Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » SHOU-BIZNES HABARLARI

Севара Назархон: “Улуғимсан Ватаним”ни қаерда куйламай кўзимда ёш”

Севара Назархон! Ўзбек санъатининг бу вакилини бугунги кунда бутун дунё тан оляпти, десак муболаға бўлмайди. Илк фаолиятини эстрада гуруҳидаги ижоди билан бошлаган Севара бугун яккахон фаолиятини бошлаганига 15 йилдан ошяпти. Ўзбек саҳнасида бир муддат кўринмай қолган хонанда 2013 йилнинг сўнгги кунларида юртимизнинг  нуфузли тақдимот маросими "Эътироф”даги иштироки билан мухлисларига чексиз қувонч бағишлади. 


Уни томошабин ва ҳамкасблари шу даражада қаттиқ соғинган эканки "Улуғимсан Ватаним...” қўшиғи куйланганда залда ўтирганларнинг бари уни тик оёқда олқишлади. Хонанда айникунларда АҚШда ижодий сафарда бўлишига қарамай, у билан боғланишга мувоффақ бўлдик. Ўз ўрнида хонанда ҳам биз билан бажонидил суҳбат қурди...

— Ассалому алайкум, Севара! Овозингизни эшитиб турганимиздан хурсандмиз. 

— Ассалому алайкум! (Самимият билан), мен ҳам сизлар билан мулоқотда эканлигимдан бошим осмонга етди. 

— Кун тартибингиз жуда тиғиз бўлса ҳам бизга вақт ажратганингиздан мамнунмиз.Аввало сизни ўзбек эстрадаси ва мухлисларингиз ёнига қайтганингиз билан чин дилдан табриклаймиз. Сизни соғинганимиз рост!

— Раҳмат! Тўғриси, ижодимдаги бундай қувончли воқеадан жуда хурсандман. Аммо маълум бир вақт мухлислар мени бироз йўқотиб қўйган бўлса ҳам аслида мен улар билан бирга эдим. Ҳар сафар Ўзбекистонга келганимда улар билан юз кўришиб турганим, қолаверса, электрон почта манзилимга келган кўплаб юртдошларимизнинг мактублари гапларимга исбот бўла олади. 

— Шундай бўлишига қарамай, узоқ йиллардан буён сизни ҳамма ўзбек саҳнасида кўришни соғинган эди.

— Очиғини айтсам, ўзим ҳам бу улуғ даргоҳ, юртим саҳнасини жуда соғингандим! Залдаги томошабинларнинг мени илиқ қаршилагани эса катта куч ва далда берди. Тан олишим керак, ҳаяжоним ҳам икки карра ошди. Чет элнинг катта-катта саҳналарида миллионлаб томошабинларга қўшиқ куйлаганимда ҳам бунчалик кучли қўрқув, сўз билан ифодалаб бўлмас даражадаги ҳаяжон бўлмаганди. Ўз юртингнинг саҳнаси барибир ўзгача! 

— Қайтишингиз айнан катта саҳнадаги "Эътироф” тақдимот маросимига тўғри келди. 

— "Эътироф” йил якунида кўплаб соҳаларнинг сарҳисоби сифатида ташкил этилган йирик тақдимот маросими. "Истиқлол” санъат саройида маданият, санъат, илм-фан ва спорт соҳаларида кўплаб ютуқларни қўлга киритган машҳур ҳамюртларимиз ва минглаб томошабинлар қаторида иштирок этганимдан беҳад қувондим. Тадбирда барча соғинган ҳамкасбларим билан юз кўришдим. Йиллар давомида йиғилган соғинчларимни бу учрашув қондира олмаган бўлса-да,  янги йил олдидан  мен учун катта совға бўлди!  

— "Улуғимсан Ватаним” қўшиғингизнинг мусиқаси янграшни бошлаганда ҳам саҳнага чиқишингизни ҳеч ким кутмаган эди.

— Балки бу анча йиллардан бери кўринмаганимнинг натижасидир. Саҳнага чиқиб келишим билан томошабинларнинг ҳайрати ва кайфияти янада кўтарилганини пайқашим қийин бўлмади.  

— Томошабин сизни жуда илиқ кутиб олганида нималарни ҳис этдингиз?

