Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » MAHALLIY HABARLAR (UZB)

Savoblar 700 barobar ortadigan kun

Бутун мусулмон дунёсида, жумладан бизнинг диёримизда ҳам Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда. Асрлар мобайнида бу байрам эзгулик, меҳр-оқибат, поклик айёми сифатида нишонлаб келинади. Қурбон ҳайити кунлари яқинлар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжманд кишиларга мурувват кўрсатиш халқимизнинг эзгу анъаналаридан саналади.

“Ўнг қўлинг қилган ишни чап қўлинг билмасин”

Динимизнинг муқаддас манбаларида нафақат ана шундай байрам кунларида, балки ҳар доим муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, яхшилик, хайр-саховат сингари эзгу амалларни кўпайтиришга даъват этилади.

Қурбон ҳайити кунларида қурбонлик қилиниши замирида ҳам аввало иймон-эътиқод синови, қолаверса, инсонийлик, меҳр-мурувват ётади. Чунки, шу кунларда қурбонлик қилинган жонлиқларнинг эти асосан кам таъминланган оилаларга, етим-есирларга тарқатилади. Динимизда ўзига тўқ, мол-давлати етарли бўлган ҳар бир мусулмон учун қурбонлик қилиш буюрилади. Имкони бўла туриб, бу амалдан бўйин товлаганлар гуноҳкор бўладилар.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, динимизда хасислик, оқибатсизлик қанчалик қораланса, исрофгарчилик, одамларга кўз-кўз қилиш учун қилинган хайр-эҳсон, риёкорлик ҳам қатъий тақиқланади. Муқаддас ҳадисларимизда “ўнг қўлинг қилган ишни чап қўлинг билмасин” дея марҳамат қилинган.

Ҳазрат Навоий ҳам “Ҳайрат ул-аброр”достонида ёзадилар:

Сочмоқ овуч бирла гуҳар от учун,
Нақд этак бирла мубоҳот учун.
Ақл ҳисобидин эрур кўп йироқ,
Бухл бу жудингдир эрур яхшироқ.

Демак, исрофгарчилик, риёкорлик, кибру ҳаво учун қилинган эҳсон хасисликдан ҳам ёмонроқ иллат экан. Афсуски, орадан асрлар ўтса-да, бу иллат батамом йўқолиб кетмаган. Ҳукуматимиз томонидан бир қатор чоралар кўрилаётганига қарамай, тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик ҳолатлари йўқолиб кетмаяпти.

Риёдан узоқ бўлайлик

Бугун қай бир маҳалла ё қишлоққа кириб борманг, албатта, бирор тўйнинг устидан чиқасиз. Бир пайтлар тўйлар асосан, ҳовлиларда бўларди. Эндиликда ҳар бир туман ё шаҳарда бир-биридан шинам тўйхоналар қуриляпти. Албатта бу юртимиздаги ободлик, фаровонлик нишонаси. Аммо, ана шундай тўйхоналарда ўтаётган тўй-ҳашамлардаги ортиқча дабдаба кишини ўйга толдиради.

Баъзи тўйларга бориб, у ердаги тўкин-сочинликдан ҳайратга тушасиз. Эл таниган хонандалар бири олиб, бири қўйиб куйлайди. Келин-куёв қимматбаҳо хориж машиналари карвонида дабдаба билан тўйга кириб келишади. Тўйдан ташқари, сарпою сурувлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади...

Албатта бундай тўйлар бор борича, йўқ ҳолича қилинса-ку майли. Ўзига тўқ хонадонларга ҳавас қилиб, тўйни бекаму кўст ўтказиш илинжида қарз ботқоғига ботиб чиқаётганлар ҳам кўп.

Шу ўринда бир воқеани сўзлаб берай. Бир танишим бор. Ўртамиёна кун кўради. Амакиси эса, каттакон тадбиркор, икки-учталаб корхонаси бор. Синфдошим унинг корхонасида оддий ишчи. Арзимас маош олади. Ака-укалари билан ториган ҳовлида сиқилиб қолишган.

Синфдошимнинг амакиси яқинда тўй қилди. Тўйга ўнлаб машҳур санъаткорлар боришди. Ҳисоблаб кўрилса, биргина санъаткорлар учун сарфланган пулнинг ўзига бундайроқ уй қурса бўларкан. Ўша бадавлат амаки тўй харажатларини сал қисқартириб, ўз жиянининг уй қурилиша кўмаклашса бўлмасмиди?

Бундай мисолларга кўп. Яқинда пойтахт маҳалларидан бирига бориб қолдим. Қатор саф тортган ҳашаматли уйларни кўриб, бу ерда асосан бой оилалар яшашини тушундим. Уйларнинг нақшу нигоридан кўз қамашади. Худди атайин уй қуриш учун мусобақа ташкил қилингандек. Бироқ, кўчанинг аҳволига қараб бўлмайди. Наҳотки бу ўйдим-чуқур йўл “Бойгузар” аҳлининг ҳеч бирини ўйлантирмаган бўлса? Бундай ҳашаматли уй қурган одамлар учун эллик метрлик кўчага асфальт ётқизиш унчалик оғирлик қилмас?

Худди шу маҳалладанинг бир четидаги ғарибгина кулба ҳам эътиборимни тортди. Эшитишимча, бу уйда бир чол-кампир туришаркан. Уларнинг кулбаси худди зар чопонга тушган ямоқни эслатади. Бадавлат қўшнилар шу омонатгина уй олдидан кунда неча маротаба ўтишаркин? Лоақал савоб учун шу нураган уйни таъмирлаш наҳот ҳеч кимнинг хаёлига келмади экан?

Бойлик ҳам инсон учун бир имтиҳон. Афсуски, бу имтиҳондан ҳамма бирдек омадли ўтолмайди. Кимдир бойликни хайрли ишларни кўпроқ қилиш учун берилган имкон деб билса, яна кимдир дабдабали ҳаёт кечириш ва бошқаларга ўзини кўз-кўз қилиш учун қулай имконият дея қабул қилади. Афсуски, кейинги тоифадагилар кўпчиликни ташкил этади. 

Саволларга жавоб излаб...
Албатта, хорижнинг энг кўркам ва шинам машинада юришингизнинг ёмон томони йўқ. Аммо, ана шу машинада бир марта бўлсин бемор қўшнингизни шифохонага олиб бордингизми? Шоҳона тўй қилдингизми, омадингизни берсин. Аммо, шу тўйда маҳаллангиздаги энг фақир одамни ҳам айтиш эсингиздан чиқмадими? Тўйга фалон минг доллар сарфлаб пистончи “юлдуз” хонандани чақирдингизми, қандингизни уринг. Бироқ, қизининг шартнома пулини тўлолмай боши қотиб турган яқин дўстингиз ҳақида ҳам бирров ўйлаб кўрдингизми?

Балки бу саволлар кимнингдир энсасини қотираётгандир. Аммо, бу саволларни тез-тез ўзимизга, ён-атрофимиздагиларга бериб турсак ёмон бўлмасди.

Қурбон ҳайити меҳр оқибат айёми дедик. Ҳайит намози ўқилгач, кўпгина хонадонларда қурбонлик қилинади. Кўп ўтмай, муқаддас Ҳаж зиёратидан қайтган отахону онахонларимиз шарафига “ҳаж тўйлари” ўтказилади. Албатта, бундай маросимлар, хайр-эҳсонларнинг хосияти бисёр. Аммо, бундай маросимлар риёкорликдлан холи, сарф-харажатлар ҳам меъёрида бўлмоғи лозим.

Халқимиз қутлуғ айёмига пешвоз чиқаётган айни кунларда ҳар бир амалимиз эзгуликка хизмат қилсин. Бағрикенглик, поклик ва меҳру мурувват айёми бўлган Ийд ал-адҳа – Қурбон ҳайити муборак бўлсин, азизлар!

Islom.uz, muslim.uz darakchi.uz сайтлари материаллари асосида тайёрланди.


Категория: MAHALLIY HABARLAR (UZB)
Просмотров: 5515 | Комментарии: 2 | Рейтинг: 1| Рейтинг: Қурбон ҳайити
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 2
Mikki Xech kimni xech qachon urtasidan mehr oqibat yaxwilik eng asosiysi iymon va insofi kutarilmasin.
Like | 0
Damir_95_ Oxxo
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 17:13
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное