Кейинги пайтларда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш
ва қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида янги технологиялардан ҳам
фойдаланилмоқда. Daryo.Uz’нинг хабар беришича, тегишли жойларга
видеокамералар ўрнатиш орқали йўл ҳаракатини назорат қилиш, айрим ҳолларда
тегишли автоуловнинг белгиси ёки давлат рақамини аниқлаш ҳам жорий этилмоқда.
Facebook ижтимоий тармоғидаги Only in Uzbekistan саҳифаси 23
январь куни эълон қилган постида айни шу – камера ўрнатиш жараёнининг
иккита сурати берилган. Маълум қилинишича, бу суратлар Тошкент вилоятида,
Назарбек кўприги яқинида олинган.
Мазкур фотосуратларга нисбатан турли муносабат билдирилган.
Фойдаланувчилардан бири бунинг фақат кузатув камераси эканлиги, радар
эмаслигини ёзган бўлса, бошқаси унга эътироз билдириб, шу камеранинг ўзи радар
эканлигини, яна биров эса камералар ҳам машинанинг давлат рақамини, ҳам
тезлигини қайд этишини таъкидлаган. Бир фойдаланувчи эса 2015 йилгача Тошкент
бўйлаб 3000та камера ўрнатилиши ҳақида эшитганини ёзган.
Баъзи фойдаланувчилар эса бундай янгиликлардан фақат хурсанд
эканлигини баён этган. «Кўчаларда бошқа ҳайдовчиларга ва пиёдаларга эътибор
бермасдан, катта тезликда машина ҳайдайдиганларга барҳам берадиган пайт
келяпти», — дейди фойдаланувчилардан бири.
«Мазкур хабар Facebook’нинг 180 дан ортиқ аъзосига
«ёққанлиги» ва қизғин муҳокама этилаётганлиги эса ижтимоий тармоқ
фойдаланувчилари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, янгиликларга
бефарқ эмасликларидан дарак беради».