Бундан бир неча йил илгари ўзбек шоу-бизнесига кириб келган
Рухшона илк қўшиғи ва унга ишланган клипи билан томошабин эътиборини тортди,
десак адашмаймиз. Клипларда рақс ҳаракатларини аъло даражада бажарган хонандага
эътибор бермаслик ҳам мумкин эмас эди. Мана, йиллар ўтиб у анча улғайди.
Шоу-бизнеснинг аччиқ-чучугини татиб кўришга ҳам улгурди, десак хато бўлмайди.
Интервью олиш учун у билан кўришганимизда ўзини тутиши-ю, саволларга узоқ ўйлаб
кейин жавоб беришини кузатиб, Рухшона ҳақиқатан ҳам маънан улғайиб бораётганига
амин бўлдим.
— Таҳририятимизга хуш келибсиз. Сизни кўриб турганимиздан хурсандмиз. Нималар
билан бандсиз?
— Айни кунларда иккинчи, "Кет” номли альбомимнинг тақдимотини ўтказиш
ҳаракатидамиз. 7 ноябр куни мухлис ва ҳамкасбларимни бир ерга тўплаб мазкур
альбомни тантанавор руҳда тақдим этишни режалаштирганмиз. Шунингдек янги
қўшиқларимиз устида ҳам ишлаяпмиз.
— Куни кеча янги "Дунё” номли қўшиғингизга ишланган клипни
ҳам томоша қилдик. Айтиш мумкинки, қўшиқ танлашда анча ўсганингиз сезилди.
— Ушбу қўшиқнинг сўзларини ўзим ёздим. Ён-атрофимни кузатиб, содир бўлаётган
баъзи бир аянчли воқеалардан таъсирланиб ёзган эдим. Унга ишланган клип ҳам
ҳаётий чиқиши учун ижодий гуруҳимиз билан биргаликда узоқ ўйладик. Шуни алоҳида
айтишим керакки, "Дунё” қўшиғига икки хил клип суратга олганмиз. Бири, сюжет
бўлса иккинчиси трек йўналишида. Сабаби, талаблардан келиб чиқдик...
Қўшиғимизни эшитганларнинг айримлари бу қўшиққа трек йўналишида клип суратга
олиш керак деса, бошқалар унга кўпроқ сюжет тўғри келишини таъкидлашган эди.
Биз эса ҳеч кимнинг таклифини ерда қолдирмаслик учун иккита клип суратга
олинди.
— Қўшиқ сўзларини ўзингиз ёзишингиз мен учун янгилик...
— Қўшиқларга матн ёзишни рус тилида бошлаганман. Ўзбекча ёзиш учун ўзимда куч,
тўғрироғи, журъат тополмай юргандим. Бунга яна ўзбек тилида сўз бойлигимнинг
камлиги ҳам сабаб бўлганди. Йиллар ўтиб, ўз устимда ишлаб, қўшиқ матнини ёзишга
қарор қилдим. Менимча ёмон чиқмади, кейинги қўшиқларимнинг сўзини ҳам ўзим ёзиб
боряпман.
— Ижтимоий сайтларнинг деярли барчасида фаолсиз. Бу интернетга қарам бўлиб
қолганингиздан далолатми ёки айрим ҳамкасбларингиз каби сайтларга ижодингизни
реклама қилиб берувчи манбаа сифатида қарайсизми?
— Ижтимоий сайтларда кўп вақтимни ўтказишимни қарамлик деб ҳисобламайман. Шу
ўринда бир маълумотни айтиб ўтишим керак. Бугун оммалашган сайтларнинг
барчасидан рўйхатдан ўтганман. Аммо уларнинг барчасидан фақат ўзим
фойдаланмайман. Мухлисларнинг сайтлар орқали берган барча саволларга ёрдамчим
жавоб беради. Агар мухлисларга айтадиган гапларим, маълумотларим бўлса, шахсан
ўзим кириб ёзишим мумкин. Аммо асосан сайтларнинг ишини ёрдамчим юритади.
Бундан ташқари, янги қўшиқ ва клипларнинг ишланиш жараёни мунтазам равишда
тингловчилар эътиборига ҳавола этиб борилиши рекламанинг энг осон ва қулай йўли.
