Юлдузлик даражасига етишишнинг ўзи эмас. Эришгандан сўнг бу “юк”ни кўтариб юриш учун бақувват елка керак. Кибрга берилган машҳур елкалари эса ожизликка юз ютиб, “синиб” кетади. Бироқ, омад келганида яхшилаб ушлаб қолмасанг, кейин излаб юрасан! Бугун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан лизенция олган санъаткорлар сони бир неча мингдан ошади. Бироқ, ўша минг-минглардан саноқлиларигагина эл талаби катта. Бу талаб тўй, концертлар ва гастролларда ўз ифодасини топади. Мавсумий хитлар яратиб, ўз устида тинмай ишлаётган хонандаларга қизиқиш ҳам катта бўлади. Қуйида, сайтимиз ўрганиб чиққан таҳлиллар асосида “Энг талабгор”лар рейтигини туздик. 1-ўрин. Юлдуз Усмонова ҳамиша трендда! Унинг қайси қўшиғини “пасспорт” қўшиғи дея айта олмаймиз?! Қизиғи, йиллар, замон, ҳаёт қанчалар ўзгармасин, унинг ижоди эътиборсиз қолиб кетган қайси паллани эслайсиз? У борган тўй байрамга айланади! Ҳолливудга хос суратга олишлар у келган давраларда бошланади! Нечта айпад, айфон ё фотоаппарати борни ана кўринг, мана кўринг! Юлдузни қанчалар яхши ё ёмон кўрамиз, қанчалик қадрига етяпмиз ё йўқ, у ўзбек санъатида энг талабгор юлдуз. Сўнгги пайтда қўшиқлари ротацияга ҳам муҳтож эмас. У янги қўшиқ куйласа бўлгани, топиб олиб эшитишни эса тингловчилар эплаяпти. Унинг жонли куйлаши оммага янгилик эмас. Неча йилларки, овозини баралла қилиб сайратмоқда. Тўғри, сўнгги пайтда унинг мусиқий чиқишларига фонограмма аралашиб ҳам қолмоқда. Балки, “жонли куйловчилар” кўпайиб қолганидан, уларга ҳам ҳалол ишлари учун имкон бераётгандир?!
Юлдуз энг кўп қўшиқлар репертуарига эга хонанда. Бу борада беллашиш учун майдонга тушадиган ҳали бери туғилмади. Юлдузнинг юлдузлик сири ҳануз сирлилигича қолмоқда. Бунга жавоб тополмасак ҳам керак. Ахир, Ҳақ берган истеъдодни ким ҳам муҳокама қилар оларди?
Юлдуз энг талабгор юлдуз. Унинг энг кўп гонорар тўланадиган хонанда эканлигини ҳам инобатга олсак, у ҳақиқатан “Санъат қироличаси” мақомига муносиб! 2-ўрин.Озодбек Назарбеков “фонограмма”дан тўлиқ воз кечишга ўзида қудрат топа олган халқ артисти. 2013 йилда “Регистон”да шов-шувли концерт берган биринчи ўзбек хонандасига айланди-ю, (яна кимларга бу қадимий майдонда концерт бериш насиб этади ё йўқ, бу номаълум) 2014 йилдаги баҳор концертларида “фонограммачи халқ артисти” тамғасидан халос бўлди. Озодбек самимийлиги, босиқлиги билан ҳурмат қозонди. Ана шу ҳурмат у қандай қўшиқ куйлашидан қатъий назар элнинг талабига сабаб бўлмоқда. Сўнгги йилларда эсда қоладиган, оммалашган қўшиқлари бармоқ билан санарли. Унинг қандай қўшиқлари борлигини билмайдиганлар ҳам топилади. Бироқ, Озодбекнинг тўйларда “пайдо” бўлиши хонадон эгалари учун обрўга айлангани рост. Бир пайтлар Анвар Санаевнинг вилоятлардаги аншлаг концертларига, мухлисларга тўла стадиондаги концертларига ҳавас қилган Озодбек бугунги кунда Санаевга орзу бўлиб, йирик ўйингоҳларни тингловчиларга лиқ тўлдирмоқда. Талаб замон зайлига қараб ўзгариб боришига бу яхшигина мисол бўлса керак! Бир пайтлар Санаев 20.000 кишилик стадионни гап-сўссиз аншлаг қила олган бўлса, Озодбек Анвар машҳурлигининг ёнига йўлаши тугул, бир неча юз километр узоқда турарди, бугун Анвар Санаев “Истиқлол”да зўрға 2 кун концерт берса, Озодбекда бу рақам 10 карра ортади! Озодбек “омад қуши” ортидан эргашиб, деярли олмаган унвони ва мукофоти қолмади, Санаев ёши 40дан ошди-ю, ҳануз...шунчаки Санаев!
