2014 йилги баҳорги Умра мавсумини намунали ташкил этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси
Президентининг 2006 йил 26 август кунидаги ПФ-3793-сон Фармони асосида тузилган
"Ҳаж ва Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича
Республика Жамоатчилик кенгаши қарорлари асосида амалга оширилди.
"Умра-2014” мавсуми тадбирларини муносиб ташкил этиш, транспорт, озиқ-овқат,
ошхона, тиббий кўрикхоналар ва бошқа шу каби масалаларни ташкил этиш мақсадида
жорий йилнинг 10 февраль куни ишчи гуруҳининг 2 нафар аъзоси Саудия
Арабистонига сафарбар қилинган.
Баҳорги умра зиёратини 5 900дан зиёд фуқароларимиз (Тошкент-Жидда-Тошкент
йўналиши бўйича 31 та рейс) адо этдилар.
15 февраль кунидан 5 май кунига қадар ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Саудия
Арабистони Подшоҳлигига умра сафарлари ташкил этилди.
Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон
мусулмонлари идораси ҳамда тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида
амалга оширилди.
Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлишини инобатга олиб,
шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида
эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.
Зиёрат 10 кунни ташкил этди (Мадинада 3 кун, Маккада 6 кун, Жиддада 1 кун).
Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 8 нафар ишчи гуруҳи, 28 нафар
шифокор ва 4 нафар ошпаз хизмат кўрсатди.
Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларни Ҳарамга олиб бориш учун автобус ҳаракати,
адашганларни топиш учун махсус қидирув гуруҳи, шунингдек, меҳмонхоналарда
узлуксиз навбатчилик ташкил этилди.
Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида "Масжид ан-Набавий” билан
ёнма-ён жойлашган "Мавадда Нур” меҳмонхонаси ҳамда Макка шаҳрида Ҳарамдан 900
метр узоқликдаги "Нама Мавадда” меҳмонхоналарида истиқомат қилдилар.
Зиёратчиларимизнинг 3 маҳал овқатланишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида меҳмонхоналарда
ошхоналар ташкил этилди. Меҳмонхонада минишифохона фаолият кўрсатди.
Зиёратчилар учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон
телевиденияси дастурларини томоша қилиш, Ватанимизда бўлаётган воқеалардан
хабардор бўлиш имкониятлари яратилди.
Зиёратдан қайтган фуқароларимиз яратиб берилган шароитлар учун Ўзбекистон
Республикаси Президенти, ҳукумати номига ўз миннатдорчиликларини билдириб,
Ватанимиз равнақини тилаб дуолар қилдилар.
Жорий йилнинг 7 июлдан 29 июл кунига қадар "Умра-2014" Рамазон ойи
мавсуми ташкил этилади. Унда 663 нафар фуқароларимиз зиёратлари ташкил этиш
режалаштирилмоқда.