"Уммон” йигитларининг гуруҳ тузиб шу ном остида ижод қилишаётганлигига беш йил тўлган бўлса, охирги пайтларда улар куйлаган қўшиқлар тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди. Сабаби, улар шоу бизнес оламига янги йўналиш билан кириб келишди. Лекин шунга қарамай "Уммон”нинг ижоди ва фаолияти борасида тингловчилар ҳар хил фикрда. Шу асосида бу галги саҳифамиз меҳмонлари билан бўлган суҳбатимиз сизларни ҳам бефарқ қолдирмаса керак деб ўйлаймиз.
— Мана, ёш бўлишингизга қарамасдан вилоятлар бўйлаб гастрол сафари уюштиришга ҳам улгурдингиз. Вилоятли тингловчилар сизларни қандай қабул қилишяпди. Таассуротларингиз ҳақида икки оғиз...
— Албатта, яхши қабул қилишяпди. Концерт кўнглимиздагидан ҳам ортиқроқ файзли ўтяпди. Ноябр ойининг бошидан гатрол сафарини бошлаган бўлсак, охиригача давом этадиган бўлди. Бундан ташқари гастрол давомида иккита янги ашуламиз устида ишлашга ҳам улгуряпмиз. Иккиси ҳам сокин тароналар. Мавзуси албатта севги ҳақида. Худо хоҳласа, ўн еттинчи декабр куни мухлисларимиз учун ижодий учрашув уюштиряпмиз. Ижодий учрашувимизда оддий мухлислардан тортиб, профессионал мусиқашуносларгача иштирок этишади.
— Ижодингизни бошлаганингизга ҳали кўп бўлмай, тез мухлислар назарига тушдингиз. Бунинг боиси нимада деб ўйлайсизлар?
Шохрух: (гуруҳ аъзоси)
— "Уммон” ўз кучи билан кўтарилди десам хато бўлмайди. Биласизми, биз ижодимизни бошлаганимизда ҳатто ўзимиз ҳам ҳозирги даражага эришамиз деб умуман ўйламаганмиз. Кўпчилик бизни тез танилишди деб ўйлашади. Масалан, Зоҳиднинг ижодини бошлаганига ўн бир йил бўлди. Кейин у билан биргалашиб беш йил олдин гуруҳ тузиб ижод қила бошладик, ўз устимизда тинимсиз ишладик. Мана, натижаси қисқа фурсатда айтганингиздек, ёмонмас. Қолаверса, тез мухлислар назарига тушишимизнинг асосий сабаби биз эстрада қўшиқчилиги санъатига янги йўналишни олиб кирдик. Ҳаётдаги бор воқеиликларни ўз ҳолича куйлаб, халқ кўнглига йўл топа олдик.
— Тўғри, ҳаётдаги бор воқеиликларни қандай бўлса, шундайлигича куйлаб мухлислар кўнглига кириб бориш осон. Лекин сизнинг йўналишингиздаги қўшиқларни ҳамма бирдек қабул қила олмаяпди-ку?!
— Бу фикрингизга қаршиман. Бизни ўзимизга яраша мухлисларимиз бор. Қолаверса, ҳар бир тингловчи ўзи истаган қўшиқларни танлаб тинглайди. Ҳар бири ҳар хил дунёқарашга эга. Биз асосан ёшларнинг тақдирини, дардини куйлаймиз. Ижод жараёнида танлаган мавзуимиз юзасидан кўпчиликнинг тақдир билан қизиқамиз, эшитиб кўрамиз, масалаҳатлашамиз. Маъқул бўлганидан сўнг Зоҳид қўшиқ матнини, мусиқасини ёзади. Кейин биргалашиб куйлаймиз.
— Тан бериш керак, мавзуни яхши танлай оласизлар. Лекин ўша танланган мавзуни шевали сўзлардан фойдаланмасдан, кундаликдаги қўпол оҳангда эмас, оммабоп даражада куйлай олсангиз кўпроқ ютуққа эришардингизлар...