— Ўша лаҳзаларда кўнглимда кечган ўй-хаёлларни сўз билан таърифлаб беролмайман. Бу ҳолатга тушган одамгина мени тушуниши мумкин. Ўша дамда энг яқин қадрдонларим қаршисида қўшиқ куйлаётгандек ҳис этдим ўзимни. Концертга йиғилганларнинг тик оёқда мен билан жўр бўлиб, кўзда ёш билан куйлаганини саҳнадан туриб кузатиш эса менга қанот бўлди. Ўзимни еттинчи осмонда эмас, ундан ҳам баландроқда парвоз этаётгандек ҳис эта бошладим. Қўшиқ куйлашдан сира бу қадар роҳатланмаганман!

— Кўзингиздаги ёш - бу Ватан ҳақидаги машҳур қўшиғингизни қайта катта саҳнада куйлаганингизданми ёки ўзбек мухлисларига бўлган соғинчданмиди?

— Ушбу қўшиқни қачон, қаерда куйламай ё тингламай доим кўзимга ёш қалқийди. Қўшиқдаги сўзлар қалб тубидаги энг нозик туйғуларни ҳам жумбушга келтирмай қолмайди. Севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф "Улуғимсан Ватаним”даги ҳар бир сўзни юракдан чиқариб ёзганига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам бу ижод намунаси ҳар бир қалбга бирдек етиб борган. Ўзбек мухлисларимиз соғинчи эса кўзимдаги ёшнинг иккинчи сабаби. Ҳақиқатдан ҳам қадрдон мухлисларимни жуда соғингандим! 

—  Йиллар давомида Россия эстрадасида  эришган ютуқларингизни кузатиб келдик...

— Раҳмат! Ўтган вақт давомида Россиянинг бир қатор лойиҳаларида фаол қатнашишга муваффақ бўлдим. Улардан бири "Голос” телелойиҳаси. Дунёнинг кўплаб давлатидан келиб қатнашган иштирокчилар ичида ўзбек қизи сифатидаги иштирокимдан фахрландим. Бу лойиҳада ғолиб бўлмаган бўлсам-да, Леонид Агутиннинг жамоасида шу соҳага тегишли, кўплаб сир-асрорларни ўргандим.Шунингдек, Россиянинг "1-канал”и томонидан ташкиллаштирилган "Вышка” лойиҳасида ҳам иштирок этдим. Бу лойиҳа яхши синов, ўз устида ишлашни мураккаб тури. Тепаликдан ўз қўрқувингизни енгишни фойдасиз, деб бўлмайди. Қанчалик юқори кўтарилганингиз сари юрагингиз шу қадар кучли ура бошлайди. Ўзим спортга қизиққаним боис бу лойиҳада иштирок этиш мен учун мароқли бўлди.  

— Галдаги режаларингиз хусусида ҳам тўхталсангиз?

— Ўтган йилнинг октябр ойида Россияда "Мактуб, сўз ва иборалар...” ("Письма, слова и фразы…”) номли концерт дастуримни тақдим этдим. Январ ойида ҳам Россиянинг иккита йирик тадбирларида фаол иштирок этдим. Айни кунларда эса ўзингиз билгандек, Америкадаман.

— Ўзбекистонда ҳам концерт бериш режагизда борми?

— Албатта! Режаларимга хусусида аниқ тўхталолмайман. Бироқ бажаришим лозим бўлган ижодий ишларим талайгина. Булар ҳақида кейинроқ маълумот бераман. 
 
Даракчи маълумотномаси:

Севара Назархан 1976 йилнинг 23 декабрида Андижонда туғилган.

Фаолияти: Хонандалик билан бир қаторда шоира ва бастакор ҳам.

Оилали, бир ўғилнинг онаси.

2003 йил Ўзбекистон Давлат Консерваториясини тамомлаган.

Бугунги кунга қадар 8 та альбомни мухлисларга тақдим этган.

Алия СУЛАЙМОНОВА суҳбатлашди

Дарвоқе, Севара Назархон жорий йилнинг 14 феврал куни "Ўзбекистон” меҳмонхонасида адабиётимизнинг етук дарғаларидан бири шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 531 йиллиги муносабати билан яккахон концерт дастурини тақдим этиши ҳақида аввал хабар берган эдик.



Категория: SHOU-BIZNES HABARLARI
Просмотров: 2972 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 1| Рейтинг: Севара Назархон
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 1
dj_million Uzbga qaytganidan xursandman smile
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 07:49
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное