Тоҳир Содиқов! Бу хонанда билан бир бор суҳбатдош
бўлган аксарият кишилар уни "шарттаки, дилидаги тилида” деса, баъзилар "бироз
қўпол”, деган таърифни ҳам беришади. Аммо Тоҳир Содиқов билан
яқиндан таниш бўлганларнинг фикрибутунлай ўзгача. У аслида кўнгли тоза, ўз
иши ва тингловчилари учун жонини бериб ижод қилувчи санъаткор. Хонанда
билан айнан 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида суҳбатлашишимизнинг
ўзига яраша сабаби бор. Аниқроғи, "Болалар” гуруҳи яккахони Тоҳир
Содиқов 40 ёшдан ошган бўлишига қарамай,тинимсиз севги мавзусида куйлаб, барча
аёлларнинг меҳрини қозониб юрганижодкор. Хонанданинг ижодига қизиқиш бугун
ҳам худди 23 йил илгаригидек.Суҳбат давомида хонанданинг нафақат ижоди балки
унинг оиласи, шахсий ҳаёти ва ички дунёсини очиб берувчи мулоҳазалари билан ҳам танишасиз...
— Сиз билан баҳор ойининг энг гўзал байрамларидан бири 8
март — Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида кўришиб
тураганимиздан ҳурсандмиз!
— Бу интервью шахсан мен учун яхши имкониятлар тақдим
этяпти. Ахир ҳаммага ҳам бир вақтнинг ўзида бутун Ўзбекистон аёлларини байрам
билан табриклаш насиб этавермайди.
— Байрамга тайёргарлик қандай кетяпти?
— Очиғи, мазкур байрамга мана икки ойдирки тинимсиз
тайёрланяпмиз. Уч кун концерт бериш орқали гуруҳимиз азиз аёлларимизга совға
улашгандек бўлади (кулади). Байрам кунларига тўғри келган концертим
ҳақиқий шоу дастур бўлиб, томошабинлар ёдида узоқ вақт сақланиб қолиши аниқ!
Чунки бунинг учун ижодий жамоамиз билан анчагина тер тўкдик. Концертда энг
сўнгги замонавий мусиқа техникаси — "3D mapping”дан фойдаланяпмиз. Янада
тушунарли бўлиши учун Сочида бўлиб ўтган қишки олимпиаданинг очилиш маросимини
эслатмоқчиман. У ерда саҳнага тушурилган суратларнинг тасвири ва
декорацияларнинг ўзгариши айнан "3D mapping”да ишланган. Ғурур билан
айтмоқчиманки, концертимда айнан "Сочи-2014”нинг шоу дастурлари устида ишлаган
ташкилотчи гуруҳ меҳнат қиляпти. Ушбу мусиқий янгилик Ўзбекистонда илк бор
қўлланилиши ва бу ҳақиқий байрам совғаси бўлиши аниқ. Концерт давомида 10 дан
зиёд қўшиғимни тўлиқ жонли ижрода куйламоқчимиз. Мусиқалар ҳам жонли тарзда
ижро этилади. Мазкур янгиликларнинг бари "Болалар” гуруҳи тарихида илк бор
амалга ошириляпти.
— Нега концертингиз юз фоиз жонли эмас?
— Чунки юз фоиз жонли ижрога ўзимни тўлиқ тайёрман,
деёлмайман. Бунинг учун вақт керак.
— Мана икки йилдирки, айнан Халқаро хотин-қизлар
кунига тўғирлаб концерт берасиз. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари борми?
— Боиси қўшиқларим асосан севги мавзусида. Қолаверса,
концертим чипталари қиммат эмас, эркакларимиз ҳам байрамда аёлларга совға
тақдим этишда қимматга тушмайди (кулади). Бундан ташқари, борди-ю аёл
хонанда бўлганимда, 14 январ — "Ватан ҳимоячилари” кунида концерт берардим. Бу
мантиқан тўғри бўларди.
— Ўзингиз-чи? Сиз ҳам оилангиз аёлларига байрам совғаси
сифатида фақат концерт тақдим этяпсизми ёки тайёрлаб қўйган бошқа совғаларингиз
ҳам борми?
— (Кулиб) Фақат концерт билан қутилсам уят
бўлар. Очиғи, кимга қандай совға олиш кераклиги ҳақида ўйлайдиган ёрдамчиларим
—жиянларим, қариндошларим бор. Улар йил давомида ҳеч кимга билдирмаган ҳолда
кимга қандай совға зарурлиги ҳақида билиб беришади. Тайёр совғани олиб, уни
эгаларига тақдим этиш эса меннинг вазифам (кулади).
— Байрам кунлари рафиқангизга уй-рўзғор ишларида
ёрдам берасизми?
— Ҳеч қачон рўзғор юмушларидан қочган эркак эмасман. Техника
борасида уқувим бўлгани боис уйдаги техник жиҳозларни ўзим созлайман. Ошхонага
фақат аёллар кириши керак, деган фикрга қаршиман. Бўш вақтимда имкон қадар уй
ишларини бажаришда аёлимга ёрдам бераман. Бироқ супуриш ва пол артишдан ташқари (мириқиб кулади).
— Икки қиз ва бир ўғилнинг отасисиз. Вақти келиб
қизларингизни турмушга берасиз. Бу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
— Эртами-кечми бу ҳамма оталарнинг бошига тушади. Шунинг
учун узоқ вақт эҳтиросларга берилиб вақт йўқотмасдан, имконият борида фарзанд
учун зарур эҳтиёжларнинг ҳаракатини қилиб қўйиш керак. Молиявий томонини
назарда тутяпман. Албатта ҳар бир ота-она биринчи ўринда фарзандининг бахтини
ўйлайди. Аммо шу билан бирга унда ҳеч нарсага эҳтиёж бўлмаслигини ҳам ўйлаши
керак.
— Нима деб ўйлайсиз сиздан қандай қайнота чиқади? Куёвни
ўзинигиз танлайсизми?
— Нега мен танлайман?! Яшайдиган ёшлар-ку, қизим танлайди. Бу
билан четда тураман, демоқчи эмасман. Жиддий эътибор қаратаман, албатта.
Танланган куёвни суриштириш, у билан суҳбатлашиш ниятим бор. Асосийси, қизим
танлаган инсон ҳақиқий мард йигит бўлишини истайман!
— Куёвингиз санъаткор бўлишини истамайсиз-а?
— (Жилмайиб) Очиғи, баъзида аёлимга жуда ачинаман.
Чунки биз санъаткорлар билан яшаш жуда қийин. Кунимиз тартиб билан ўтмайди.
Шуларни билганим учун қизимнинг онаси сингари қийналишини истамасман. Аммо
менинг айтганим эмас, тақдир буюргани бўлади. Яна бир гап — агар Тоҳир
Содиқовдан ўтадиган санъаткор бўлмаса, унга қизимни бермайман!
— Негадир кўпчилик йигитлар бош фарзанди қиз туғилса, норози кайфиятини
яширмайди. Сизда қандай кечган?
— Қайси ота фарзндли бўлганидан ҳафа бўлиши мумкин?!
Шунчаки, баъзи олифта оталар дўстларини олдида "ўғилли бўлдим!” деб мақтанишни
ёқтиргани учун ҳам норози бўлишади. Аслида қиз ё ўғил — у фарзанд, бари бирдек
азиз!
— Қиз ва ўғил фарзанд ўртасида фарқ бўлади. Уларнинг бир-биридан
афзаллик томонларини айтиб бера оласизми?