— Чунки кўпчилик тушунмайди-ку адабий шевани. Улар қўшиғимизни тинглаб, мана бу жойида нима деб ҳиргойи қилди дея тушунмай қолмасликлари учун оддий сўзлардан фойдаланиб куйлаймиз. Кейин йўналишимиз ҳам шунга мос. Масалан, эски ашулаларни танлаб, уни ўзгартириб куйлаганимизда улар қабул қилишолмайди. Кейин бизни ҳозиргидек тинглаб чапак чалмаган бўлишарди. Концертда кўп ашулаларимиз жонли тарзда куйланди. Эҳтимол бу мақтанишга кирар, лекин йилига икки маротабалаб концерт бераётганлигимиз ҳам бизнинг қўшиқларимизга бўлган талабнинг катталигидадир. "Ватан”, "Дўст” борасидаги жиддий мавзулардаги ашулаларимиз "Ўзбекнаво” билан ҳамкорликда ёзилади. Эҳтимол, сиз айтганингиздек, айримлар учун қўшиқларимиз қўпол оҳангда эшитилаётгандир. Сабаби, биз реп, рок, аримби, поп каби ҳар хил йўналишда ижод қиламиз. Шундай экан, бу йўналишни ҳар ким ҳам бирдек қабул қилолмайди-да. Лекин, миллий қўшиқлар куйлаш ҳам режамизда бор. Ҳозирги кунда тинимсиз ўз устимизда ишлаш билан бандмиз. Мақсадимиз мухлисларимиз сонини кўпайтириш.
— "Уммондек бўлолмайсан” қўшиғи ўз ижодингизга берган юқори баҳоингиз маҳсули десак, адашмасак керак...
— Йўқ, ундаймас. Биз бу қўшиқни ўзимизга юқори баҳо бериб айтмаганмиз.
— Масалан, аввалига реп хонандаси Шохрухни илк ижоди жараёнида мухлислар унчалик яхши қабул қилишолмади. Ўшанда у сизлар сингари "Шохрухдек бўлолмайсан” деб куйлагани йўқ-ку?! Аксинча, хонанда ўз устида ишлаб, қўшиқларида миллийликка урғу берганидан сўнг уни халқ астойдил эътибор билан тинглай бошлади.
— Агар, эшитган бўлсангиз, бизнинг ижодимизни ёмонлаб, сўкиб қўшиқ қилиб айтишди. Бир гал индамадик, икки индамадик. Қарасак, бу ҳол такрорланаверди. Кейин мухлислар талабига биноан шу қўшиқни куйлашга қарор қилдик. Ўша одамларга ҳечқанақа зараримиз тегмаган мисол учун. Майли, бари ўтди кетди. Мана шу қўшиқни куйлаганимиздан сўнг тинчиди бу нарса.
— Йигитлар, бирортангизнинг мусиқий билимингиз борми?
Жасур: (гуруҳ аъзоси)
— Мен ўзим Тошкент маданият коллежини тамомлаганман. Шохрух ҳозирда Тошкент аграр инстутитунинг тўртинчи курс талабаси. Зоҳид Политехника институтини тамомлаган.
— Нима деб ўйлайсизлар, ҳозирги йўналишингиз билан танқид ва рақобат зарбаларига охиригача дош бера олармикансизлар?
— Эртанги кун учун бир нарса дейиш қийин-ку, лекин ҳаракат қиламиз. Ижодимизга мухлисларимиз баҳо беришади. Улар бизни қўллаб туришса бўлди. Биз улар учун ижод қиламиз. Шунингдек, санъатга биз рақобат қиламиз деб кириб келмаганмиз. Чунки рақобат бор жойда санъат бўлмайди.
— Жиддий гапиряпсизми, рақобат бор жойда санъат ўсади ахир?
— Бу менинг шахсий фикрим. Рақобат бор жойда бир бирини кўролмаслик кучаяди. Бу тарзда мухлис орттириб бўлмайди. Шунчаки, санъаткорлар бир биридан ўтишга ҳаракат қилишади халос. Бундан фикрга келишимни сабаби ҳозир рақобат деганда ўз устида изланиш, самарали ижод қилиш эмас, бир биридан ўтишга ҳаракат қилиш, бу борада кўролмаслик кучайиб кетяпди. Биз мухлислар учун ижод қиламиз-ку. Буни унутмаслигимиз керак.
