Тошкентдаги Korzinka.Uz супермаркетлар тармоғида Coca-Cola
ичимлиги сезиларли равишда қимматлашган. Podrobno.Uz интернет-нашрининг ёзишича,
бунгача 3,8 минг сўмдан сотилган 1,5 литрли ичимлик нархи 7 минг сўм қилиб
қўйилган.
Супермаркет сотувчилари харидоргир маҳсулот қимматлашувини
Тошкентдаги Coca-Cola заводида маҳсулот йўқлиги, эҳтимол, завод ёпилган ва
расталардаги маҳсулот – сўнгги партия бўлиши мумкинлиги билан изоҳлашган.
Podrobno.Uz мухбири юзага келган вазият юзасидан Coca-Cola
Ichimligi Uzbekistan компаниясига мурожаат қилган. Компания вакилининг
сўзларига кўра, завод ёпилмаган ва одатдаги тартибда ўз ишини давом эттирмоқда.
«Нарх учун сотувчи – Korzinka.Uz жавоб беради. Янги йил
байрами арафасидаги, завод ёпилгани билан боғлиқ асоссиз миш-мишлар билан
асослантирилган ажиотаж учун ҳам улар келтириб чиқаришди», – деди завод вакили.
Унинг қўшимча қилишича, бу масала юзасидан супермаркет вакиллари билан бир неча
бор музокаралар ҳам ўтказилган.
Айни вақтда, завод вакили бошқа дўконларда Coca-Cola нархи
сезиларли арзон эканлигини қайд этган. Бироқ унинг бу сўзлари тасдиқланмади,
деб ёзади Podrobno.Uz. Шаҳарда энг арзон 1,5 литрли Coca-Cola 5 минг сўмдан
сотилмоқда, асосан уни 6 мингдан сўмдан сотишмоқда.
Кичик дўконлардан бирининг сотувчиси сўзларига кўра,
маҳсулот нархи тақчиллик сабаб қимматлашиб кетган. «Биз авваллари маҳсулотни
расмий дилердан сотиб олардик. Бироқ ҳозир бу фирмада ичимлик йўқ. Шунинг учун
биз уни қиммат нархда улгуржи савдо қилувчилардан сотиб оляпмиз. Айтишларича,
ишлаб чиқариш тўхтатилган ва завод ёпилган», – дейди исми Бахтиёр бўлган
дўкондорлардан бири.
«6 минг сўм – ҳали ҳам яхши нарх. Ўйлашимча, Янги йил
арафасида нарх ҳали яна ҳам ошади. Ўтган йили ҳам шундай бўлганди. 31 декабрь
куни 1,5 литрли Coca-Cola’ни 13 минг сўмдан сотганмиз. Айб бизда эмас, биз
ўзимиз улгуржи савдогарлардан ақлбовар қилмас нархда сотиб олганмиз. Эсингизда
бўлса, байрамдан сўнг ҳаммаси жойига тушганди», – дея қўшимча қилади Бахтиёр.
Podrobno.Uz’нинг қайд этишича, Korzinka.Uz, Makro ва
Kontinent супермаркетлари биринчилардан бўлиб Coca-Cola нархини оширишган. Ушбу
ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, муҳокамалар эса, ўз
навбатида, супермаркетлар томонидан «байрамолди акцияси» деб таърифланаётган
ҳолатга сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Интернет-нашрнинг ёзишича, Korzinka.Uz ва Makro
супермаркетлари 1,5 литрли Coca-Cola’га 0,5 литрли Fuse муздек чойини қўшиб
сотишмоқда. «Икки маҳсулот учун нархни оширишга уялмайсан ҳам», – деб ёзади
Podrobno.Uz. Маълум бўлишича, ушбу «ўзига хос совға» учун Korzinka.Uz 7,99 минг
сўм, Makro эса 5,95 минг сўм сўрамоқда. Қайд этиш жоиз, Coca-Cola’нинг
«ака-укалари» – Fanta ва Sprite’нинг нархи қимматлашиб, 6-7 минг сўм атрофида
сотилмоқда.
«Янги йил арафасидаги Coca-Cola билан боғлиқ бундай беҳаловатлилик
ва сунъий юзага келтирилгани очиқ кўриниб турган маҳсулот тақчиллигини кетма-кет
иккинчи йил кузатмоқдамиз. Очиқ кўриниб қолмоқдаки, бундай нархларда савдо шохобчаларининг
айби йўқ – уларнинг бари қўлидан келганича жон сақламоқда. Сотувчиларнинг тахминларига
кщра, бу ҳали ҳаммаси эмас… байрам яқинлашавергани сайин, жаҳондаги энг янги йилбоп
газли ичимлик нархи янада қаттиқроқ қимирлайди», – деб ёзади Podrobno.Uz.