Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » SHOU-BIZNES HABARLARI

30 га яқин давлат тан олган ўзимизнинг Юлдуз
“Ниҳол” мукофоти совриндори Юлдуз Турдиевани анчадан буён танисамда шу вақтгача машҳурлик шохсупаси учун курашганини, танилишга уринганини сезмаганман. Бу хонандага бошқалар каби машҳурликдан ҳаволаниш, юлдузлик касалига чалиниш каби одатлар умуман ёт. У ҳануз ўзини таниқли эмасман дейди. Ҳатто қанча танқидий саволлар бермайлик, бошқалар каби истиҳолани четга суриб бетга сапчимади, аксинча, вазминлигини йўқотмади. Ҳолбуки ундаги иқтидор, маҳорат бугунги манаман деган “юлдуз”ларимизникидан анча юқори. Унинг истеъдодига баҳо бериш учун қўшиқларини бир бора эшитиб кўришнинг ўзи кифоя. Дарвоқе, бу Турдиеванинг газетамизга берган илк интервьюси. Пайтдан фойдаланиб унинг томошабинлар нигоҳига муҳрланган миллий образини бироз ўзгартиришга ҳаракат қилдик.

— Тўғриси замонавий образда сизни кўриш шахсан мен учун ҳам жуда қизиқ бўлганди. Менимча чакки эмас. Балки йўналишингизни ўзгартирарсиз.

— (кулиб) Очиғи, ўзимнинг ташқи кўринишимни ўзгартириш ҳақида жуда кўп ўйлайман. Лекин одамлар нима деркин деган андиша ҳеч йўл бермайди. Керак бўлса Шакиранинг қўшиғини ҳам айтаман. Инглиз, француз тилидаги қўшиқларни уйда, хориждаги концертлардан тинимсиз куйлайман, лекин ўзимизнинг мухлислар қаршисида айтишга, замонавий аёл тимсолида гавдаланишга бироз уяламан. Балки бу ички меним билан боғлиқ ҳолатдир.

— Юлдуз Турдиева ҳали ўз йўлини топмаган санъаткор. Бу фикр менимча айни ҳақиқат.

— Тўғри айтасиз. Мен ҳали санъатда ўз йўлимни топмадим. 2009 йил Озарбайжонда ўтказилган Байналхалқ муғом фестивалида ғолиб бўлганимдан сўнг кўпчилик мени мақом ижрочиси сифатида таниди. Қаерга бормай озор тилидаги қўшиқларни сўрайдиган бўлишди. Ваҳоланки, мен на ўзимизнинг санъатимизда ва на Озарбайжон муғом санъатида арзигулик иш қилмаганман. Шу вақтгача қайси йўлдан кетишим кераклиги-ю, айни вақтда қайси йўлдалигим доим ноаниқ бўлган.

— Бугун санъатимизнинг илғор аёлларига қараганда сизнинг имкониятларингизни мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам юқори баҳолашади. Лекин сизни ёшлар базўр танишади.

— Буни биламан (ўйланиб).  Мен санъатга танилиш ёки машҳурлик учун кирмаганман. Балки бу гапларим сизга эриш туюлар. Қолаверса, бугун санъатда танилиб ўз ўрнингизни топишга иқтидорнинг ўзи камлик қилаётганини очиқ айтиш керак. Яхши реклама ҳеч қачон зарар қилмайди. Тўғри, ўз вақтида ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганлар, продюсерликни таклиф қилганлар кўп бўлди. Бироқ рози бўлмадим. Бир сўм топсам ҳам оиламга ташидим. Оиламдан ортганини ижодимга сарф қилдим. Шукр, бугун моддий жиҳатдан камчилигим йўқ. Балки мен учун аталган юлдузли онлар ҳали олдиндадир (кулиб).

Бугунгача машҳур бўла олмаганимнинг сабабини атрофдан эмас, ўзимдан қидираман. Очиғи жуда дангасаман (кулиб). Санъаткорлар орасида энг дангаса хонанда деб ном чиқаришим ҳам бежиз эмас. Билмадим негадир менда бошқалар каби шошилиш, таниқли бўлишга кураш деган нарсалар йўқ. Ҳатто Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳам бир неча бор “Сенга қўшиқлар топиб қўйганман, ўшаларни айтсанг-чи” деб маслаҳат бердилар. Қани энди ҳафсала қилсам. Менимча дангасалигимга нуқта қўядиган пайт келганга ўхшайди.

— Ўзингиздан ёш, лекин сиздан таниқли хонанда билан турибсиз-у одамлар ундан дастхат оляпти. Қандай ҳолатга тушасиз?

— (кулади) Буни тасаввур қилишим шартмас, чунки бундай ҳолатлар менда жуда кўп учрайди. Хонандалар Зиёда ва Дилсўз билан жуда яқинмиз. Одамлар келиб уларнинг санъатига баҳо беришса ёки журналистлар интервью сўрашса мендан аввал гапиришга уялиб “булар Юлдуз Турдиев бўладилар” деб таништиришади.

— Алам қиладими?

— Алам қилганда интервьюни бугун эмас, анча аввалроқ берган бўлардим. Ахир омад ҳаммага бирдай келавермайди-ку.

— Балки машҳур эмаслигингизнинг асосий сабаби сизни танита оладиган қўшиғингиз йўқлигидадир.

— (ўйланиб) Кўнглимга ёқадиган қўшиқни ҳамиша ҳам топа олмайман. Тўғри, менинг ташриф қоғозимга айланган қўшиғим йўқ, лекин мақом қўшиқларимни одамлар қидириб эшитишади. Бу жиҳатдан ўзимни ерга уриш ниятида эмасман (кулиб).

