Бугун «Уммон» гуруҳининг газеталардан бирига берган интервьюсини ўқиб, тўғриси, ҳайратдан ёқа ушладим.
Гуруҳ йигитларининг фахр билан айтишича, улар Мустақиллик байрамида қўшиқ (ёки ниманидир) айтиб чиқишади. Қизиқ, «Уммон»да юртимизнинг энг катта байрамида чиқишга етгулик салоҳият бормикан? Ёки бу байрам тадбири ҳам хонандалар учун реклама воситасига айланганми?
Тўғри, тадбир ташкилотчилари ёшларнинг қизиқишларини ҳам эътиборга олмоқчи бўлишган. Лекин уммончилардан кўра бу байрамда қатнашишга лойиқроқ ёш хонандалар ҳам бор-ку (қўшиқчиларга қирғин келмаган ахир).
«Уммон»ни асло ерга урмоқчи эмасман, гуруҳ йигитлари ҳеч қандай рекламасиз танилганидан ҳам хабарим бор. Бироқ мен «Уммон»нинг қўшиқларини тушунмайман ёки уларни тушунишга қариб қолгандирман (нақ 32 ёшимда). Шунисига ишончим комилки, бу йигитлар ўзини санъаткор деб аташига ҳали анча қовун пишиғи бор.
Мустақиллик байрами – юртимиздаги энг асосий тадбир, унда фақат ва фақатгина муносиблар қатнашиши лозим!
Аброр Адҳамзода