Бугун, яъни 24 июль куни америкалик қўшиқчи, актриса ва продюсер Женнифер Лопеснинг туғилган куни, у 45 ёшга тўлди. Бу ҳақда Gazeta.ru.га асосланиб daryo.uz хабар берди.
Қисқача таржимаи ҳолидан: Женнифер Лопес Нью-Йоркда катта бўлиб, мусиқа ва хореографиядан таълим олган. Карерасини тунги клубларда ишлашдан бошлаган Лопес, кейинчалик New Kids on the Block гуруҳи билан ҳамкорлик ўрнатади.
1990 йиллар бошида Женнифер телешоуларда пайдо бўла бошлайди, киноларда рол ижро этади. Унинг энг катта муваффақияти «Селена» биографик драмаси (1997) бўлиб, бу кинофильмдаги ижроси учун Лопес «Олтин глобус» номзодлари орасидан жой олган.
Сўнгги йилларда актриса киноларда кам рол ижро этмоқда. Бироқ у қатнашган кинолар жами икки миллиард долларга яқин пул тўплашга муваффақ бўлди.
Мусиқа соҳасида ҳам кўплаб ютуқларга эришиб келаётган Женнифернинг «On the 6» номли илк альбоми 1999 йил чиқиб, Billboard-200 рейтингида 8-ўрингача кўтарилган бўлса, унинг иккинчи «J.Lo» альбоми ушбу рейтингнинг биринчи поғонасини забт этган.
Ҳозирда унинг альбомлари сони саккизтани ташкил этади. Сўнгги, саккизинчи «A.K.A.» пластинкаси 2014 йил июнь ойида мухлислар эътиборига тақдим этилиб, Billboard’нинг кучли ўнлигидан жой олди.
Женнифер Лопес икки марта «Лотин Греммиси»да ғалаба қозониб, асосий мусиқий мукофот «Гремми»нинг номзодларидан бўлган.