Меню
Поиск
Фотоалбом
Сундтреки
. Vorislar - Serendipity (serial korea)
. Ishdagi Ishq - Моей душе покоя нет
. Gulperi - Soundtreck music (Turk serial)
. Yoz Ifori - Soundtreck
. Kuz ertagi-soundtreck 2
. Saroy Javohiri-Soundtreck6
. Ko'sem - Safiye nin cenazi (Turk serial)
. Efir Sirlari - Soundtrack 4
. Sevgi Iztirobi - Silinmi Hatralar
. Osiyo-Soundtreck
. Ishq Ertagi - Title sound
. Lola - NEGA [soundtreck JODUGAR]
. Великолепный Век-Soundtreck (of Rada Ray)
. Saroy Javohiri - Soundtreck
. Qirolicha - Soundtreck (Mishel xonim)
Главная » Файлы » SHOU-BIZNES HABARLARI

ZUHRA SOLIYEVA TEATRDAN NEGA KETDI?

У телеэкранларга чиққанида беихтиёр юзингизга табассум югуради... Чунки у ўзига ишониб топширилган образ ҳарактерини ўзига хос мимикалари, бетакрор овози ва шўх-шаддод кулгулари билан тўлиқ очиб бера олади.  Ўз ўрнида айтиш жоизки, бундай илоҳий қобилият ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.   Шундай экан, айни кунда мухлислар тилида "Комедия қироличаси” дея эътироф этилаётган актриса  Зухра Солиевани ҳам бемалол  ана шундай илоҳий қобилият эгаси дея айта оламиз...  

—    Бирин-кетин суратга олиш ишлари, янги-янги фильмларга таклифлар...  Бу 2011 йил сизнинг йилингиз бўлди шекилли?

—    Роса, айтманг. "Диққат шаҳарда севишганлар”,  "Ҳай ҳай болакай”, "Висол”, режиссёр Зебо Наврўзованинг ҳозирча номи сир тутилаётган фильмида ҳам суратга тушдим. Мен Нозим Тўлахўжаевнинг  фильмида биринчи марта суратга тушдим.   "Висол” Нозим Тўлахўжаевнинг фильми.   Улар жуда ҳам профессионал ёндошар экан суратга олиш жараёнида. Шу фильмга таклиф қилиб, у  менга – Сен Ўзбекистонда биттасан, деганида жуда ҳам хурсанд бўлдим. "Болакай” фильмида бухоролик хола, "Висол”да Мурод Ражабовни рашк қиладиган рашкчи хотин ролини ўйнадим. Шохруххон билан эса бир ишхонада ишлайдиган, эри иккита боласи билан ташлаб кетган, раҳмдил, сал нарсага ваҳима қиладиган аёл ролини ижро этдим.

—    Ўйнаган ролларингиз орасида сизнинг ички дунёингизга мос ҳарактердаги қаҳрамон ҳам бўлдими...

—    Ўзимни кўпроқ ички дунёимни очадиган рол деб айта олмайману, лекин соддалиги, раҳмдиллиги, кўнгилчанлиги билан менга ўхшайдиган ролим бу Шохруххон билан суратга тушган фильм бўлди. Менга кўпчилик феъл-атворингиздаги ютуғингиз, камчилигингиз нима деб савол беришса, кўнгилчанлигим дейман. Чунки мана шу феъл-атворим учун баъзида ютуққа эришаман. Ёки аксинча, кўп бора дилимни оғритишади.   

—    Зухра опа, театр актрисаси учун саҳнасиз яшаш қийин. Театрни соғинмадингизми?  

—    Ўзи аслида ўзим билмай қолдим театрдан қандай кетиб қолганимни, тўғриси (жилмайиб). Ишларим кўпайиб кетди. Лекин барибир саҳнани соғиндим. Худо хоҳласа, албатта, бошимни баланд кўтариб яна қайтаман у ерга. Чунки мен театр актрисасиман.

—    Ҳар бир кўзга кўринган санъаткорнинг албатта рақобатдошлари бўлиши табиий...

—    Саҳнадан ҳам, экрандан ҳам, рақобатдан ҳам қўрқмайман. Ҳамиша олдинга интиламан ва шундай бўлиб қолади. Бир нечта театрлардан таклифлар тушди. Жон деб мени қабул қилишмоқчи эди, бормадим. Сабаби, мен шу театрда ўзимни кашф қилдимми, шу театр саҳнасида яшашим керак. Қолаверса, ҳозир театрда ишламаётганлигим бир томондан кинода суратга тушишим учун ҳам кўпроқ имконият туғдиряпти.  Бирин кетин режиссёрлардан таклифлар тушиб турибди.

—    Анча ўзгарибсиз, ҳаётга бўлган қарашингиз ҳам. Ҳозир қаршимда кучли, матонатли, иродали бир аёлни кўряпман...

