31 январ куни "Уммон” мухлисларининг узоқ кутилган куни эди. Ахир, ашаддий мухлислар кумирлари билан "текин” учрашиш бахтига муяссар бўлиб, хит тароналарни тинглаш умидида "Мега Планет” савдо мажмуасига йиғилишганди. Бироқ, ҳаммаси чиппакка чиқди!
ТВ ва интернетда тинмай реклама қилинган хабар жуда тез тарқалиб, минглаб мусиқа ихлосмандларини мажмуага йиғди. Бу шундай ҳол эдики, тасвирлашдан кўра, бир бора кўрмоқ керак эди! "Мега планет” одатий тарзини йўқотди. Ғиж-ғиж одам. "Уммон”нинг янги альбомини харид қилувчилардан кўра, уларнинг "тирик”ини кўришга ошиққанлар кўп. Қий-чув...Оёқ босишга жой йўқ! Сайтимизда ёзганимиз рост бўлиб чиқди: мега савдо мажмуи мухлислар "уммон”ига ғарқ бўлди! Тирбандлик "Нирвана” магазини ойна деворларини синдириб юборди. Саҳнага муштоқ кўзларга ҳеч нима аҳамиятсиз. "Уммон” куйласа бўлгани. Бир неча бор огоҳлантиришлар ҳам самара бермади. "Уммон”нинг альбом тақдимотидан баҳраманд бўлиш учун ташриф буюрган Асал Шодиева, Ойбек ва Нигора, Даврон Кабуловлар ҳам "шок”да. Хуллас, ҳаммаси тинчгина ўтишининг бирдан бир чораси, "Уммон”нинг қочиб қолиши эди. Шундай бўлди ҳам. Мажмуанинг орқа эшикларидан йигитларни машинага жойлаб, кўздан ғойиб қилишди. Буни ҳеч ким кутмаган эди. Бироқ, ҳаётда ҳамма нарса бўлади деб шуни айтса керак. Энг қувонарлиси, арзиса арзимаса шу кичик истеъдоди билан шунча ютуқларга эришяптими, йигитчаларга қойил қолмасликнинг асло иложи йўқ! Бу гал альбом тақдимотини ўтказиш ҳақида мухлислар "уммони”га бардош берадиган бошқа жой танлаш ҳақида ўйламоқ даркор. А, лаббай?