Мухлисларимизнинг
таклифларига кўра, сайтимизда анча шов-шувга сабаб бўлган "Бахс” саҳифасини давом эттиришни мақсад
қилдик. Телефон
қўнғироқлари, мактублар ва интернетдаги электрон манзилимизга келган хатларга асосланган ҳолда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Дилором Омонуллаева, шоира, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фарида Афрўз ҳамда "Уммон” гуруҳи йигитларини "Бугунги ёшлар мусиқаси ва қўшиқ
куйлаш” санъати мавзуси юзасидан баҳсга чорладик. Вақтни ёш бўлишларига қарамай
"Уммон” гуруҳи йигитлари белгилашди. Меҳмонларимиз Фарида Афрўз ҳамда Дилором Омонуллаева айтилган вақтда таҳририятимизга ташриф буюришди. Афсуски,
"Уммон” гуруҳининг маъмури қўнғироқ қилиб йигитлар узрли сабабларга кўра кела олмасликларини маълум қилди. Начора, гарчи меҳмонларимиз йигитларнинг бу қилиғидан норози бўлсалар-да, суҳбат чоғида буни сездиришмади...
—
Сўнгги пайтларда қўшиқ айтиш ёшлар орасида гўёки урфга айланиб бораётгандек... Гуруҳлар ҳам борган сари кўпаймоқда. Профессионал ижодкор сифатида сиз бунга қандай қарайсиз?
Фарида
Афрўз: —Санъатни урф даражасига олиб келиб бўлмайди. Санъат илоҳий нарса-ку! Халқимизда "Туғма бўлмаса, қуйма бўлмайди”, деган гап бор. Агар санъати юрагидан
вулқон каби отилиб чиқиб, қайнаб турмас экан, барча уринишлари бесамар кетади.
Дилором
Омонуллаева: — Ҳозир "Уммон” гуруҳининг қўшиғини эшитиб кўрдик. Тўғри, буларнинг ижодини ҳам тушунса бўлади. Боиси, мактаб ўқувчиларининг дунёқарашидан келиб чиқиб бир нарсалар қилишга уринишяпти. Бироқ буни ҳақиқий санъат деб бўлмайди.
Фарида
Афрўз: — Дилоромхон, "Мактаб болаларининг дунёқарашидан келиб чиқиб” дейсиз-у, лекин бугун мактаб болалари ҳам нимани эшитиш ёки эшитмасликни яхши билади. Мисол учун, 12 ёшли набирам менга қўшилиб катта санъаткорларимизнинг қўшиқларини тинглаб ўтиради. Назаримда, ҳаммаси оиладаги тарбияга боғлиқ...
—
Санъаткор деганда киши кўз ўнгида юксак маданиятли, эл ичида ўз ўрнига, мавқеига эга бўлган, зиёли ва, албатта, қайси даврада қандай қўшиқ куйлашни биладиган киши гавдаланади.
Дилором
Омонуллаева: — Бугун ҳам устоз санъаткорларнинг йўлидан кетаётган, санъатнинг барча икир-чикирларини ўрганиб, профессионал ижодкор даражасига етишаман деган ёшларимиз ҳам йўқ эмас. Бироқ, юқоридаги каби айтган қўшиғида маъно-мазмун йўқ бўлган "хонанда”ларимиз
уларнинг фикрини ҳам иккилантириб қўйяпти. Бундан бир неча йил муқаддам "Гуруч
курмаксиз бўлмайди-да!”, деб, буларнинг барчасига кўз юмардик. Бугун-чи, бугун улар ёшларнинг онгини заҳарлаяпти. Уларнинг қўшиқлари ёшларнинг қўлига етиб боришига йўл қўйяпти? Ким буларни тарғибот-ташвиқот қиляпти? Буларнинг дарди фақатгина бугунги куни билан
яшаб, пул ишлаш бўлиб қолди, холос.
Фарида
Афрўз:
— Бизнинг миллатда ҳеч қачон санъатга моддий бойлик орттирадиган восита
сифатида қаралмаган.
Дилором Омонуллаева: — Фаридахон, сиз шоирасиз. Ўзингиз ўйланг, уларнинг қўшиқларини тинглаб турган одам "Шеърини қара, айтган қўшиғини қара, шуларга яхши шеър
ёзиб берадиган шоир йўқ эканми?” демайдими?! Ёки "Мусиқасини ким ёзган
экан-а?!”, деб ланъатламайдими?. Бу масалага жиддий қараш фурсати келди.