Хуллас, Назарбеков энг талабгор юлдузларнинг 2-поғонасида. Унинг гонорари қимматлик бобида Усмонованикидан кейинги ўринда туради. “Истиқлол”даги 19 та яккахон концертдан кейин Назарбековнинг қайси қўшиғи оммалашмоқда? Хўш...Хўш...Узоқ сукут энг яхши жавоб экан. Балки сизда бирон жўяли жавоб бордир?! 3-ўрин.Улуғбек Раҳматуллаев “омад тожи”ни кийиб олган хонанда. Нима куйласа, хитга айланмоқда. Пойтахтнинг энг муҳаташам тўйхоналарида деярли ҳар куни хизматда. Қизиғи, унинг ижодида нотаниш қўшиқ йўқ. Премьера қилишни уддалаяпти-да! Ҳар янги қўшиғи радиода жаранг сочиши биланоқ, орадан озгина фурсат ўтгач, янги клипни оммага тақдим этмоқда. Қўшиқ сўзлари ҳам бачкана эмас. Нима куйлаётганини ўзи тушунгани учун ҳам, тингловчилар ҳам тушуняпти! Хонанданинг иш юритувчиси Дилшод Раҳматуллаевга ҳам қийин. Бир кунда 7-8 та тўйдан таклиф тушади. Ҳар бир тўй эгасининг кўнглини олиш учун 19.00-22.00гача оралиқдаги вақтни тақсимлашнинг ўзи бўлмайди. Хорижда ҳам қўшиқлари оммалашаётганини инобатга олсак, Улуғбекка яқин орада узоқлардан тўй таклифлари тушса, ажабмас!? 4-ўрин. Райҳоннинг шахсий ҳаёти ва ижодига дохил бирон янгилик ё хабар омма эътиборидан четда қолмайди. Унинг тўйи, эгизаклари билан боғлиқ шов-шувлар ҳануз одамлар оғзида. Райҳон шоу қилиш бобида етакчи. Унинг концертларига чипталар ҳафталар давомида тўлиқ сотиб тугатилиши ҳеч кимга сир эмас. Райҳон борган тўй мухлислар севимли юлдузини учратиши ва эсдалик учун суратга тушиш учун энг қулай фурсатдир! Шу босдан ҳар доим саҳна олдига у томон талпинганларнинг турнақатор навбатига кўз тушади. Бу анъана неча йилларки, давом этмоқда. 5-ўрин. Шаҳзода ёрқин табассуми билан бошқа ҳамкасбларидан ажралиб туради. Сўнгги йилларда у ижодида миллийликка урғу қаратгани алоҳида ҳурматга сазавор. 2014 йилда энг эсда қоладиган хити “Қайнона” бўлмоқда. Хонанданинг Алишер Файз билан куйлаган шарқона оҳангдаги дуэти, “Мўтти-мўтти” халқ қўшиғини янги руҳда ижро этгани ижодий серқирраликдан дарак! Шаҳзода ёшларнинг ифтихори рамзига айланган ўзбек футболи ҳақида ҳам қўшиқ яратгани у фақатгина dance услубидаги шўх тароналар билан чекланиб қолмаганини кўрсатади. Маълумотларга қараганда, хонанда сентябр ойида республикамиз бўлаб турне бошлайди! “Тарона рекордс”нинг бош қиёфасининг бугун тўйлари сероб. 6-ўрин. Алишер Файзнинг тахаллуси ўзини оқламоқда. Сўнгги 5 кунлик яккахон концерти устози бошчилигида ўтди. Озодбекнинг дуосини олиб, кам бўлмаяпти. Пойтахтдаги тўйларда уни кам учратишса-да, вилоятларда ошиғи олчи! Янги альбомидан ҳали бирон қўшиғи оммалашишга улгурмаган бўлса-да, элнинг хизматларида талаб катта. Назарбеков республикамизнинг турли вилоятларида бир неча гастрол концертларини тақдим этишга улгурди, бироқ, шогирд “отини кейинроқ қамчиламоқчи” шекилли, ҳануз гастроллардан дарак йўқ. Балки, тўйлари кўплигидандир?! 