Мамлакатимизда моделлик бизнесининг ривожланиши 1997
йилларга тўғри келади.
Айнан мана шу даврда Ўзбекистонда илк моделлик агентликлари пайдо бўла бошлади.
Ҳозирги кунга келиб мамлакатимизда ўнлаб ана шундай ташкилотлар фаолият
юритмоқда. Бу соҳа ҳали у қадар ривожланиб улгурмаган бўлсада, юртимиздан
ташқарига, жаҳон даражасига чиқа олган моделларимиз йўқ эмас.
Улардан бири машҳур компанияларнинг реклама роликларида иштирок этиб
келаётган Азиза Ҳалиловадир. Унинг "Nokia”, "Coca-Cola”, "Nestle Milk”, "Maxis”
ва "Umobile”, "Honda”, "Formula-1”,
шунингдек, Малайзиянинг ”The Gardens Hotel ”, "Boulevard”
меҳмонхоналарининг реклама роликларида иштирок этганлигини аксариятимиз гувоҳи
бўлганмиз.
Мана уч йилдирки Азиза Малайзияда таҳсил олмоқда. Унгача
модель Ўзбекистонда машҳурликка эришган. Ўз фаолияти давомида хонандаликка ҳам
қўл урган Азиза сўнгги йилларда фақат ҳорижда моделлик фаолиятини давом
эттирмоқда.
Биз Азиза билан боғланиб, унинг режалари ва 2013 йил ўтказилган Miss World
танлови ҳақидаги фирклари билан қизиқдик.
Азиза, моделлик соҳасида жаҳон даражасига чиқа олдингиз, қандай қилиб бундай ютуқларга
эришдингиз?
- Биласизми, аслида жаҳон даражасидаги модель бўлиш
ниятим йўқ эди. Мен Малайзияга Тошкентдаги лицейни тугатиб, Университетда
таҳсил олиш учун келгандим. Аммо ўзим истаган севимли касбим билан шуғулланаман
деб асло ўйламагандим. Ўқиш даври бошлангач, мендан университет рекламасида
суратга тушишни таклиф қилишди. Ҳаммаси шундан бошланди. Вақт
ўтгач менга кетма-кет таклифлар туша бошлади. Кейинчалик эса ўзим бўш вақтимда
кастингларда қатнашдим ва ўз портфолиомни яратдим.
Сиз Малайзияга кетишингиздан аввал Ўзбекистон
шоу-бизнесида катта карьера қилиш имкониятига эга эдингиз. Сиз эса ўқишни
танладингиз...
- Ҳа, айнан шундай. Мен мусиқа ва кино санъатини жуда яхши
кўраман, аммо ўша пайт мен учун ўқиш муҳимроқ эди.
Бу йили Филипинда ўтказилган "Miss World” танловида
ўзбекистонлик Раҳима Ғаниева иштирок этганидан хабарингиз бўлса керак. Негадир
бу танловда сизни кўрмадик, ҳар ҳолда моделлик бизнесида катта тажрибага эгасиз?
- Билишимча, бир неча йилдан буён "Ўзбекистон гўзали” танлови
ўтказилмаяпти. Албатта, мен юртим шарафини бу танловда ҳимоя қилиш
имкони бўлганида жуда ҳам ҳурсанд бўлган бўлардим. иштирокчимизга келсак,
фикримча, у бу танловда иштирок этишга етарлича тайёр бўлмаган.
Раҳима Ғаниева билан шахсан танишмисизлар?
- Афсуски йўқ, танловгача у ҳақида эшитмаганман.
Келгуси режаларингизга ҳам тўхталсангиз?
- Ўқишни тугатиб, ёзги таътилни одатга кўра оилам билан
Ўзбекистонда ўтказмоқчиман, қолгани эса ҳозирча сирлигича қолақолсин.
Шахсий ҳаётингизда орзуингиздаги шаҳзодангизни учратдингизми?
- Ростини айтсам, шаҳзодаларга ишонмайман. Ҳозирча ҳаётдаги
жуфтимни учратганимча йўқ, аммо улар учун кастинг бошлаб юборилган (кулади)
Демак, шахсий ҳаёт қуриш борасидаги ҳаракатларни бошлагансиз. Турмуш ўртоғингиз
қандай бўлиши керак?
- Унинг ҳусусиятлари муҳим эмас, асосийси мен унга ва
келажакдаги ҳаётимизга ишонишим лозим.
Manba:pressnews.uz