Economist Intelligence Unit аналитик компанияси ва BuzzData фирмаси дунёнинг энг яхши шаҳарлари рўйхатини тузди.
Уларга кўра, дунё рейтингида Тошкент яшаш шароити энг яхши бўлган шаҳарларнинг 58-ўрнини забт этди. 140 ўринлик рўйхатга Марказий Осиёдан биргина жонажон пойтахтимиз киритилгани эса жуда қувонарли! Рўйхатнинг биринчи ўнталигининг энг юқори ўрнига Гонконг муносиб топилган бўлиб, ундан сўнг Амстердам, Осака, Париж, Сидней, Стокгольм, Берлин, Торонто, Мюнхен ва Токио жой олади.
Вашингтон – Шимолий Америка қитъасидаги иккинчи энг яхши шаҳар дея тан олиниб, унга 14-ўрин раво кўрилган. Инсоният учун яшаш шароити жуда оғир бўлган шаҳарлар дея Теҳрон, Найроби ва Лусака алоҳида "сийланган”. Рейтингни тузишда қуйидаги жиҳатлар эътиборга олинган: аҳоли зичлиги, ҳаво сифати, алоқа, атроф-муҳит ҳолати ва зарарли моддалар миқдори, кўкаламзорлаштириш, бошқа шаҳарларга яқинлиги, маданий бойлиги.
"Тошкентнинг донини еган чумчуқ Маккатиллодан қайтиб келади” деб бежизга айтишмайди. Дунёда юзлаб шаҳарлар орасида Тошкенти азимга муносиб баҳо берилиши юртдошларимизни хурсанд қилиши табиий. Шундай экан, ҳар биримизга "энг яхши шаҳар” муборак! Келинг, биргаликда унинг рейтингини энг олий чўққига чиқариб, Гонконгни ҳам ортда қолдирайлик!