iOS foydalanuvchilariga Telegram'ning ba’zi kanallariga kirish cheklandi
Telegram'нинг баъзи каналларида iOS операцион тизимли қурилмалар фойдаланувчиларига чекловлар қўйилди.
Ким янги фильм ва сериаллар қўювчи Kinofilm каналига кирмоқчи бўлса, унга огоҳлантириш берилади: "Кечирасиз, муаллифлик ҳуқуқи бузилгани муносабати билан бу каналга кира олмайсиз".
Худди шу ҳолат kinoxa каналига киришда ёки vkmusic_bot ва MusicCatalogBot ботларига қўшилишда ҳам кузатилади. Android операцион тизимли қурилмаларга бу каналларга киришда ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Telegram'нинг дескпот версиясида ҳам барчаси жойида.
vkmusic_bot 2015 йилнинг декабридаёқ блокка тушган. Канал асосчиси Илья Самарцевнинг изоҳ беришича, Telegram'да унга гап Apple'нинг сиёсатида эканини айтишган.
TJournal мессенжер хизматининг жавобини келтиради: "Уларда муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинган оммавий контентга нисбатан қоидалар қатъий. Муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг аризалари бизга юборилади, шунинг учун бизда уларга бўйсуниб, ботингизни блоклашдан ўзга чорамиз йўқ".