—    Бу санъат майдонида албатта, рақобат деган нарса бўлади. Ҳаётнинг ўзи саҳна-ку бундай олиб қараганда, тўғрими? Лекин ҳеч ким мени синдира олмайди. Майли ҳозир давлат иши  бўлмаса-да, лекин барибир ўзим севган соҳам бўйича ишлаб юрибман. Мен  учун энг яхши унвон ҳам, энг яхши театр ҳам халқ эътибори. Мен бу нарсани ҳеч қайси унвонга алишмайман. Мен амин бўлдимки, шунчаки танилиш бошқа, сени халқ яхши кўрса бошқа нарса экан. Яқинда Ойбарчин Бакирова билан Андижонга борганимда ҳам улар мени халқ хурсанд бўлиб кутиб олганини кўриб, худди шунақа дедилар. — Сен Ўзбекистонда биттасан. Бутун халқ севадиган актриса бўлиш ҳаммага эмас дедилар.

—     Йиғлатиш осону, кулдириш қийин. Экранларда шўх шаддод кўринган Зуҳра Солиеванинг аслида кўнгли ўксик, юрагида шунча дарди бор экан...

—    Эҳ синглим, ичида дарди кўп актёр, актрисалар комедияли бўлишади. (Юрагидаги ўша дард, кўзларида ёш билан юзига шўх табассум югуради). Ўзи мен ҳаёда кўп йиғлаганман.  Кўп дилимни оғритиб, камситишган.  — Сен Худо урган бандасан, хунуксан. Бу гапларни  кулиб ҳазилга йўйганим билан дилим қаттиқ оғрирди. Худони ишини қаранг, ҳозир бутун халқ мени  ҳурмат қилиб, кўрганида хурсанд бўлиб кетганини кўрганимда буларнинг   ҳаммасини  қийналганларимнинг меваси деб биламан. Ҳатто ўзбек фильмлари рус тилига таржима қилинганидан кейин Россиялик мухлисларим менга интернет орқали нима дейишганини биласизми ?  — Биз сизни Ўзбекистонда "Оскар” ташкил этилишини ва бу мукофотни биринчи бўлиб сиз олишингизни хоҳлар эдик, дейишди. Жуда хурсанд бўлдим, Худога шукур. Мен мухлисларим билса бўлади. Мен бахтли бўламан Худо хоҳласа. Худо Хоҳламаса туғилармидим (шўх кулади).

—    Ҳаёт қийинчиликлари, кутилмаган ноқулай вазиятлардан ўзингизни қандай олиб чиқиб кета олдингиз?

—    Ўз устимда ишладим. Психологияни, ҳадисларни ўқиб ўргандим. Йиғлаб юрганингиз билан фойдаси йўқ. Ўзимга бўлган ишончни шакллантирдим. Биласизми, психология динимиз билан бир хил нарса.  Динимизда оғзингдан фақат хайрли гап чиқсин, фаришталар омин дейди дейилади. Психология эса оғзингдан нима гап чиқса ўша ҳаракатга келади дейилади. Аслида психологиядаги ҳамма ёзилган нарсалар муқаддас  қуръони карим китобидан  олинган.  Шунчаки биз етмиш йил комунизмда яшаб, бу нарса ўша пайтларда тарғиб қилинмаган халос.

—    Қачондир театрга қайтмоқчисиз. Лекин қачон? Бу муддатгача узоқ вақт йўқотмасмикансиз?

—    Унгача мен янада кўпроқ тажрибамни тўплаб, малакамни ошириб қайтган бўламан. Чунки мен энди аввалги Зуҳра Солиева эмасман. Худди сизга ўхшаб кўпчилик айтяпти бу нарсани. 26 ёшда талаба, 32 ёшда дипломли бўлдим. 35 ёшимда элга танилдим. Майли, ҳечдан кўра кеч. Қачон театрга қайтганимда ҳам ёшми, қарими, барибир менга берилган ўша ролларни ўйнай оламан.

—    Айримларни халқ  фақат бир томонлама, комедия ёки драма актрисаси сифатида таниб келади...  Шунингдек, сизни ҳам. Кулиб тургани билан унда, юрагингизда шунча дард бор. Дард эса кўпроқ драматик ролларнинг муваффақиятли чиқишига ёрдам бўлади. Буни эса режиссёрларимиз ўз ўрнида пайқашлари керак. Ёки сиз нима, драматик ролларни ўйнай олмайсизми?

—    Актёр кўпқиррали бўлиб, у ҳар бир ролини қойилмақом қилиб очиб бера олиши керак. Масалан мен олган таълимимга, ўз маҳортимга ишонаман. Менга режиссёрлар ўша драматик ролларни беришса ҳам бемалол ўйнаб бера оламан. Трагедияли ролларни шунақа ўйнаб бераманки, ҳеч ким мени комедияда ўйнаганимга ишонмайди. Мақтаниш эмас, мисол тариқасида айтяпман.  Ҳеч Россия фильмларидаги актёрларни кузатасизми?   Улар  ҳар хил образда, жанрларда намоён бўлишади. Бир томонлама танилган актёр ёки актрисани режиссёр бошқа томонлама кашф этишга ҳаракат қилади. Бизни режиссёрларимиз эса битта нарсани уддаласангиз ўшанга чақираверади, чақираверади(кулиб). Режиссёрларимиз дангаса, изланишни, ишлашни хоҳлашмайди.  Ўзингиз ўйланг,  комедия актрисасини драматик қирраларини очиб бера олса, ўзига ҳам "пльюс” бўладику, тўғрими?  Масалан,  Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддиновга ўхшаган режиссёрлар мени ҳеч қачон фильмига чақирмайди. Чунки улар мени фақат кассабоп фильмларда ўйнайди, деб ўйлашади. Аслида-чи,  улар адашади. 

