Islom Karimov 25 aprel kuni Moskvada Putin bilan uchrashadi
Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг Россияга ташрифи 25 апрель куни амалга оширилади. Кремль сайтида расман маълум қилинишича, Ислом Каримов 25-26 апрель кунларида расмий ташриф билан Москвада бўлади.
Қайд этилишича, Ислом Каримов ўз сафари вақтида Россия президенти Владимир Путин билан учрашади ва МДҲ, ШҲТ ҳамда БМТ доирасидаги иқтисодий ва ўзаро ҳамкорлик масалаларни муҳокама қилади.
Шунингдек, олий даражадаги учрашувда икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлиги истиқболлари кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, томонлар минтақавий ва халқаро миқёсдаги куннинг долзарб масалаларини муҳокама этади.
Бундан олдинроқ, Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистоннинг янги элчиси Бахром Ашрафхоновдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиш вақтида Ўзбекистон раҳбарининг Москвага келиши ҳақидаги хабарни тасдиқлаганди. У Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 25-26 апрель кунлари Россия Федерациясига қиладиган расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришига ишонч билдириб ўтган.