— Нега эстрадага ўтдингиз?

— Мени тўла-тўкис мақомчи дейиш ноўрин. Чунки, мақом санъатида ҳали кўп ишлаганимча йўқ. Шунчаки тингловчилар мени мақом орқали таниди. Эстрадага келсак, бу йўналишда ҳам имкониятимни синаяпман. Менимча “Қайдасан”, “Каландумоғингданей” қўшиқларим ёмон чиқмади.

— “Қайдасан” ҳақида яхши сўз очдингиз. Бу қўшиғингиз аслида озарбайжонлик хонанда Узейирнинг “Манагал” қўшиғидан олинган. Бундан бир йил аввал худди шу масалада сизга қўнғироқ қилганимда, қўшиқни рухсат сўраб куйлаганман дегандингиз. Узейир билан бўлиб ўтган суҳбатда эса, у сизни танимаслигини айтди.

— Ўшанда қўшиқни ўғирлаб айтибсиз деб қўнғироқ қилганингиз ёдимда. Мен бу қўшиқни айтиш учун рухсат сўраб Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилларига мурожаат қилдим. Озарбайжонда ўтказиладиган тадбирлар, танловларда мамлакатимиз номидан доимий равишда иштирок этиб келганим учун, улар бу қўшиқни куйлашимга рухсат беришди. Узейирга эса, ўзлари хабар беришларини айтишди. Шунга асосланиб қўшиқни ўзбекчалаштириб куйлаб чиқдим. Узейир сизларга нега бундай жавоб бергани менга қоронғу. Ҳолбуки Узейирнинг www.youtube.com сайтидаги шахсий саҳифасида “Манагал” қўшиғи ва “Манагал”нинг ўзбекча талқини, яъни менинг “Қайдасан”им жойлаштирилган ва бу қўшиқ ўзбекистонлик хонанда Юлдуз Турдиева томонидан куйланган деб ёзилган. Агар у мендан норози бўлганда қонуний йўл билан эътироз билдирган бўларди.

— Санъаткор аёллар турмуш ўртоғини менсимайди дейдиганларга қандай қарайсиз?

— Бироз аввал “Юлдуз ҳам ўзгариб кетибди, эрини менсимай қўйибди” деган гаплар қулоғимга чалинди. Хафа бўлдим. Турмуш ўртоғим билан Ўзбекистон давлат консерваториясида бир курсда таҳсил олганмиз. Ёшимиз ҳам тенг. У киши менинг созандам. Тўй хизматлари, концерт дастурларида созандаларимнинг ишларидан қониқмасам ҳаммаларини бир ерга йиғиб айбларини вақтида айтаман. Чунки жонли ижрода куйлашнинг ўзига яраша машаққатлари бор. Бунда ҳеч қандай хато кечирилмайди. Агар турмуш ўртоғим хатоликка йўл қўйса, бошқалар қатори уларнинг ҳам айбларини айтаман. Агар шу ишни қилмасам созандаларим орасида келишмовчилик чиқиши, ўз эрининг хатосини айтмаяпти деган гаплар тарқаши турган гап. Буни кўрганлар эса, Юлдуз эрини менсимай қолибди деган бўлиши мумкин. Уйда эса оддий аёлман. Турмуш ўртоғим ҳам ҳаддимдан ошишимга йўл қўйиб қўядиган эркаклардан эмас. Менимча ҳам шундай бўлиши керак. Қачонки оила бошлиғи бироз бўш келса, аёл киши ҳаддидан ошишни бошлайди. Барибир аёлмизда...


— Фарзандларингиз ҳақида гаплашсак.
—  Қўйинг мени қийнаманг. Иккинчи ўғлим туғилганида бунисига энди ўзим қарайман, ҳамма ишимни йиғиштираман дегандим. Қаёқда, узоққа чўзилмади. Куни-кеча катта ўғлим “ойи, боғчамизда ота-оналар мажлиси бўларкан, илтимос боринг” деди. Ўшандаги ҳолатимни тушунтириб беролмайман. Бўғзимга нимадир тиқилди. Наҳот бугун топганларим, болаларимга ажратолмаган меҳрим,  вақтим эвазига бўлса. Хўп дедим-у, барибир боролмадим. Кун келиб фарзандларим мени тушунишларига ишонаман.

— Юқорида энди ижодга маҳкам бел боғладим дедингиз. Режалар қандай?

— Келаси йил жонли ижрода яккахон концерт дастуримни тақдим этмоқчиман. Ҳаракатни ҳозирдан бошлаганмиз. Балки мухлислар Юлдуз Турдиевани янгидан кашф этишар. Ишонаманки, ҳали ҳаммаси олдинда.  

 
Қамариддин ШАЙХОВ суҳбатлашди


Категория: SHOU-BIZNES HABARLARI
Просмотров: 11085 | Комментарии: 5 | Рейтинг: 0| Рейтинг: юлдуз, давлат
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 5
belleyroza Юлдуз усмонова Билан юлдуз турдиеванинг орасида йер Билан осмонча ФАРК борку
Like | 0
konservant Kim u ayol endi eshityabman dunyoni 30 davlati tan olibdi vo ajaab Balki Yulduz Usmonovadir?
Like | 0
belleyroza УЗИ артистхам купайиб кетяптиде 30та давлат тан олсайу узининг йуртидагилар билмаса менхам танимайман
Like | 0
Zuxa9202 Shahzoda, rayhona, manzura, tamila, munisa, dilso'z, sarvara, sevara, nasiba, amira... xullas hammasini taniyman, lekin bunisini tanimadim.
Like | 0
boyvo44abola bu ayolni man endi eshitdim
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 18:44
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное