28 сентябрь куни Тошкентда "Бунёдкор" спорткомплексининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.
"Бугун замонавий ва ажойиб спорт комплекс "Бунёдкор"нинг очилиб, фойдаланишга топширилиши нафақат ўзбек спорти, балки бутун Ўзбекистон учун унутилмас кундир. Шу кунларда ўзбек футболининг спорт майдонларига чиққанига 100 йил тўлиши ҳам бизга кўтаринки кайфият бахш этади", деди мамлакатимиз Президенти.
"Қадрли ватандошлар, спорт ва футбол мухлислари, сизлар билан ушбу тантанали маросимда иштирок этишдан бағоят мамнунман. Гўзал пойтахт Тошкентимизда қисқа вақт ичида 56 гектар майдонда, 7 та замонавий футбол майдони, болалар ва ўсмирлар футболи мактаби, ётоқ корпуслари, ҳовуз ва бошқа керакли биноларни ўзида жамлаган шундай катта комплекснинг қуриб битказилиши барчамизга мўъжиза каби кўринади", дея қайд этди юртбошимиз.
Мамлакатимиз Президенти Ўзбекистонлик спортчиларга омад ва зафарлар тилаб, нутқини якунлагач, Давлат мадҳияси янгради. Майдонга ўрнатилган катта экранда мустақил Ўзбекистон эришган ютуқлар ҳақида видеолавҳа намойиш этилди.
Сўнг майдонга "Бунёдкор" ва "Пахтакор" футбол командалари тушди. Мамлакатимизнинг икки етакчи клуби ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 3:3 ҳисобида дуранг натижа билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, "Бунёдкор" спорт комплекси мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов ғоя ва тавсиялари асосида мустақиллигимизнинг 21 йиллиги арафасида қуриб битказилди.