Автомобиль олиш учун электрон ариза бериш хизмати ишга тушди
Ўзбекистоннинг Ягона интерактив давлат хизматлари портали «Тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжи учун маҳаллий автотранспорт воситаларини сотиб олишга электрон ариза бериш» номли янги хизматни йўлга қўйди, деб хабар бермоқда Pressnews нашри.
Эндиликда ўзининг тадбиркорлик фаолияти учун енгил ёки савдо автотранспортини харид қилишни истаганлар офисдан чиқмаган ҳолда автомобиль модели ва минтақавий дилерни танлаши мумкин. Шундан сўнг, истеъмолчи танланган моделни дилердан олиш учун ёздириб қўяди.
Ҳозирда Ягона портал орқали General Motors Uzbekistan Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси, Самарқанд автомобиль заводи МЧЖ ва JV Man Auto-Uzbekistan Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасининг автомобилларини харид қилиш учун ёзилиш мумкин.
Мазкур хизмат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан йўлга қўйилди.