Yigitali Mamajonov: “San’atni mashhurlik manfaatidan kelib chiqib tanlamaganman”
Бугунги кун кино санъатида, асосан, бош роллар билан танилиб келаётган ёш истеъдодли актёрлардан бир Йигитали Мамажонов Kun.uz сайти таҳририяти меҳмони бўлди. Очиғи, Йигитали Мамажонов билан суҳбатлашар эканмиз, унинг қайси савол юзасидан бўлмасин, теран фикрлаши, ўзига хос ижодкорона характери ва нозик диди билан бизда ижобий таассурот уйғотди.
Муҳими суҳбатимиз давомида унинг айтган ҳамма гаплари самимий, астойдил ва юракдан айтилди. Бунга суҳбатимизнинг матн ва видеоталқиндаги шаклини томоша қилиш жараёнида ўзингиз ҳам амин бўлсангиз ажаб эмас. - Авваламбор сизни “Ойқиз эртаги” фильмидаги ролингиз билан табриклаймиз. Ушбу фильмдаги ролингиз ўзингизга маъқул бўлдими?
- “Ойқиз эртаги” фильми деярли исталган замон талабларига жавоб беради, деб умид қиламан. Фильм сценарийси, йўналиши, жанри билан мени ўзига тортди. Унда мен Жонбоз исмли адолатпарвар йигит қаҳрамонини жонлантирдим. Ўз ролимни қай даражада ижро этганимга эса мухлислар баҳо беришади. - Фильмда сиз ижро этган образ бугунги кун томошабинларига нима бера олади, деб ўйлайсиз?
- Агар қаҳрамонимнинг характерига нисбат берадиган бўлсам, у ватанпарвар, адолатпарвар, мард ва жасур жангчи. Отаси ҳарбийларнинг бошлиғи. Инсон учун керакли бўлган барча ижобий фазилатларни ўзида жалб қилган. Ўйлайманки, бугуннинг ёш томошабини менинг қаҳрамонимдан бор ижобий ҳислатларни олади. - Ушбу фильмда жанг саҳналарини актриса Юлдуз Ражабова билан биргаликда ижро этиш сизга қийинчиликлар туғдирмадими?
- Юлдуз ҳали аёл актрисалар қилмаган ишни қилди. Чунки жанг саҳнаси кўринишидан осон бўлиши мумкин, лекин амалда жуда мушкул жараён. Аниқса, иссиқ об-ҳаво шароитида жанг саҳналарини ишонарли тарзда ижро этиш аёл киши учун оғирлик қилади. Бу эса актрисанинг нақадар сабрли ва маҳоратли эканлигини белгилайди. - Бугунги ўзбек киносининг камчиликларини нимада кўряпсиз?
- Сабаби - яхши сценарийларнинг йўқлигида. Айтиш мумкинки, биздаги каби буюк тарих ҳеч бир давлатда учрамайди. Биздан чиққан буюк шахслар ҳам кўп. Аммо улар ҳақида фильм суратга олиш эса катта маблағ талаб қилади. “Яхши от кейин чопади”, деганларидек, биз мустақил давлатмиз. Ҳали тарих ва буюк шахсларимиз ҳақида дунёни лол қолдирадиган фильм олишга етарли вақт бор, деб ўйлайман. Аммо яхши сценарийнинг йўқлиги энг катта муаммолардан бири бўлиб келяпти. Ҳар йили Ўзбекистон давлат санъат институтини 20 нафардан ортиқ драматург битириб чиқяпди. Аммо қани улар? Нималар билан банд? Уларнинг ичида биз билмаган маҳоратли драматурглар бордир? Ўзини кўрсатишни истар? Балки уларни қўллаб- қувватлаш керакдир? Драматургларга, “ўз дунёингизда юравермасдан очилинг, дардингизни чиқаринг”, дегим келади. Баъзи драматурглар зўр сценарий ёзиб, ушлаб ўтиради. Ҳашаки ёки чўнтаги орқали чиқиб келаётган режиссёрларга сценарийни бериш керак эмас. Шундай режиссёрларни биламан, қўлида ўн-ўн бештадан яхши сценарийлар бор. Шу сценарийни ҳаммаси десак ёлғон бўлар, лекин етти-саккизтаси зўр бўлиб чиқиши мумкин. Лекин уни бугуннинг “хонтахта” фильмларини оладиган режиссёрларига беришдан қўрқишади... - Тасаввур қилинг. Ўзингиз кутмаган тарзда омадга дуч келдингиз. Ўзингиз кутмаган ҳолда ўша омадгача бўлган камчиликларни такрорлашингиз мумкинми?
- Бу ҳаётимизда бўлаётган ишлар - келажак учун зинапоя. Орқага қарамасангиз ҳам сизга эслатиб туради ва олдинги бўладиган яхши ишлар учун сизга ўрнак бўлади. Шундай экан, ҳозир менинг ҳам ҳаётимда юз бераётган синовлар мени омадли ва яхши келажак учун тайёрлаяпти, деб ўйлайман. - Сиз шоу бизнес қонуниятларига бўйсунасизми ёки ўз принципларингизга содиқ қоласизми?
- Мен ҳақиқат йўқ жойдан узоқлашаман. Иложи борича ҳамма нарсани ўзимга боғлиқ бўлган жиҳатларини қидириб, ўз қонуним билан яшашга ҳаракат қиламан. Принципларимга тўғри келмайдиган ҳолатларни эса индамай ўтказиб юборишга ҳаракат қиламан. Аммо жуда кўп ўтказиб юборсангиз ҳам бўлмайди. Кўпинча мушкул вазиятларда чуқурлашиб кетмасликка ҳаракат қиламан. Ёқимсиз ҳолатни ички дунёимга яқинлаштирмасликка уринаман. Санъат эса мен учун муқаддас! Уни машҳурлик манфаатидан келиб чиқиб танламаганман. Мақсадим ўйнаган кичик ролларим орқали бўлса ҳам томошабинга маънавий озуқа бериб, инсонларнинг дарини очиб бериш. Лекин афсуски, ҳозирги вазиятда айримлар учун санъат машҳурлик учун бир қолип вазифасини ўтайдиган бўлиб қолди. - Режалар мақсад сари етаклайди, дейишади. Сиз ўз олдингизга 10 ёки ундан узоқ йиллик режалар қўйганмисиз?
- Йўқ. Мен эртанги кунимга таваккал қилиб яшайман. Бугунги кунимни яшайдиган инсонман. Бугун соғ-саломат ва бахтли яшашга ҳаракат қиламан. Эртага бормизми йўқми, буни Худо билади. Шунинг учун олдиндан беш, ўн йил аввалдан режа тузиб қўйиш, мен учун эмас, деб ўйлайман. Ўн, ўн беш йиллик режа тузиб қўйиб, бу ҳаётдан ҳеч нарса қилолмай ўтиб кетсангиз ҳам тўғри келмайди. - Кинода сиз учун мос жуфт ким, деб ҳисоблайсиз?
- Аслида мен партнёр танламайман. Ораси очиқ, қалбан чин фикрлайдиган инсонлар билан осон чиқишиб кетаман. Юлдуз Ражабова, Асал Шодиевалар билан яхши ижод қилганмиз.