— Саҳна маданияти ҳақида қай даражада тушунчага эгасизлар?
Зоҳид: (гуруҳ аъзоси)
— Бизнинг саҳна маданиятимиз мухлисларимизга қай даражада маъқул бўляпди, буни билмадигу, лекин биз улар кўнглига йўл опишга ҳаракат қиляпмиз. Санъаткор бевосита халқ эътиборида бўлади. Халқ уларга қараб эргашади, кийинади, тақлид қилади. Шундай экан, санъаткор бачканалик қилмасдан, ўзини намунали тутиши билан, хулқ-атвори, кийиниш маданияти, умуман ҳар томонлама ўрнак бўла олса бу саҳна маданиятига киради. Масалан, "йиртиқ-ямоқ” шим кийиб, "шайтонлаб” саҳна мааниятини бузса, унда фақатгина ўзини обрўсини тўккани қолади халос. Чунки, саҳнанинг ҳам ўз қонун қоидаси бор.
— Аксарият қўшиқларингиз айрилиқ ҳақида. Фақат шу мавзуга урғу беришингиздан мақсадингиз мухлислар кўнглига осон кириб бориш учунми?
— Шундай деса ҳам бўлади. Бизни бугунги кунда етти ёшдан етмиш ёшгача мухлисларимиз ҳамбор десак адашмаган бўламиз. Ҳозирги Аввалига фақат айрилиқ ҳақида куйладик. Бу мавзуда кўп хонандалар қўшиқ куйлашган. Аммо кўпчилик мухлислар бизнинг мана шу ашулаларимизни тинглашади. Шунингдек, кўпроқ мана шу мавзуда куйлаган ашулаларимиз бизга омад келтиради десак тўғри бўлади. Яқинда 7x7 газетасининг бир сонида сизнинг ижодингизга танқидий муносабат билдиришган экан. Бунга муносабатингиз?
— Муносабатимиз яхши. Биз бундан фақатгина хурсанд бўламиз. Чунки кимдир бизни эътибор билан тинглабди. Яхшими, ёмонми кимнидир қулоғига етиб борган экан ашуламиз. Агар бизнинг ашулаларимиз сариқ чақага арзимаганида ҳеч ким бизни тингламаган бўлар эди. Аста-секинлик билан мухлисларимиз сони ортиб бораётганлигидан жуда ҳам мамнунмиз.
— Гуруҳингиз имиджини ким яратади?
— Ижодимизни бошлаганимиздан буён Дилшод ака билан ишлаяпмиз. Соч турмаги, либосларимизнинг хилма хиллиги устида улар яхши изланувчан. Айниқса, қаёққа қарамайлик, "Уммон” соч турмаги, "Уммон” деб ёзилган костюм шимлар чиқиб кетди. Бизни ашаддий мухлисларимизнинг эгнида мана шундай либосларни, ёки соч турмагини кўрсак кўнглимиз кўтарилади. Улар бизни шу даражада севиб тинглашяпди. Нега биз улар учун ижод қилмайлик? Биласизми, ҳатто чақалоқларнинг тили ҳам "Уммон” деб чиқяпди (кулишади).
МУХЛИС ФИКРИ
— Мен "Уммон”ни ашаддий мухлисиман. Бу гуруҳ қўшиқларининг ритми, сўзлари менга ёқади. Лекин "Уммон” қўшиқларини уйда баланд овозда эшитолмайман. Сабаби ота онам рухсат беришмайди. Шунинг учун ўз хонамда ёлғиз қолганимда уларни тинглашим мумкин. Аммо шуни айтиш мумкинки, бу гуруҳ ўзига жуда юқори баҳо бериб юборишди. Фақат "Уммон” қўшиқларини ўттиз ёшдан ўтганимдан сўнг қабул қилолмасам керак.
Содиқжон Мамадалиев (14 ёшда)
— "Уммон” қўшиқларини тинглагандан кўра шунчаки, оддий мусиқа тинглайман халос. Улар куйлаган қўшиқни қўшиқ деб бўлмайди. Бошим оғришни бошлайди.