O‘zbekistonda internet-ektremistlarga 5 yildan 8 yilgacha qamoq jazosi qo‘llanadi
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни имзолади. Бу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 30 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда маъқулланган. Ҳужжат матни "Халқ сўзи" газетасида чоп этилган. Ҳужжат эълон қилинган кунидан бошлаб кучга кирган.
Унга кўра, Ўзбекистон республикасининг Жиноят Кодексининг Олтинчи бўлим (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноятлар), 17-боб (Жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар), 244-1-моддасига (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тайёрлаш ёки тарқатиш) ўзгартиришлар киритилган.
Модда номидаги «тайёрлаш ёки тарқатиш» деган сўзлар «тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Биринчи қисмнинг диспозициясидаги «шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса» деган сўзлар «шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Иккинчи қисмнинг диспозицияси «шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш» деган сўзлар билан тўлдирилган.
Учинчи қисми диспозициясининг «в» банди қуйидаги мазмундаги «в» ва «г» бандлар билан алмаштирилган:
«в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса»;
Жиноят Кодексида бундай жиноятлар учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.
Модда қисмларининг ўзгартиришларгача кўриниши: 244-1-модда: Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди, шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш; 244-2-модда: Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш; 244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатишда айбдор бўлган шахслар юқорида таъкидланганидек Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига асосан жавобгарликка тортиладилар.