— Ўғлингизнинг келажагини қандай кўрасиз?
— Ўғлимни отасига ўхшаган қилиб тарбиялашга ҳаракат қиляпмиз. Буёғини вақт кўрсатади. Лекин, унинг келажагини санъатда кўрмайман. Чунки гастроль, узоқ сафарлар санъаткорлар ҳаётининг бир қисми. Лекин мен ўғлимни узоққа жўнатиб, уйда юрак ҳовучлаб ўтиролмасам керак. Дадасини йўқотганим ҳам етади... (суҳбатга Билохўжа қўшилди)
— Билолхўжа кўчада одамлар сени таниб қолишса, хурсанд бўласанми?
— Ҳа, хурсанд бўламан. Кўпинча "Қара, Мўмин Ориповнинг ўғли кетяпти” деб гапиришаётганини эшитиб қоламан.
— Келажакда ким бўлмоқчисан?
— Ҳозир "Тантана” гуруҳида иштирок этяпман. Келажакда эса ўзим мустақил қўшиқ айтаман. Дадамнинг ҳамма қўшиқларини айтишни ният қилганман. Машина оламан, иккала бувимни бобожонимни, ойижоним, тоғам, келинойимни айлантириб келаман. Бувижонларим доим "ҳамма танийдиган, дадангга ўхшаган одам бўлгин” деб ният қилишади.
— Камола опа, ҳовли қураётганингизда "Мўминнинг хотинига Жаҳонгир Позилжонов уй қуриб бераётган экан” деганлар ҳам бўлди...
— Эҳ-ҳе, бунақа гап-сўзларнинг сон-саноғи йўқ. Ишонсангиз, "ҳаммаёққа ўғлини тиқаверадими, ўлган, ўлиб кетди-да, намунча!” деган гапларни ҳам эшитдим. Наҳот улар Худодан қўрқишмаса? Ҳовлига келадиган бўлсак, Мўмин акам суратга олган "Қалбаки дунё” фильмидан тушган пулларга Жаҳонгир аканинг маслаҳати ва ёрдами билан ҳовли қуришни бошладим. Танишлар ёрдамини аямади. Бизга қўшни бўлиб Жаҳонгир ака ҳам уй қурдилар. Шу сабаб миш-миш тарқалгандир. Бу гапларни эшитган Жаҳонгир ака "Камола, хафа бўлманг, бундан буён турли гап-сўзлар чиқаверади. Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди, аҳамият берманг” деганди. Ўйлаб кўрсам, тўғри айтган экан.
— Қайнона, қайнотангиз билан муносабатларингиз қандай?
— Шу саволдан жудаям чарчаганман. Нимага энди мен қайнона-қайнотам билан ёмон муносабатда бўлишим керак? Ахир Мўмин акам билан ажрашмаганмиз ёки уришиб оиламни ташлаб келмаганман-ку. Қайнона-қайнотам ҳар ҳафта бизникига келиб меҳмон бўлиб кетишади. Биз ҳам бориб турамиз. Қайнукаммни уйлантиргандик. Келинимиз синглимдек яқин бўлиб қолган. Қайнона-қайнотамнинг дуолари бугун менга ҳар қачонгидан ҳам зарур. Устига-устак қайнонамни кўрганимда худди Мўмин акамни кўргандек бўламан.
— Ўтган йили турмуш ўртоғингиз хотирасига бағишлаб концерт уюштираётганингиз ҳақида гаплар тарқалганди. Бироқ концерт номаълум сабабларга кўра қолдирилди.
— Тўғри, концерт кунлари ҳам деярли тайин бўлганди. Дастур сценарийси ҳам тайёр бўлганда, хотира концерти ўтказиб, "марҳум одамнинг ортидан пул ишлаш яхши эмас” деб қолишди. Лекин мақсадим Мўмин акамнинг ортидан пул ишлаш эмас, эримни халққа эслатиш эди. Шундан кейин "Божалар” гуруҳининг ўтган йилги концерт дастурида Мўмин акамга аталган алоҳида лавҳалар тайёрланди.
— Яқиндагина катта экранларга чиққан "Севаман дедимми, севаман” фильмига продюсерлик қилдингиз. Умуман олганда шоу-бизнесга киришдан мақсад нима?
— Биринчидан Мўмин акамнинг унутилиб кетишига йўл қўймаслик. Кейин эса, мен шоу-бизнесга кириб ёмон иш қилаётганим йўқ. Йиққан-терганимга хонандалар учун продюсерлик қилмоқчи эдим, бир танишим "бу ишингни қўй, продюсерлик аёл киши учун оғирлик қилади” деганидан кейин бу фикримдан қайтдим.
— Мўмин аканинг дўстлари Жаҳонгир Позилжонов ҳамда Жавлон Шодмоновлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак.
— Жаҳонгир ака ҳаракат қилмаганида "Божалар” гуруҳи йўқ бўлиб кетармиди, билмадим. У киши ҳам ўзидан ўтганини ўзи билади. Эркак киши ҳамма нарсани ҳам айтавермайди. Жаҳонгир ака Мўмин акамнинг қадрини, у кишини қанчалик яхши кўрганлигини, уларни йўқотгандан кейин янада кучлироқ хис этди. Муносабатларимиз яхши, тез-тез кўришиб турамиз.
— Кўпчиликнинг назарида Билолхўжанинг "Божалар” гуруҳи клипларида чиқишини сиз кўпроқ хоҳлаяпсиз...
— (асабийлашиб) Ким нима деса деяверсин! Ҳар ким ўзининг қаричи билан ўлчайди. Билолхўжанинг ўрни "Божалар”да. Аввало, мен қанчалик хоҳламай, Жаҳонгир амакиси қанча ёрдам бермасин, агар насибаси қўшилмаган бўлса, ҳаммаси бефойда. Бу гапларни тарқатаётганлар кимлигини ҳам яхши биламан. Майли, нима ҳам дердикм, гапираверишсин, зора шу билан кўнгиллари жойига тушса... Лекин йўқотган менман, улар эмас. Лоқал Мўмин акамнинг руҳини ҳурмат қилишса, бўларди. Бирдан-бир мақсадим ўғлимни билимли, ақл-ҳушли қилиб вояга етказиш.
Жамила Орипова, Мўмин Ориповнинг онаси:
— (йиғлаб) "Ўнта бўлса, ўрни бошқа” дейишарди. Ҳақ гап экан. Уйимизнинг ҳар бурчаги, Мўминжонимнинг дўстлари, Билолхўжа менга ўғлимни эслатади. Гарчи орадан уч йил ўтган бўлса-да, ҳалигача кўниколмадик. Ҳар пайшанба турмуш ўртоғим билан қабр бошига борамиз. Куни кеча Мўминжоннинг ўқитувчисини кўриб қолдим, узоқ гаплашиб ўтирдирдик. Мўминнинг ўзи жуда зийрак, ақлли, тарбияли бола эди деб, эсга олди. Набирамни саҳнада кўриб, отасининг ўрнини босаётганидан хурсанд бўламан. Унинг ҳар бир гапи, нигоҳи, хатти-ҳаракатлари ҳам Мўминжонга ўхшайди. Уч йил ичида кенжамни уйлантирдик. Ўғлим укасининг тўйини кўролмай кетди. Қанча яхши ниятлар қилганди. Афсус... Ота-она учун фарзанд доғини кўришдан-да, ортиқ мусибат йўқ экан. Турмуш ўртоғим билан келиним ва набирамни туну, кун дуо қиламиз. Илоҳим, Мўминжондан кейин қолган ёдгорларимизни Аллоҳнинг ўзи паноҳида асрасин.