— (Кулади) Шу кунгача қизларимнинг тарбияси, ўзини
тутиши, ўқиши борасида бирор марта танбеҳ эшитмаганман. Қаерга бормай
қизларимни ҳамма мақтайди. Очиғи, қизларимнинг намунали феъл-атвори сабаб,
уларнинг тез улғайганини сезмай ҳам қолибман. Аммо ўғлим туғилгач, бу мақтовлар
гулдастаси танқидларга айланди. "Бола бўлсанг шўх бўл...” деган нақл меннинг
ўғлимга аталган. У жуда шўх. Мактабдаги мажлисларда рафиқам фақат танбеҳ эшитиб
чарчади. Оилада кенжаси ва биргина ўғил бўлгани учунми жуда эрка. Аммо буларнинг
барчаси фақат болаликда қолади, деб ўйлайман. Ўғлим катта бўлгани сари
тантиқликлари босиляпти.
— Болаларингиз билан ҳеч аразлашиб қолганмисиз?
— Хафа бўлиш нима эканини билмайман. Фарзандларимга ҳам шуни
ўргатаман. Одам бошқалардан ҳафа бўлмаслиги учун вақтида кўнглидаги гапни айта
олиши керак. Ана шунда кўнглида гина-қудрат қолмайди.
— Сизнингча йигит ва қиз дўст
бўлиши мумкинми?
— Албатта! Нега мумкин эмас?! Уларнинг дунёқараши бир-бирига
тўғри келса дўстликка нима тўсқинлик қилиши мумкин? Масалан, меннинг ҳам
хотин-қизлар орасида дўстларим бор. Улардан бири — энг яқин дўстим Севара
Назархон. Байрам, туғилган кунларда бир-биримизни табриклаш, яхши-ёмон кунда
елкадош бўлиш, сирлашишни канда қилмаймиз. Бизнинг дўстлигимиз ҳақида турмуш
ўртоқларимиз ҳам яхши билишади. Оилавий борди-келди қиламиз.
— Дўстлик қайси нуқтада якун топиши мумкин?
— Сотқинлик юз берса! Умуман олганда, вафо бўлмаса нафақат
дўстлик, барча инсоний туйғулар ҳам барҳам топади.
— Ҳаётда нимани йўқотганингиздан афсусланасиз?
— Иродамнинг мустаҳкамлигини! 20 ёшимгача умуман
чекмаганман. Бугун эса бу зарарли нарсадан ўзимни олиб қочолмаяпман.
Иродам кучли бўлганда, бу ёмон одатимни ташлаган бўлардим.
— Ёшингиз улғайганини қачон хис этгансиз?
— (Кулиб) Сочимни оқараётганидан бўлса керак.
Кўча-куйда ҳам бошқаларнинг саломини эшитиб "Ҳа, анча улғайибман-да!” дейман.
ОИЛАМНИНГ АЁЛЛАРИ!
Онам...
— Онамдек ҳокисор, беғубор, нозик ва самимий инсонни
ҳали кўрганим йўқ. У кишининг кўнгли нозик. Нохуш хабар эшитиб қолса ҳам кўзига
ёш келаверади.
Рафиқам...
— Гўзал ва латофали аёл! Жуда қатиятли ва ўйлаган
мақсадига албатта эришади. Севгиси, оиласи учун жон-жаҳти билан кураша олади.
Қизларим...
— Иккита қизим ҳам ўзига яраша ажойиб феъл-атворга эга.
Иккисида ҳам бошқарувчанлик қобилияти кучли. Тўнғичимни кўпчилик ўзимга
ўхшатади. "Дадасининг қизи” деган таърифни ҳар қадамда эшитаман. Феъл-атвор томондан
ҳам жуда ўхшашмиз. Кенжа қизимда кўпроқ онамни кўраман. Тасирчан, аммо
кўча-куйда, бегоналар ёнида нозик тарафини кўрсатиб, кўзёш тўкмайди. Аксинча,
ҳақ бўлса охиригача курашиб, мақсадига эришади.
— Фурсатдан фойдаланиб, жамики ўзбек аёлларини 8 март —
Халқаро хотин-қизлар куни билан ижодий жамоамиз номидан табриклайман! Сиз азиз
аёлларни доимий гўзаллик, ўзига бўлган ишонч тарк этмасин!
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди