Mercedes Benz автобусларининг ёниб кетиш сабаби маълум бўлди
«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси ўринбосари – бош муҳандиси Мирҳосил Холматов Mercedes Benz автобусларининг ёниб кетиш сабабларини келтирди. Бу ҳақда 12news.uz хабар берди.
Маълум бўлишича, сўнгги пайтларда тез-тез содир бўлаётган бундай ҳодисага электр симлари пластик изоляцияси бутунлигининг бузилиши натижасида қисқа туташув юзага келаётгани сабаб бўлмоқда.
«Автобусларнинг ёниб кетиш ҳолларига йўл қўймаслик мақсадида йўналишга чиқарилаётган транспорт воситаларининг техник ва санитария ҳолати ҳар куни назорат қилинмоқда», — деди Холматов.
Нашрнинг эслатишича, ўтган йилнинг мартидан буён Mercedes Benz русумидаги автобусларнинг ёниб кетиши билан боғлиқ еттита ҳолат қайд этилган.