Каран Жоҳар! Болливуддагилар у билан ишлаш истагини ҳеч
қачон яширмайди. Айни пайтда Каран актёр ва актрисалар учун "Омадли йўлак”
ҳозирлайдиган сеҳргардек...
— Режиссёр сифатида шу қадар оммалашиб кетдингизки, барча сиз
билан учрашиш истагини яширмаяпти?
— Бундай муносабатдан мамнунман! Лекин афсуски, студиямизга
келган ҳар бир одам билан ишлаш, ўтириб бафуржа суҳбатлашиш имкони йўқ.
— Шу қадар ишга кўмилганмисиз?
— Ҳар ҳолда бекорчи ҳам эмасман! Вақтимни режали сарфлашни
маъқул кўраман. Бу билан бошқаларнинг вақтига ҳам хиёнат қилмайман.
— Телешоуларингиз оммалашди, фильмларингиз дунё
экранларини эгаллаяпти, Дхарма Продакшнинг фаолияти ҳам "гуллаяпти”... Омадингиз
келди?
— Фақат омадга боғлиқ бўлганида эди, дунёдаги миллионерлар
топган-тутганини медиага, хусусан кинога сарфлаган бўларди. Шунчаки, ҳар бир
ишимни сидқидилдан бажардим ва мувафаққиятларимга ишониб қадам ташладим.
Натижаси шундай бўлаяпти!
— Шоҳрух ва Кажол сиздан қанчалик миннатдор?
— Бунисини ҳатто, ҳазил билан ҳам сўраб кўрмаган эканман.
Лекин мен улар билан ишлаш бахтидан ҳеч қачон ўзимни мосуво қилмайман!
— Шоҳрух билан ўртангизда муаммолар туғилганди?
— Буни инкор этмайман. Лекин сабаби ва бўлиб ўтган
гап-сўзларга тўхталиш шарт эмас.
— Турли хил миш-мишлар "болалади”. Изоҳлаш
керакмиди?
— Йўқ! Шундай воқеалар борки, ҳар қанча оммалашмасин изоҳга
ҳожат йўқ. Шоҳруҳ билан ўртамиздаги муносабатларимизда даллолларга эҳтиёж
сезмаймиз.
— Уйланиш ҳақида анча йиллардан бери гапирасиз. Лекин
шахсий ҳаётингизда ҳамон "жимжитлик”?
— Тўғриси, бу жимжитликдан ўзим ҳам безганман. Қани эди
оилам, болаларим бўлса, деганимда бошқа ишларга шўнғиб кетган бўламан. Ишни
якунлаб, яна шундай ўйга берилганимда... шу тариқа давом этаяпти ҳаёт. Турли
гап-сўзлар қулоғимга чалинган, ўзим ҳақимдагиларни айтаяпман. Мен севиб қолишим
керак!
— Каран сиз учун оила...
— Эр-хотин қўшнилардек яшашни ҳазм қилолмайман. Ишга бориб
келиш, фарзандлар тарбиялаш, яна қандайдир жараёнлар... Мен одатийликда
туйғулар емирилиб кетишидан қўрқаман. Балки шу сабаб ҳали ҳам ёлғиздирман.
— Болливудни кимсиз тасаввур қилолмайсиз?
— Ўтмишни Яш Чопрасиз, бугунни Шоҳрухсиз, келажакни Каран
Жоҳарсиз!
— Ўзингизга яхши баҳо беришни биласиз...
— Агар одам ўз имкониятини чегараласа, унинг ғалабалари ҳам
бармоқ билан санарли бўлади. Рақамлар беш ёки ўн билан тугамайди-ку!
— "Йил талабаси 2” яна мувафаққиятли чиқишига
умидворсиз?
— Агар ишонмаганимда иккинчи лойиҳага қўл урмаган бўлардик.
Кўзим етадиган ишни қилишни яхши кўраман. "Қурбон” устида ишламаслигимни
маслаҳат берганлар бугун ўша фильмни қайта-қайта кўрганини айтаяпти.
— Яна Шоҳрух ва Кажол жуфтлигини экранга қайтариш
тараддудидасиз?
— Уларни соғиндим. Шунинг учун бу ишга шўнғимоқчиман.
СЕВДО тайёрлади