— Газетамизнинг ўтган сонларида руҳшунос билан ҳамкорликда, санъаткорларнинг
ижтимоий сайтларга жойлаштирган суратларига қараб, уларнинг феъл-атворига
таъриф берган эдик. Руҳшуноснинг айтишича, доим юзингизни беркитишга ҳаракат
қилиб расмга тушишингиз, бу ҳаётда содир этган қайсидир қилмишингиздан
уялишингиздан далолат экан. Фотосессияда эса бошқаларга кўп тақлид қилишингизни
ҳам айтганди. Бу фикрларга муносабтингиз қандай?
— (жилмайиб) Менга берилган таърифга умуман қўшилмайман. Биринчидан, мен соч
ёйиб юзимни ёпиб юришни ёмон кўраман. Клип, концерт ва турли тадбирларда ҳам
доим сочимни йиғилган ҳолда турмак қиламан. Тўғри, баъзи суратларда бу ҳолат
бордир аммо бир-икки сурат деб менга тўлиқ баҳо бериш нотўғри. Бошқаларга
тақлид қилишим ҳақидаги гапларга ҳам қўшилмайман. Мен барчага фақат ҳавас кўзи
билан қарашим мумкин, холос.
— Хатти-ҳаракатларингизни, кийиниш услубингизни кузатиб туриб ёшингизга
нисбатан каттароқ кўринишга ҳаракат қилишингизни сезиш мумкин?
— Одамнинг ён-атрофида қандай инсонлар йиғилган бўлса, ўзи ҳам уларга
қараб ўзгариб бораверар экан. Вақт ўтиши билан ҳаётнинг ўзи инсоннинг ички
дунёсини, ўзини ўзгартириб, улғайишига сабаб бўлар экан. Кўпинча таниш
психологлар билан суҳбатлашганимда "Сенинг ички дунёнг ташқи кўринишингга
нисбатан анча улғайган”, дейишади. Ўзимнинг тенгқурларим билан суҳбатлашганимда
назаримда улар ёш боладек туюлади. Уларнинг хаёлида севги-муҳаббат, ҳаёт
ташвишларидан йироқ эканликларини сезиб тураман. Мен эса ўткинчи ҳислардан
кўра, кўпроқ жиддий масалаларда бош қотиришни истайман. Балки ҳаётда кўрган
нарсаларим, бошимдан ўтган воқеалар мени шунчалик ўзгариб кетишимга туртки
бўлгандир.
— Ўсмирлик, энг беғубор, беғам даврларингиз ўтиб кетганидан ачинмайсизми?
— Рости, ҳеч ҳам ачинмайман. Тезроқ улғайиб яхши-ёмонни ажратишга, ҳаёт
зарбаларига учраб, ўзимда яхшигина иммунитет ҳосил қилдим. Қайсидир маънода
бунга шоу-бизнес ҳам сабаб бўлган. Аслида бебошлик, шўхлик — ҳаммасини бошдан
ўтказганмиз. Мен шунчаки, бу даврдан тез ўтиб кетдим холос.
— Бундан бир неча йил илгари санъатга энди кириб келган йилларингизда сиз билан
суҳбатлашганимиз ёдингиздами? Ҳозир сиз билан суҳбатлашиб туриб ўша
пайтдаги Рухшона анча ўзгарганини ҳис этдим. Бугун қаршимда ўтирган Рухшона
негадир қаҳри қаттиқ, ҳар нарсага ўта жиддий нигоҳ билан қаровчи қизга
айланибди... Шоу-бизнес сизни шу даражада қайта тарбияладими?
— (Бироз ўйланиб) Биласизми, мени йиллар давомида ўзгариб боришимни қаҳри
қаттиқлик деб бўлмайди назаримда. Мен шунчаки олдимдаги мақсадимга эришиш
учун қатъий курашиб келганман. Ўзгарганимга кўпроқ ҳаётни сабабчи қилиб
кўрсатган бўлар эдим. Дўст топдим, душман орттирдим, хиёнатга дуч келдим.
Илгари Яратгандан ёнимдаги душманлардан ўзинг қутқар, улардан мени йироқ қил,
деб илтижо қилардим, аммо мен дўст деб юрганлар ҳозир ёнимда эмас...
— Сизда бошқа ҳамкасбларингизга нисбатан ортга қайтиш, бошқа касбнинг бошини
тутиш имконияти кенгроқ. Чунки эндигина йигирма ёшни қаршилайсиз. Шу ҳақида ҳеч
ўйлаб кўрганмисиз?
— Айни бугун барчасидан воз кечиб бошқа соҳада фаолиятимни давом эттиришга
хоҳишим бор ва бунга кучим етади. Биламан, хонандалик абадий эмас. Бу нарсани
билган ҳолда ижодий гуруҳимиз билан биргаликда бошқа соҳада фаолиятимизни
бошлаш арафасидамиз. Бу ҳақида ҳозир айтиб ўтиришим шарт эмас. Ишларимизни бошлаб,
йўлга қўйиб олганимиздан кейин бу хусусда батафсил тўхталиб ўтамиз.
— Турли ҳажвий гуруҳлар сизнинг номингиздан жуда фаол фойдаланишади. Баъзи
ҳазиллар шу қадар "ўткир”ки, сизнинг иззат-нафсингизга тегиб кетмасмикин, деб
ўйлаб қоламан...
— Санъаткор ҳар бир нарсани кулги билан енгиши керак деб ўргатишган. Тўғри,
менинг шахсимга нисбатан қилинган айрим ҳазиллардан хафа бўлганман. Айнан сиз
назарда тутган ҳазилларни саҳнада эшитганимда ҳам ранжиганман, аммо
ёнимда ўтирган томошабинларга буни сездирмасликка уринганман. Залда ҳамма гапни
кулгига йўйиб, саҳна ортида шу ҳазилни айтганлар билан жиддий гаплашиб
олганман...
— Шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ саволларга ҳам навбат етди. Албатта, оила қуриш
мавзусини четлаб ўтолмайман...
— Оббо, шу мавзуни четлаб ўтсак бўлмайдими? Уйда ҳам, бу ерда ҳам шу мавзу...
— Демак, турмушга чиқишингиз оилангизда ҳам "глобал” мавзуга айланиб
улгурибди-да?
— Ҳа. Ҳар гал уйимизга совчи келиб кетгач, онам билан шу мавзуда жиддий
гаплашиб оламиз. Инсон ўзининг жуфтини топишга жуда қийналар экан. Юрагимда
доим ҳадик. Билмадим, қачон турмуш қурарканман?... Бу фақат Яратганнинг
иродасига боғлиқ. Аммо ўзимга қолса, ҳали-бери оила қуриш ниятида эмасман.
— Бўлажак турмуш ўртоғингизни таърифлаб бера оласизми?
— Биринчи навбатда ишимни эмас, ўзимни яхши тушунадиган, яхши инсон бўлса бас.
Касбимни менчалик тушунмаса ҳам, бир-биримизни кўз қарашимиздан тушуна олсак
дейман. Феъл-атворига келсак, бироз қаттиққўл бўлгани яхши. Аёл кишига ўз
сўзини ўтказа оладиган жиддий эркак керак деб ўйлайман.
— "Акфа медиа” санъат маркази ёпилгач, бошқа ҳамкасбларингиз сингари молиявий
муаммоларга дуч келмадингиз... Кетма-кет янги клип ва қўшиқларни
тингловчиларингизга тақдим этдингиз. Бу тез топилган ҳомийлар хизматими ёки...
— Маълум бир муаммоларга дуч келмаганим учун авваламбор мухлисларимга ўз
ташаккуримни билдираман. Улар мени ўз яхши кунларига тинимсиз таклиф этишгани
сабаб, яъни тўй хизматлари ижодимни "молиявий инқироздан” сақлаб қолди. Пул
билан таъминлаб турувчи ҳомийим йўқ. Санъат марказидан кетгач, ўзимни ўзим
таъминлашга ҳаракат қилиб келяпман. Аммо бу йўлда ўзимдан ўтганини фақат ўзим
ва мен билан елкама-елка бўлиб келаётганлар билади.
Manba:darakchi.uz