Moskvada Rossiya Mudofaa vazirligi binosida yong‘in chiqdi
3 апрель куни тонгда Москва шаҳрида жойлашган Россия мудофаа вазирлиги биносида ёнғин кўтарилди. Бу ерда ташкилотнинг уй-жой бўлими жойлашган эди. 40 киши бинони ўзи тарк этган, етти нафар киши эса қутқарилган. Воқеа жойида ёнғиннинг, энг юқори — мураккаб даражаси белгиланган. Бу ҳақда пойтахт ҳуқуқни муҳофа қилиш органлари маълумотига асосланиб, ТАСС хабар бермоқда.
«Пойтахтнинг Знаменка кўчасида жойлашган Россия Мудофаа вазирлигининг эски, беш қаватли биносида ёнғин чиққан ва олов барча қаватларни қамраб олган», — деди агентлик суҳбатдоши. Унинг маълумот беришича, воқеа жойига 30 нафардан зиёд ўт ўчириш-қутқарув ходими ишламоқда.
Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, таъмирталаб бинолардан бирида тутун чиққан, аммо у тезкор равишда бартараф этилган. Тутун кабель тармоқларидаги туташувдан юзага келган. Вазирлик хабарига кўра, ёнғин оқибатида жабрланганлар йўқ.
Айни дамда Знаменка кўчасида барча ҳаракатлар тўхтатилган.