Хонандаларнинг фильмларда рол ижро этишларига ўрганиб
қолганмиз. Асосан тижорат киноларда бош ролларни ижро этадиган хонандалар
актёрликка хобби сифатида қарашларини яширишмайди. Аммо энди ўзбек
актёрларининг қўшиқ куйлашларига ҳам кўникишимизга тўғри келади шекилли.
Чунки қайси машҳур актёрнинг ижодини кузатмайлик, у
қўшиқ куйлашга уриняпти. Балки бу яхшидир. Ахир санъаткорлар ҳар томонлама
истеъдодли бўлиши керак. Бироқ ҳамма ҳам истеъдодлими?! Қўшиқ куйлаётган
актёрларнинг хонишлари мухлисларга маъқул бўляптими?
"Тундан тонгача” фильми билан машҳурликка эришган Шаҳзода Муҳаммедова қўшиқ куйлаб,
унга клип суратга олишга ҳам улгурди. "Сенсиз” номли қўшиқнинг клипи мусиқий
каналларда "айланаётганига” ҳали кўп бўлмаган эса-да, эътиборни
тортди. Сабаби, яна бир актриса хонандалик соҳасига қўл ургани барчага қизиқ!
Очиғини айтганда, шахсан ўзим унинг бу ишини кўриб «куйламаган битта Шаҳзода
қолувди” дедим. Чунки тан олиш керак, у ҳали кино соҳасида ҳам етарлича
маҳоратли эга эмас. Менимча аввал бир соҳани пухта эгаллаб, кейин бошқасининг
бошини тутса яхши бўларди. Хонандалик соҳасида эса тажрибасизлар шундоқ ҳам
етарли... Қизиқ, Шаҳзода бу ишга ҳам хобби сифатида қарадимикан? Чунки Шаҳзода
бир суҳбатда кинони ҳам "шунчаки, севимли машғулотларимдан бири” деганди-да...
Муниса ҚаҳҳороваТошкент шаҳри.
Шаҳзода Муҳаммедова: — Тўғриси, кинога кириб келишимдан аввал хонандаликка
жуда қизиқардим. Қўшиқчилик санъатида Райҳоннинг ижодини ҳурмат қиламан. Бироқ
оиламдагилар хонанда сифатида фаолият юритишимга қарши бўлишгани сабаб, ишни
аввал кинодан бошлашга аҳд қилгандим. Кейинчалик, "Дилкаш лаҳзалар” лойиҳасида
иштирок этганимдан сўнг, бувим ва онам хонандаликка бўлган меҳримни кўриб,
қўшиқ куйлашимга рози бўлишди. Бу мен учун хобби эмас. Мен ҳақиқатдан ҳам куйлашни
яхши кўраман. Бу ишга жиддий муносабатдаман (бироз хафа бўлиб). Қайсидир
тингловчига қўшиғим ёқмаганлиги учун ундан воз кечиш ниятим йўқ. Бировга
ёқмаса, бошқаларга манзур бўлар.
Комик роллари билан томошбинларга яхши таниш бўлган
Муҳаммадисо Абдулхайировнинг хонанда Ботир Яминов билан куйлаган дуэтига кўзим
тушди. Очиғи, қўшиқда актёрнинг нима деганини унчалик тушунмадим, аммо бу ишга
унинг жиддий ёндашмагани сезилиб турибди. Актёрнинг ўзбек киносидаги бир-бирига
ўхшаш ролларига зўрға кўниккан эдик, энди хонандаликда ҳам...
Manba:darakchi.uz