«Билайн-Ўзбекистон» жамоатчилик билан алоқалар бўлими
бошлиғи Ораз Абдуразаков компания абонентларни огоҳлантирмасдан жорий
этилгани хабар қилинган «Барча учун овозли почта» хизмати юзасидан
тушунтириш берди. Абдуразаковнинг интервьюси Mezon.Uz интернет-нашрида эълон
қилинган.
Ораз Абдуразаковнинг маълум қилишича, «Билайн-Ўзбекистон»
компанияси бунгача тижорий бўлган «Овозли почта» хизматини Тошкент шаҳри,
Тошкент ва Сирдарё вилоятлари абонентлари учун, абонент тўловини бекор қилгани
ҳолда жорий этган. Яъни, ушбу хизмат ёқилгани учун абонентдан абонентдан тўлови
олинмайди – абонент фақат қолдирилган ҳар бир овозли хабар учун 3 цент
миқдорида пул тўлайди.
«Огоҳлантирмасдан пулли хизматларни жорий этиш нафақат
қонунга, шу билан бирга «Билайн-Ўзбекистон»нинг иш тамойилларига ҳам зид», –
дейди Абдуразаков. Унинг тушунтиришича, 19 ноябргача бўлган ҳолатда олтинчи
гудок овозидан сўнг алоқа узиларди (қўнғироқни қабул қилувчи қўнғироққа жавоб
бера олмагани учун), ҳозир эса бешинчи гудокдан сўнг «Овозли почта» хизмати
ҳақида билдиришнома ишга тушиб, абонентга бу ҳақда батафсил ахборот, хизмат
ҳақи ҳақида қатъий тартибда маълумот берилади.
Ораз Абдуразаковнинг сўзларига кўра, қўнғироққа жавоб
берилмай, овозни ёзиб оладиган сигнал қўйилганича 10 секунд вақт ўтади ва бу
вақт давомида абонент қўнғироқни узиши мумкин, хизмат ҳақи эса фақат сигналдан
кейин ечиб олинади. Қайд этилишича, ушбу хизматни ўчириш учун ҳеч қандай
USSD-код йўқ, ҳар бир абонент фақат «Билайн-Ўзбекистон» call-марказига қўнғироқ
қилиб, уни ўчиртириши мумкин.
Абдуразаковнинг қайд этишича, «Овозли почта» тижорий хизмати
бунгача ҳам абонентлар орасида машҳур ва оммабоп бўлиб келган. Айни вақтда,
интервьюда ушбу пуллик хизматдан 21 ноябргача қанча абонент фойдалангани
тўғрисида маълумот берилмаган.
Manba:kun.uz