Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси яқин орада тўртта янги
телеканални ишга туширишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда daryo.uz нашрига ЎзМТРКдаги ишончли
манбалар хабар берган. Янги каналлар ҳозирда мавжуд телеканаллар базасида
очилиб, турли йўналишларда фаолият юритади. Жумладан, "Ўзбекистон” телеканали
базасида "Оилавий” канали, "Тошкент” телеканали қошида мусиқий "Наво”, "Ёшлар”
базасида кино мавзусидаги "Кинотеатр”, "Маданият ва Маърифат” қошида эса
республикадаги барча вилоятлар ҳаётига оид кўрсатувларни узатиш билан
шуғулланувчи "Ҳудудлар” телеканаллари пайдо бўлади.
Таъкидлаш жоиз, бўлажак телеканалларнинг номлари ишчи ном
бўлиб, ҳали ўзгариши мумкин. Телеканалларнинг барчаси ўз кўрсатувларини рақамли
форматда намойиш қилади. Маълумотларга қараганда, телеканаллар ишга тушишга
шай, бироқ уларнинг қачон ўз фаолиятини бошлаши ҳақида ҳозирча расмий маълумот
йўқ.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг бошида ЎзМТРКда "Маданият ва
Маърифат” ҳамда "Дунё бўйлаб” телеканаллари, ёз ойларида эса "Болажон”
телеканали ўз фаолиятини бошлаган эди.