Аввал хабар берганимиздек, 25 октябр куни "Beeline” мобил
алоқа оператори фаолиятининг тўхтатилиши ҳақидаги ёлғон хабар бир неча соат
ичида яшин тезлигида тарқалган эди.
"Beeline" матбуот котиби аввал қуруқ гап-сўзлар
ёки назорат қилиш осон бўлган SMS-хабарлар кўринишида бундай ҳолатларга учраган
бўлса-да, Ўзбекистонда оммабоп бўлган WhatsUpp мессенжери орқали бўладиган
ҳужумни кутмаганини таъкидлади. "WhatsUppнинг смартфонлар учун мўлжалланган
бешта асосий операцион тизимларда ишлаши, смартфонларнинг бизнинг тармоқдаги
ҳиссаси еса 6—7 фоизлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ёлғон хабар акцияси кўлами
анчагина катта бўлди”, — деди Ораз Абдураззоқов.
Шунингдек, у миш-миш қанчалик тез тарқалмасин, онлайн ОАВлар ҳам тезкорлик
билан масалага ойдинлик киритишда жонбозлик кўрсатганини таъкидлади
"Фурсатдан фойдаланиб, барча нашрларга аҳоли орасида хавотирли
кайфиятга барҳам бергани учун миннатдорчилик билдириб қоламан”, — деди
"Beeline” матбуот котиби. Ucell алоқа операторининг ҳодисага муносабати ҳақида
тўхталар экан, уларнинг "Beeline” билан ҳамдардлик билдириб боғлангани, спам
манбаси ва буюртмачиларини топган-топмаганига қизиққанини маълум қилди.
Шунингдек, уларнинг саросимага тушиб қолган " Beeline” абонентларига "ёрдам
қўлини чўзиб”, ўша куни Ucell офислари кечки 8 гача ишлаганини ҳам киноя билан
тилга олди.
"Beeline” вакили Давлат алоқа инспексияси текширувлари
ҳақидаги хабарга ҳам ойдинлик киритиб, текшириш ишларининг сентябр ойида бўлиб
ўтганини, натижада аҳамиятли бирор-бир камчилик аниқланмаганини таъкидлади.
Ораз Абдураззоқов ўз сўзини миш-миш тарқалган куниёқ Бош прокуратурага
ноқонуний спам-тарқатмалар борасида ариза топширилгани билан якунлади.