Фарида
Афрўз:
— Тўғри айтасиз, матн билан шеърнинг фарқи йўқ. Биласизми, мен нимага куюнаман? Биз-ку, шеър нималигини, асл санъат қандай бўлишини биляпмиз. Аммо, фарзандларимиз-чи? Улар шу кетишда шеър билан матнни, асл мусиқа билан
компютердаги диско-мусиқаларнинг фарқига бормай қолишмаса эди, деб қўрқаман.
Дилором Омонуллаева: — Куни кеча "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг йиғилишида
қатнашдим. Йиғилишда 3500 нафар хонандага лицензия берилганини айтишди. Тавба, наҳотки, бизда 3500 профессионал хонанда бўлса? Бу нарсалар асрлар оша ривожланиб келган санъатимиз таназзулга юз тутишига сабаб бўлмайдими?
—
Қўшиқларнинг маъно-мазмуни йўқолиб бораётганида катталарнинг ҳам, шоир-у бастакорларимизнинг ҳам айблари бор.
Фарида
Афрўз:
— Ёшлар биздан маслаҳат сўрамаса, "Нега мендан йўл-йўриқ сўрамаяпсан?” деб
ўзим бормайман-ку! Масалан, шу муаммони жиддий қабул қилганим учун ўзимнинг шахсий овоз ёзиш студиямда бирорта номақбул ёки муаллифи йўқ, миллий қадриятларимизга зид
бўлган сўзлар ишлатилган шеърга қўшиқ ёзилмайди. Агар санъатга алоқадор ҳамма инсонлар бир ёқадан бош чиқарса, буларнинг бари ижобий ҳал бўларди.
Дилором Омонуллаева: — Ҳозирги айтаётганларимизнинг кўпчилиги "юлдузлик” касалига чалиниб бўлишган. Мана, яққол мисол: биздан қўрқибми, билмадим, бугунги учрашувга ҳам келишмади. Агар бизни, қарсак чалаётган мухлисларини бироз ҳурмат қилишганда келишган бўларди. Бири, "Аха-ўхў” деб оламга жар солса, бири
йигит киши бўлишига қарамай, йиғлаб, севгилиси ьҳақида қўшиқ куйласа, ахир бу санъатми? Бу мен учун эчки ўйинидан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, мен бу гуруҳларнинг, йигит-қизларимизнинг қўшиқларини пул тўласа ҳам бориб эшитмайман. Текинга чипта берса-да, концертига тушмайман.
Фарида
Афрўз:
— Яқинда Мавлуда Асалхўжаева ижодхонамга келганди. "Фарида опа бир шеър
ўқиб беринг”, деб қолди. "О, болам, онанг қарияпти, Хушёр бўлгин, тайёр тур”,
деб шеър ўқиганимни биламан, Мавлуда хўнграб йиғлаб юбориб, "Шу шеърингизни
қўшиқ қиламан”, деб туриб олди.
Дилором Омонуллаева: — Киши бир қўшиқни тинглаганда, унинг кўз ўнгида бутун бир умр гавдаланиши керак. Бироқ, ҳозирги қўшиқларда буни пайқамайсиз.
—
"Санъатга киришга ҳамманинг ҳаққи бор”, деган фикрни кўп эшитиб қоламиз. Гарчи шундай бўлса-да, унинг қонун-қоидаларига риоя қилиш керак назаримизда?
Дилором Омонуллаева: — Кечирасиз-у, мен фикрингизга қўшилмайман. Нима учун тиббиётга ҳамма ҳам киравермайди? Чунки бир беморнинг тақдири ўша шифокорнинг қўлида бўлади. Санъат ҳам шунга ўхшаш. Шифокор бир беморнигнг ҳаётига даҳлдор бўлса, санъаткор минглаб кишилар ҳаётини, онгини, дунёқарашини ўзгартириб юборишга ҳақли. Наҳот, ўша санъатнинг "с” ҳарфини билмайдиган, фақат пулнинг
ортидан маълум мавқега эришган йигит-қизларимиз бунинг бари сароблигини, бемаза қўшиқлари билан омма онгини заҳарлаётганликларини тушуниб етишмаса?.. Ҳатто, телевидение, радиоларнинг бадиий кенгашлари ҳам олиб келинган санъат асарига бармоқ орасидан қарамай, холисона баҳо берсин. Ахир телевидение истаган киши
қўшиқ олиб келиб, намойиш қиладиган маскан эмас-ку!
