Apple АҚШ ҳудудида Samsung савдосини тақиқлашни талаб қилди
Apple компанияси АҚШ ҳудудида Samsung’нинг смартфон ва
планшетларининг эски моделларини сотишни тақиқлашни яна талаб қилди. Бу ҳақда
Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.
Мобиль қурилмаларнинг худди шу версиялари Apple ва Samsung
ўртасида Калифорнияда бўлган илк патент баҳсига асос бўлганди.
Умумий ҳисобда iPhone смартфонларини ишлаб чиқарувчи
компания Жанубий Корея компаниясининг 20та модели, жумладан, Galaxy S 4G ва
Galaxy Tab 10.1 савдолари тўхтатилишини талаб қилмоқда. 2012 йилда суд
Samsung’нинг ушбу маҳсулотлари Apple’нинг патент ҳуқуқларига даҳл қилиши ҳақида
қарор чиқарган эди.
Apple’дагиларнинг маълум қилишларича, Samsung’нинг эски
моделлари савдосига нисбатан қўйиладиган тақиқ Apple’нинг келажакдаги
манфаатларини ҳимоя қилади ва Samsung томонидан кейинги патент бузилиши
ҳолатлари олдини олади.
Аввалроқ, Samsung Жанубий Корея ҳудудида iPhone ва iPad
савдоларини тақиқлаш бўйича суд маҳкамасида мағлубиятга учрагани маълум
бўлганди.