Демак, шу йилнинг 18 июнида эълон қилинган хабарга кўра, Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, "Ниҳол” мукофоти
совриндори Отабек Муталхўжаев, хонанда Дилшод
Раҳмонов, "Уммон” ва "Манго” гуруҳлари хонандаларининг
лицензиялари амал қилиш муддати тугатилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
артистлар Иззатилла Ибрагимов, Собиржон Мўминов, Алишер Турдиев, Равшан
Комилов, Тоир Қўзиев, "Ниҳол” мукофоти совриндори Ҳулкар
Абдуллаева ва хонанда Фарҳод Саидовлар эса қаттиқ
огоҳлантирилган ҳамда уларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун 1
июлга қадар муддат берилди.
Бироқ, кейинчалик "Ўзбекнаво" сайтидаги ушбу ахборотномага ўзгартириш
киритилди. Унга кўра, лицензияси бекор қилинган қўшиқчилар сафига хонанда
Жасур Умиров ҳам қўшилган.
Эътироф этиш жоиз, хонандаларга қўлланилган ушбу чора сайтимиз ўқувчиларининг
аксарияти томонидан қўллаб-қувватланган. Лекин огоҳлантирилганлар орасида
Алишер Турдиев (Файз)нинг борлиги кишини бироз ҳайрон қолдиради. Алишер Файз
ўтган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган эди.
Санъаткор қўшиқ мухлисларига ўзининг қатор миллий эстрада йўналишида ижро
этилган ижодларини ва мунтазам равишда концерт дастурларини тақдим этиб
келмоқда. Лекин масаланинг асл моҳияти "Ўзбекнаво"га аёнроқ, нима
бўлганда ҳам хонандаларнинг бундан тўғри хулоса чиқаришларига умид билдириб
қоламиз.
Manba:darakchi.uz