Фарида
Афрўз:
— Дилором опа, биласизми, баъзан уларни ҳам тушунса бўлар... Ахир ўзимиз ҳам ёш бўлганмиз-ку, дейман. Лекин биз катталарнинг айтганидан чиқмасдик. Ҳайрон бўладиганим, нега ота-оналар фарзандларининг қўл телефонини назорат қилиб, боласи қандай видеоклиплар кўраётганидан, қандай қўшиқлар тинглаётганидан бохабар бўлиб туришмайди?. Яқинда 8 март
— Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан "Туркистон” саройида бўлиб
ўтган байрам тадбирига ташриф буюрдим. Навбат "Уммон” гуруҳига берилди.
Тўғриси, ўша дамда шоира эканимдан уялиб кетдим. Қўшиқ сўзларини бир эшитиб кўринг-да: "Ўраволаман, сўраволаман. Ишқимда ҳали зор бўласан!”. Биласизми, мазза
қилиб ош еб турганингизда орасидан тош чиқиб кўнглингизни хижил қилади-ку, ана ўшандай аҳволга тушдим. Атрофдан эса "Шу ҳам чиқибди-да!”, "Тезроқ ўтиб
кетақолсин” деган гапларни эшитдим.
—
Лекин ёшлар орасида яхши ижодкорлар ҳам йўқ эмас, назаримизда.
Дилором
Омонуллаева: — Албатта, улар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Тан олиш керак, Жаҳонгир Отажонов, Гулсанам Мамазоитова, Зиёда, Мадина Мумтоз, Дилноза Исмияминова, Лола Аҳмедовалар, Жасур Мирсагатов, Эътибор Отажоновалар жонли ижрода куйлай оладиган, ўз йўналишига эга бўлган санъаткорлардан.
Фарида
Афрўз:
— Жонли ижро ҳақида яхши эслатдингиз. Хўп майли, ўша йигитларимизнинг иқтидор бор ҳам дейлик, қани, бир жонли ижрода қўшиқ айтиб кўришсин? Тошкентда фонограммани қўйиб, оғзини қимиралатиб турса ҳам қарсак чалишаётгандир? Бироқ Водий томонларга бориб, Марғилонда би-и-и-р концерт бериб кўришсин. Санъатни
тушунган одам ё олма, ё картошка отмаса, мен кафил! (кулги кўтарилди).
—
Фарида опа, мана ўзингизга бир нечта қўшиқларни эшиттирдик. Хўш, уларнинг шеърлари ҳақида фикрингиз қандай?
Фарида
Афрўз:
— Шеър дейсизми? Тўғрисини айтсам мен эшитганларимни ҳатто матн дейишга ҳам уяламан. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишимиз керак. Бу гуруҳларнинг номларига бир аҳамият бериб қаранг-а! Бириники "Уммон”, яна бириники
"Беном”, ҳатто, "Манго” деган гуруҳ ҳам бор. Шундан бошқа чиройли номлар йўқми? Якзон
деган шоир ҳам бор экан. Шунинг ўрнига ўз исми билан чиқса бўлмайдими?
Дилором Омонуллаева: — Яна бир бор айтаман, ким уларнинг қўшиқларини оммага тарқатяпти? Ким уларни катта байрамларга олиб чиқяпти? Катта байрамларга чиқдими, демак, улар миллий санъатимизга "керак” экан. Нима учун бу нарсаларга мен ёки
Фарида Афрўз жавоб бериши керак? Муаммони ҳал қиламиз деганда, бугунгидек, ҳамманинг тўсатдан иши чиқиб қолади. Энг қизиғи, ҳатто чет элдагилар ҳам буларнинг ижодини санъат демайди.
Фарида
Афрўз:
— Қиёфаларини, саҳнада ўзини тутишларини-ку, айтмаса ҳам бўлади.
—
Гуруч курмаксиз бўлмайди, дейишади. Вақти келиб балки ҳаммаси изига тушиб кетар.
Муҳими, ўша ёшлар бекор юришмаяпти-ку?!
Дилором Омонуллаева: — Бекор юрмаяпти, дегани хушига келганини қилиши мумкин
дегани эмас.
Фарида
Афрўз:
— Бу йигитларнинг ўзлари ёнимизга келадими ёки кимдир бизнинг фикримизга қарши чиқадими, бундан қатъи назар биз ўз фикримизда қоламиз. Санъатни
булғашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
Суҳбатимиз деярли икки соатча давом этди. Бироқ "Уммон” гуруҳи йигитларидан дарак бўлавермагач, бахсимизни якунлашга қарор қилдик. Эътиборингизга эса суҳбатнинг энг сара жойларинигина ҳавола этдик. Хулоса ўзингиздан.