Улар фильмларига фақат бир хил  актёрларни олишади. Тўғри, уларнинг режиссёрлик ишларига гап бўлиши мумкинмас. Мен уларни айбламоқчимасман. Яна бир бошқа муаммоли масала мени доим ўйлантиради. Ўйлаб кўринг, нимага эски киноларимизни кўрамиз? Чунки ўша пайтдаги фильмларда ҳеч қанақа шева ишлатилмаган, "Вотти-вотти”, "ўшатда” эмас, мен, сен деб гапирган. Биласизми нега? Чунки у фильмларда шунчаки кўчадан —Ассалому алейкум деб ўтиб кетган актёр ҳам профессионал бўлган. Шу сабабли бу эски фильмлар ҳалигача бизга қадрдон. Бизда эса ҳозир —Тайёр нарса бор, мана шунча пул тикилади. Олсак, мана шунча қолади. Мана буни чақирсак, арзон тушиб беради. Мана бу бепул тушади, дейдиган бўлиб қолишди-ку. Шуни айтмоқчиманки, иш бошлаб, олдиндан чўнтагингни ўйладингми, билки бу иш хайрли бўлмайди. Чунки ҳамма режиссёрлар ҳам унақамас. Мен ишонаманки, ҳали кино соҳасида катта ютуқларга эришамиз. Аста-секинлик билан ҳаммаси яхши бўлади. Ахир гуруч курмаксиз бўлмайди-ку, тўғрими?

—    Қараб турсам, бир томондан ҳинд актрисаси Прити Зинтага ўхшаб кетасизми-ей?

—    Йўғ-е (Кулиб). Тошкент телеканалида "Салом Тошкент” дастурида меҳмон бўлдим, интервью бердим. Ўшанда менга бир оператор бола Прити Зинтага ўхшаркансиз дейди. Сиз менга "Однаклассники” (Синфдошлар) саҳифасида шунақа деб ёзган эдингиз, жуда хурсанд бўлувдим, эсингиздами(кулиб)?   — Ие, иккинчи одам айтяпти бу гапни дедим кейин унга ҳам.

—    Нега шахсий ҳаётингиз ҳақида ўйламаяпсиз.  Шу пайтгача албатта, таклифлар тушаётганлиги  табиий. Ёки сизнинг шаддод ролларингизни кўриб йигитлар қўрқишяптими?

—    (Хандон отиб кулади). Энди энди таклифлар бўляпти. Совчилар билан ўзим телефонда гаплашяпман. Ўзи қанақа экан деб сўрайман, —Яхшигина дейишди. Бўйи қанақа экан, деб сўрасам, сиз қанақа бўлишини хоҳлайсиз дейишди. Мен эса —Э калми, кўсами, семизми, ориқми, қорами тракторчими, директорми, ёнимда мард эркак бўлсин дедим. Чиройли эркакка тегсангизу, эрингиз мард бўлмаса сиздан бахтсиз аёл бўлмаса керак деб ўйлайман. Аёл киши қулоғи билан севади дейишади. Йўқ, аёл киши қалби билан севади. Аёлнинг қалбини яхши кўриш керак, ўзинимас. Энг нозик томони унинг қалби. Гапирмай туриб, қалбидан билиши керак, унинг нима истаётганини эркак дегани. Ўшанда у бахтли бўлади. Мендан интервьюларда — Актриса бўлмаганингизда қайси кабсни танлаган бўлардингиз деб сўрашганида мен — Шифокор бўлар эдим дею жавоб бераман. Шифокор бўлганимда ҳам қалбларни даволовчи шифокор бўлардим дейман.  Чунки инсоннинг қалби оғрисагина унинг танаси азоб ейди.

—    Аслида яраланган қалбларнинг тажрибали шифокори Аллоҳ эмасми? Уни оддий  шифокор даволай олармикан?

—    (Ўйланиб)... Тўғри, унинг шифокори Худо. Лекин бу нарса кўп қалби яраланган беморларга етиб бормайди-да. Етиб борсаям сабр тоқати етмайди. Шунинг учун шифокор бўлсаму, мени олдимга беморлар келса, мен уларга —Ўзингизни ўзингиз яхши кўринг, ҳурмат қилинг деб маслаҳат берар эдим.






Категория: SHOU-BIZNES HABARLARI
Просмотров: 5293 | Рейтинг: 0| Рейтинг: TEATRDAN, ZUHRA SOLIYEVA, Nega, KETDI
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 06:46
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное