AQSh dunyo bo‘ylab viza berishni vaqtincha to‘xtatdi
АҚШ давлат департаменти консуллик ишлари бўйича бюросининг паспорт ва виза тизимида техник муаммолар кузатилганлиги сабабли бутун дунё бўйлаб виза беришни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Айни пайтда АҚШ давлат департаменти консуллик ишлари бюросининг паспорт ва визалар тизимида техник муаммолар кузатилмоқда. Мазкур муаммо бутун дунё бўйлаб кузатилиб, айни бир давлат ёки фуқаролик хужжати ёхуд виза тоифасига тааллуқли эмас. Мазкур муаммо туфайли ўз паспортларини, чет элда туғилганлик ҳақидаги консуллик ҳисоботини ёки ВИЗАЛАРИНИ ўз вақтида ола олмаётган мурожаат этувчилардан узр сўраймиз. Ҳозирда вужудга келган муаммони ҳал қилиш устида иш олиб бормоқдамиз ва тизим тез орада қайта иш ҳолатига қайтишини кутмоқдамиз”,-дейилади элчихона хабарида.
“Консуллик бўлими визангиз тайёрлиги ҳақида хабардор қилиш учун сиз билан DS-160 анкетангизда кўрсатилган телефон рақамингиз ёки электрон почта манзилингиз орқали боғланади. Афсуски, шу техник муаммо туфайли визаларни чоп этиш жараёнини тезлаштиришимизнинг мутлақо имкони йўқ ва визалар тайёр бўлиш санаси ҳақида маълумот бера олмаймиз. Сабрингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз”,-дейилган элчихона томонидан қолдирилган эълонда.