Пўлат Саидқосимов бадиий раҳбарлиги ҳамда Саид Мухторов режиссёрлигида
"Аланга” номли янги фильм суратга олинаётганди, бироқ сўнгги маълумотларга
қараганда, ушбу фильмнинг катта экранга чиқиш-чиқмаслиги аниқ эмас.
Бунга режиссёр ва продюсер ўртасида бўлиб ўтган низо сабаб бўлган. Ушбу
масалага ойдинлик киритиш мақсадида биз режиссёр билан боғланишга ҳаракат
қилдик. Аммо уринишларимиз зое кетди. Саид Мухторов бу мавзуда матбуотга бир
оғиз ҳам гапирмаслигини маълум қилди. Шундан кейин продюсер билан боғландик.
Камолиддин Қосимов, продюсер: — Саид Мухторов билан
орамизда бўлган гап-сўзларни оммага ошкор қилиш ниятим йўқ. Аммо бу
режиссёрнинг ёлғонидан сабр косам тўлди. Гап шундаки, тасвирга олиш ишларига
йилнинг бошидан киришилган эди. Режиссёр ушбу фильмни баҳор ойининг сўнгги
кунларида тугатиб беришни ваъда қилган. Ишондим. Баҳор ҳам ўтди, ёз тугай
деяпти аммо фильмнинг тайёр бўлишидан дарак йўқ. Мазкур фильм учун режиссёр
айтган гонорарни ўз вақтида тўласам, у таклиф қилган баъзи актёрларнинг ижроси
менга ёқмаса ҳам индамасам, яна нима қилишим керак?! Энг қизиғи, режиссёр ва
техник ходимларнинг масъулиятсизлиги туфайли тасвирга олиш ишларининг айрим
қисмлари ўчиб кетиб, қайтадан суратга олинди. Уларнинг ҳаммасига ўзим пул
тўладим. Шунчалик ҳам бўладими?! Мана ҳозиргача фильмнинг камчиликлари
тўлдирилмаган, ҳали у — ҳали бу деб режиссёр ҳам вақт чўзиш билан овора.
Хуллас, шундай гаплардан сўнг "Аланга”нинг премъераси бўладими ёки йўқми деган
гумонлар туғилди. Саид Мухторовнинг айтишича, фильмни кузнинг биринчи ойигача
топширар экан. Аммо ярим йилдан бери алдаб келаётгани сабаб, унинг гапига
ишонмаяпман. Илк фильмим шундай муаммоларга дуч келишини билганимда Саид
Мухторов билан умуман ишламаган бўлардим.