«Universal Pictures» кинокомпанияси актёр Пол Уокернинг
ҳалокатидан кейин «Форсаж 7» фильмини суратга олиш ишларини тўхтатди.
"Ҳозир биз ҳаммамиз Полнинг оиласига ёрдам беришимиз керак. Суратга олиш
ишларини номаълум муддатга тўхтатишга қарор қилдик. Фильм мухлисларига
кейинги режалар ҳақида албатта хабар берамиз. Ҳозир эса уларнинг ҳаммаси
қимматли дўстимиз Пол Уокер билан видолашиш ва уни сўнгги йўлга кузатиб
қўйиш учун бизга қўшилади, деб ўйлаймиз”,
- дейилади компания хабарномасида.
Сентябрь ойида 40 ёшга тўлган актёр 30 ноябрь куни Калифорнияда ҳалок
бўлган эди. Ҳалокат пайтида у дўсти Роджер Родас бошқараётган спорткарда бўлган.
Автомобиль номаълум сабабларга кўра тўсатдан бошқарувни йўқотган ҳамда
дарахтга бориб урилган ва ёниб кетган. Ҳайдовчи ва актёр ўша жойнинг ўзида
ҳалок бўлган.
Уокернинг яқинлари машина носоз бўлган ва дўстлар уни текшириб кўришга
қарор қилган деб
ҳисобламоқда. Уокерга яқин бўлган актёрлар у экранда яратган имиждан
фарқли ўлароқ ҳеч қачон автомобилни катта тезликда бошқармаганини, йўл
ҳаракати иштирокчиларини ҳурмат қилганини қайд этади.
Шу ўринда, "Форсаж” фильмининг олтинчи серияси халқаро прокатда 2,4
миллиард доллар олиб келганини айтиш жоиз. Охирги олтинчи лента фильм
ижодкорларига 789 миллион доллар даромад келтирди. "Universal” компанияси
олтинчи фильмни сотишдан тушадиган маблағларнинг бир қисмини Уокернинг
хайрия жамғармасига ўтказишни ваъда берди.