7-ўрин. НилуФар яккахон ижодини бошлаганига у қадар кўп бўлмади-ю, бироқ, унинг “Тантанам”и ҳақиқий хитга айланишга улгурди. Поездда, кафеда, самолётда, автобусда... Ҳаммаёқда “Тантанам”! Шу биргина хит унга бўлган талабни ошириб юборди. Пойтахтнинг юзлаб тўйларида жаранг сочмоқда. Мухлислар талаби билан “Тантанам”нинг мантиқий давоми ҳам яратилди. Энди дуэт тарзида. Жаҳонгир Позилжонов билан куйланган бу дуэт ҳали клип суратга олинмасидан оммалашишга эришди. Нилуфарнинг янги дуэтдоши Позилжоновдан тўйларда “Тантанам”ни куйлашларини сўраганлар ҳам талай. Бундан буёғига ҳам шундай баланд рейтингда туриш насиб этаверсин! Яхши ижод қилган, мухлиссевар санъаткорлар ҳеч қачон эл назаридан қолмаслигининг кичик исботи бу! 8-ўрин. Жасур Умиров июн ойининг қоқ ўртасида 3 кунлик янги яккахон концертларини тақдим этади. Шунданми, сўнгги ойларда унинг бўш вақти тирбанд бўлгани рост. Шу боисдан, тўйга боришга ваъда бериб, сўзининг устидан чиқмаган бўлса, тушунишга ҳаракат қилинг. 9-ўрин. Сардор Раҳимхонга “Чақачум” ва “Дўст”и янги муваффақиятларни ҳадя этди. “Дўст”ни қоратанлилар ҳам куйлаганини яқинда тарқаб кетган видеода ҳам кўрдик. Хонандани шу икки қўшиқ туфайли кўплаб тўйларга таклиф этишмоқда. Раҳимхоннинг давраларга файз киртиши ҳам бўлакча. Шу боисми, тўйларда уни тез-тез учратасиз. Гастроллар ҳануз бошлангани йўқ. Бироқ, бошланиб қолса, шу икки қўшиқ учун ҳам концертга чипта харид қилсангиз, ачинмайсиз! 10-ўрин. Манзура. Ўз исми билан бутик очган биринчи ўзбек хонандаси. Эҳтиросли клиплари ва қўшиқлари билан танилган бу қўшиқчи тўйларда деярли жонли куйламайди. Бироқ, унинг қўшиқлари фонограммаси ажойиб тарзда терма қилинган. Шу боис, оммалашган қўшиқлари кетма-кет, бир-бирига уланиб кетади. “Қани, кетдик!” унинг мусиқий чиқишларида микрофондан жонли тарзда жаранг сочадиган севимли чорлови. Манзура вилоятларда ўтадиган мусиқий тадбирларда ҳам фаол. Шохруххонни жуда ҳурмат қилади шекилли, жуда кўп суратга тушиб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштиради. 11-ўрин. Нилуфар Усмонова. Примадоннанинг қизи онасининг эркатойи сифатида эмас, истеъдодли санъаткор сифатида кўпроқ ҳурмат қозонмоқда. Тўйларда ўз хитлари билан бирга Юлдуз Усмонованинг қўшиқларини ҳам маҳорат билан ижро этади. Энг эътиборли жиҳати шундаки, у эл хизматларига битта тансоқчи ва диск қўйиб турадиган йигит билан эмас, мусиқичалари билан ташриф буюради. Жонли ё фонограммада куйламасин, мусиқачилар саҳнани тўлдириб, мусиқий асбобларини берилиб чалишни уддалайди. Ҳали яккахон концерт бериб, гастрол-концертлар билан вилоятларни кезмаган бўлса-да, тўйларга жуда кўп марта таклиф этилади. 12-ўрин. Зиёда тарбияли хонанда. Жонли овозда куйлаш учун барча имкониятлари етарли-ю, негадир у ҳам аксарият ҳолларда фонограммада куйлайди. Сўнгги пайтда янги қўшиқлари ва клиплари кам. Бироқ, ўтган йилларда яратган ажойиб репертуари уни боқиб келмоқда. Зиёда тўйларда даврани қиздира олади. Шу боисми, унга талаб ҳануз ўз кучида.