ШАҲЗОДАНИНГ ФИЛЬМДА БОСГАН ЯНГИ ЙЎЛИ.
Инсон бу дунёда яшар экан, энг аввало, ундан фақат ва фақат яхши ёки ёмон ном қолиши мумкин. Ҳар иккисига ҳам инсоннинг бу дунёда босиб ўтган йўли сабабчи бўлади. Йўллар муштарак. Борар манзилимиз эса аниқ. Бу дунёга кимлар меҳмон бўлиб келиб кетмаган дейсиз. Хонлар, ҳукмдорлар, маликалар, подшоҳлар, вазиру уламолардан тортиб оддий деҳқонларгача... Ҳаммаси келиб кетишган. Тарих эса кузатишда давом этаверади. Бугунги қилган ишингни ҳеч ким кўрмаслиги, билмаслиги мумкиндир аммо тарих бир кун келиб яққол кўрсатиб беради. Шунинг учун бўлса керак инсониятнинг эзгуликка, яхшиликка бўлган ташналиги бардавом. Бизнинг қилаётган ишларимиз ва қилаётган амалларимиз кимлигимизни билдириб туради. Бугунги кунда кино санъати ҳам изланиш палласида. Кино ижодкорлариимизнинг жиддий ва мулоҳазали мавзуларга ҳам қўл ураётгани қувонарли хол. Яқиндагина суратга олинган "О, Марям, Марям” номли фильми юқоридаги гапларимизни яққол далили бўла олади. Фильм қаҳрамони инсонларга эзгулик ва яхшилик улашишдан толмайдиган, ўзидан яхши ном қолдиришга уринган аёлнинг ички кечинмалари ва босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилинади. "Фотима ва Зухра”, "Сўғдиёна”, "Мажруҳ” ва "Жодугар” фильмлари ижодкорларидан яна бир янги туҳфа. Сценарий муаллифи "Дада”, "Ўзимдан ўзимгача”, "Мен юлдузман” каби қатор фильмларнинг муаллифи Акром Маҳкамовдир.
"О, Марям, Марям” номини эшитган томошабин фильм нима ҳақида экан дея таажжубланиши табиий. Драматик жанрда суратга олинган ушбу фильм албатта енгил-елпи мавзулардан чекинган ҳолда инсонни фикрлашга, таҳлил қилишга ундайди. Фильм қаҳрамонларининг тақдири хеч бир томошабинни бефарқ қолдирмайди. Қаҳрамонларнинг ички дунёси, дарду алами, қувонч ва шодлиги билан ҳамнафас бўласиз. Фильмдаги Марям образини хонанда Шаҳзода талқин этди. Асардаги Марямни Шаҳзода қай даражада очиб бера олди ёки йўқ буни фильмни кўргач билиб оласиз. Қолаверса, яна сизнинг севимли актёр ва актрисаларингиздан Улуғбек Қодиров, Зарина Низомутдинова, Яйра Абдуллаева, Тоҳир Саидов, Матёқуб Матчонов, Наргиза Салмонова каби ижодкорлар ҳам иштирок этишган. Таъсирли саҳналарга бой бўлган ушбу кинокартина томошабинни яна мулоҳазага чорлайди. Фильмда Марям образининг болаликдан то умрининг сўнгигача босиб ўтган йўли ёрқин ифода этилади. Ҳаёт кураш майдони... ушбу атама фильмда нечоғлик ўз исботини топганига гувоҳ бўласиз. Фильмда севимли қаҳрамонингиз билан бирга куласиз, бирга йиғлайсиз. Балки фильмнинг таъсири доираси сизни анча пайтгача безовта қилса ажаб эмас. Хуллас, катта экранларда Шаҳзода, Улуғбек Қодиров хамда Зарина Низомутдинова учлигининг гувоҳи бўласиз. Қизиқ, бу учликнинг охири нима билан тугаркин? Ҳозирча бу номаълум. Қизларнинг ёқимтойи бўлган Қодиров бу сафар фильмда кимни севиб қолади ва ким билан бирга бўлади? Албатта, бу саволарга жавобни фақат ва фақат фильмни кўргач билиб оласиз.