандаллар ҳужум қилганидан сўнг шундай қарорга
келган. Агентлик суҳбатдоши компания ўз ваколатхоналарини яна очишни мўлжаллаяптими-йўқми,
бунга аниқлик киритмаган. Компания сайти маълумотларига кўра, Чеченистонда
«Билайн»нинг 2та ўз офиси ва 20дан ортиқ тезкор хизмат кўрсатиш марказлари бор.
Компания офисига 30 август куни оқшомда ҳужум қилишган.
YouTube’да эълон қилинган роликда «Шарманда»
ва «Аллоҳу Акбар» деб ҳайқираётган оломон идорани тухумлар билан ўққа тутгани
кўрсатилган. Грознийликлар, шунингдек, «Мегафон» офисига ҳам худди шундай ҳужум
қилишган. Бу компания ҳам Чеченистондаги ўз офисларини ёпиш-ёпмаслиги
ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.
Бундан ташқари, «Кавказ узели» портали маълумотларига кўра,
Грозний фуқаролари алоқа кабелларини ҳам кесиб ташлашган ва шу сабаб
Чеченистонда алоқа билан боғлиқ узилишлар кузатилган.
Чеченларнинг «Мегафон» ва «Билайн»га эътирозлари Чеченистон
раҳбари Рамзан Кадировнинг баёнотлари билан боғлиқ. Республика раҳбари уяли
алоқа операторларини Россия
тимсоллари танловиниўтказишда муғомбирликларга қўл урганликда айблаб
чиққан. Унинг фикрича, айнан операторларнинг ҳаракатлари сабаб Грознийдаги
«Чеченистон юраги» масжиди Коломна кремлидан ўзиб кета олмаган ва иккинчи ўрин
билан кифояланган.
Кадиров компаниялардан овоз бериш вақтида ишлатилган
пулларни қайтариб беришни талаб қилиб, ўз ватандошларини «Вайнах Телеком»
оператордан фойдаланишга чақирган. Ўз навбатида, «Билайн» ва «Мегафон»
Кадировнинг айбловларини рад этиб, овоз беришдаги узилишлар техник сабаблар
туфайли рўй берганини таъкидлашган.