Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » MAHALLIY HABARLAR (UZB)

O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Islom Karimov vafot etdi

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ АХБОРОТИ

          Азиз ватандошлар,
          Юрагимизда чуқур қайғу билан барчамиз учун қадрли бўлган Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этганини маълум қиламиз. Ислом Абдуғаниевич 2016 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрида бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди.
          Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳақиқатан буюк тарихий шахс эди. Ислом Каримовнинг қатъияти ва жасорати билан республикамиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувининг олди олингани ва халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан эсон-омон ўтиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ.
        Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.
          Барчамиз учун қадрли бўлган Президентимизнинг васиятига кўра, Ислом Каримов шу йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилади.
          Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти билан видолашув маросими 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
          Биз барчамиз учун ўта оғир жудолик муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва бутун Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси                                                                     
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси        
 
Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг касаллиги ва вафоти сабаблари тўғрисида тиббий хулоса
         Бемор И.А.Каримов, 78 ёшда, 27 август куни эрталаб соат 09.00 да ҳушсиз ҳолатда зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт-санитария бирлашмасининг Марказий клиник шифохонасига олиб келинди.
         Ўтказилган текширувлар, жумладан, бош мия компьютер томографияси беморда бош мия қон айланиши ўткир бузилиши субарахноидал қон қуйилиш асорати билан (инсульт) аниқланди. Артериал қон босими 250/120 мм. симоб устунига тенг. Беморда юрак фаолиятининг тўхташи кузатилди. 20 дақиқа давомида олиб борилган реанимацион муолажалар натижасида юрак фаолиятини тиклашга эришилди. Бемор мия ўзаги фаолияти бузилиши оқибатида атоник кома ҳолатига тушди ва сунъий нафас олиш аппаратига ўтказилди.
         27 августдан 28 августга ўтар кечаси бемор етакчи хорижий клиникаларининг нейрохирурглари, кардиолог ва реаниматологлари – А.Н.Бакулев номидаги Юрак-томир хирургияси илмий маркази директори, академик Л.Бокерия, Н.Н.Бурденко номидаги нейрохирургия илмий маркази директори, академик А.А.Потапов (Россия), Ганновер халқаро нейрохирургия институтининг вице-президенти ва ижрочи директори, профессор Амир Сами (Германия), Кардиоторакал марказ директори, профессор Жилли Дрейфус (Монако), Хейдельберг университети клиникасининг кардиология бўлими раҳбари, профессор Хьюго Катус (Германия), Хельсинки университети Марказий госпиталининг нейрохирургия бўлими профессори Юка Хернисниеми (Финляндия) томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.
         Ўзбекистон мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган консилиум натижасида кейинги даволаш режаси белгилаб олинди.
         Беморнинг неврологик ҳолати аввал бошдан атоник кома сифатида қайд этилди. Неврологик статусда диффуз мушак атонияси, арефлексия кузатилди. Беморга уч маротаба динамик электроэнцефалографик текширув ўтказилиб, унда бош миянинг биоэлектрик фаоллигининг сусайиши аниқланди.
         Ўтказилган интенсив терапия жараёнида беморнинг ички аъзолари (қон томир, нафас олиш, қон ивиш тизимлари, буйрак ва жигар) фаолиятининг аста-секин бузилиши – полиорган етишмовчилиги кузатилди.
         Юқорида қайд этилган тўлиқ ҳажмдаги диагностика-даволаш муолажалари ва интенсив терапия чора-тадбирлари ўтказилганига қарамасдан 2016 йил 2 сентябрь куни соат 20.15 да юрак фаолияти тўхтади.
         Амалга оширилган интенсив реанимация тадбирлари натижа бермади ва беморда соат 20.55 да биологик ўлим ҳолати қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазири   А.Алимов
Ўзбекистон Фанлар академияси  академиги, профессор   Ш.Каримов
Тиббиёт фанлари доктори, профессор В.Аваков
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Б.Ғафуров
 Тиббиёт фанлари доктори, профессор Ғ.Қориев
 Тиббиёт фанлари доктори, профессор Р.Қурбонов
 Тиббиёт фанлари доктори, профессор К.Маҳкамов
        Тиббиёт фанлари доктори, шахсий шифокор П.Черниш


Категория: MAHALLIY HABARLAR (UZB)
Просмотров: 10083 | Комментарии: 2 | Рейтинг: 1| Рейтинг: O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti, vafot etdi, Islom Karimov
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 2
NuR_KR Eslaymiz. Qadrlaymiz. Unutmaymiz!
Like | 0
yulduzik666 Alloh rahmatiga ogan bòsin ... sizzi yaxshi kòramiz ... har doim qalbimizdasiz
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 19:13
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное