Мобил операторлар WhatsApp’ни деб $30 миллиард йўқотишди
Бутун дунё мобил операторлари мессенжерларни деб (WhatsApp, Rebtel, Viber, KakaoTalk) йўқотишлари 2013 йил якунларига кўра 32,5 миллиард долларни ташкил қилди.
Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Ovum консалтинг фирмасининг маълумотларига асосланиб хабар бермоқда.
Башоратларга кўра, 2016 йилга бориб йўқотишлар 54 миллиард долларга етади.
Ҳозирда WhatsApp энг машҳур мессенжер бўлиб, унинг аудиторияси 450 миллион фаол фойдаланувчини ташкил қилади. Бундай хизматларнинг ривожланиши билан мобил компаниялар ўз тариф режаларига лимитсиз SMS пакетларини ёқишни бошлашган.
Куни кеча WhatsApp Facebook ижтимоий тармоғига 16 миллиард долларга сотилгани ҳақида хабар берган эдик. Келишув суммаси ҳақида гапирар экан Facebook раҳбари Марк Цукерберг WhatsApp аудиториясини ҳар қандай интернет-сервисидан тез ривожланаётганлигини таъкидлаб ўтди. Бундай ўсишга хусусан смартфонларни тезлик билан тарқалиши ҳам сабаб бўлмоқда, дея таъкидлади Цукерберг.