Яқинда Феруза ижодидаги энг катта янгилик унинг лицензияси қайтарилгани бўлганди. Бу ҳақда хурсанд бўлиб оммага билдиргандик ҳам. Узоқ вақт кутилган “омад қуши” қўнгани, энди уни маҳкам ушлаб қолишини тилагандик. Негадир, “омад қуши” Жуманиёзова бошида узоқ тура олмади. Хонанда лицензиясини қайтариб олганида қувонч кўзёши тўкиб, вазиятдан унумли фойдаланиб, янги клипларини дарҳол ТВга етказди. Бироқ, бугунги маълумотлар эса узоқ кутилган хушкайфиятни яна қайғуга ботирди. Бу вазиятда бировдан айб ҳам тўнкаб бўлмайди. Ким нима қилса, аввало, ўзидан, ўз ҳатти-ҳаракатидан кўрмоғи даркор. Айрим манбаларга кўра, Жуманиёзова бирлашмани огоҳлантирмасдан хорижга, хусусан, Исроилнинг Тел-Авивига гастрол-сафари уюштирган.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси расмий маълумотига кўра, хонанда Феруза Жуманиязова томонидан лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар мунтазам равишда бузиб келинганлиги сабабли, Бирлашманинг 2013 йил 13 августдаги МР-15-сон буйруғи асосида берилган АJ-3937-рақамли лицензиянинг амал қилиши 2014 йил 3 июндан тугатилди.
Нима бўлса, яхшиликка! Бу “тарбиялаш усули”ни бошидан ўтказганлар талай. Кейинги гал Жуманиёзова чет элга чиқишда тартиб-интизомга қатъий риоя қилса, ажабмас. Бошқаларга ҳам, айниқса, “писиб-писиб” хорижга яширинча бориб-келаётганлар ва шу истагидагилар учун яхшигина сабоқ бўлса, нур устига аъло нур.
P/S: Хонанда лицензияси – радио ва ТВда клиплар намойиш этиш, гастрол ва концертларда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Унинг тугатилиши эса юқоридагилар учун берилажак ҳуқуқдан маҳрумлик дегани.