Бу йили Гулнора Каримованинг муаллифлик лойиҳаси бўлган IV
Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови ўз форматини кенгайтирмоқда.
Анъанавий спорт-бал рақслари, халқларга оид рақслар,
street-dance ("кўча” рақси), modern dance (эркин услуб), спорт
акробатикаси ва бадиий гимнастика каби йўналишлардан ташқари, роллерлар,
скейтерлар, велосипедчилар иштирокида "Street Art кунлари”, мавзуга оида
фотокўргазма ҳамда замонавий рақсларнинг Hip-Hop, Hip-Hop Junior (3-12 ёш болалар
учун), Break ва Dancehall йўналишлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтади.
Шунингдек, хорижий раққос ва хореографлардан маҳорат дарслари ташкил этилади. Танловнинг
саралаш босқичлари 7-8 ноябрь кунлари "Ўзэкспомарказ”нинг 4-павильонида
ўтказилади. 9 ноябрь куни энг яхши чиқишлар намойиш этилиб, танловнинг
ғолиблари тақдирланади.
Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови ёш иштирокчиларнинг хореографик
маҳоратини ривожлантириш ва уларнинг профессионал даражасини оширишга
қаратилган. Танлов ёш профессионал ва ҳаваскор спортчиларга катта саҳнада ўз
маҳоратни намойиш этиш имконини беради. Танлов лауреатлари Гулнора Каримова
томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Бу йили танловда иштирок этиш учун Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистондан
30 дан ортиқ рақс жамоалари ариза топширган. Иштирокчиларнинг умумий сони 500
кишидан ошиб кетди. Ҳакамлар қаторидан ўрин олган постановкачи хореограф
Татьяна Круглова, Ўзбекистон халқ артисти, балерина Гули Ҳамроева ва бошқа
мутахассислар 5 ёшдан 25 ёшгача бўлган иштирокчиларни баҳолаб боришади.
Баҳолашда улар чиқишнинг бадиий ва хореографик жиҳатлари, ижро техникаси ва
пластикаси, ҳиссиётлилик, актёрлик маҳорати, мусиқа, хореография ва либослар
уйғунлиги кабиларга эътибор қаратишади.
Street Art бўлимининг 100 дан ортиқ раққослари замонавий рақсларнинг Hip-Hop,
Hip-Hop Junior (3-12 ёш болалар ўртасида), Break ва Dancehall йўналишлари
бўйича ўзаро беллашадилар. Уларнинг маҳорати ёш бўлишига қарамай, анча танилиб
улгурган голландиялик раққос ва хореограф Кензо Альварес ва халқаро рақс
танловлари иштирокчиси ва ғолиби, қозоғистонлик брейк раққоси Шадр томонидан
баҳоланади. Кензо Альварес барча хоҳловчиларнинг 8 ноябрь куни соат 16.00дан
17.30 гача "Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтадиган маҳорат дарсларига чорлайди.
Кейин Шадр ҳам ўз маҳорати сирлари билан ўртоқлашади.
Профессионал фотосуратчилар Руслан Рахматов ва Павел Кимнинг "Стрит-арт”
деб номланган фотокўргазмаси алоҳида эътирофга лойиқ. Уларнинг замонавий ёшлар
рақсига бағишланган минглаб суратларидан энг яхшилари мазкур кўргазма учун
саралаб олинган. Суратларда юртимизда ўтказилган рақс танловлари ва
лойиҳалардан парчалар, раққослар учун махсус тайёрланган фотосессиялар акс
эттирилган.
Роллер, скейтерлар, велосипедчилар ҳам турли йўналишларда ўзаро беллашадилар.
Роллерлар: слалом ва агрессив.
Скейтерлар: фристайл.
Велосипедчилар: фристайл BMX (Bicycle Moto Extreme).
Иштирокчиларнинг кўпчилиги Фонд Форум томонидан шу йилнинг апрель ойида
фойдаланишга топширилган экобоғ ҳудудидаги махсус майдончада тайёргарлик
ишларини олиб боришмоқда.
Танлов асосий бўлим иштирокчиларининг намунали ва танловга киритилган чиқишларидан
иборат гала-концерт билан ниҳояланади. Барча бўлимлар иштирокчилари лойиҳа
муаллифи Гулнора Каримова томонидан мукофотлар ва дипломлар билан тақдирланади.