Шоу бизнес — машҳурлик, мухлислар эътирофи,
анвойи гуллар, тинимсизолқишлар... Ташқаридан бежирим конфет қоғозидек кўринган
бу оламга бир бор бош суқиб кўрган киши ундаги турли хил хуш-нохуш гап-сўзларнинг гувоҳи бўлади.
Айни шу вазиятда санъаткор, номини гарданида кўтариб юрганларга осон
эмаслигини англаймиз. Ўтган йилнинг охирларига келиб, "Ниҳол” мукофоти
совриндори Манзура ва тақлид устаси Шерзод БИНнинг "муҳаббати” одамлар тилига
тушди. Албатта буни шунчаки гап-сўз деб бўлмайди. Чунки улар
ҳақида гап тарқашига етарлича далиллар бор эди. Манзура ва Шерзод Бинни
лойиҳага таклиф қилганимизда биргаликда чиқмасликларини, ўрталаридаги
муносабатлар ҳақидаги гап-сўзларга нуқта қўйиш пайти келганини айтишди. Албатта
бу бизда қизиқиш уйғотди...
— Сизларни биргаликда кўриб турганимиздан хурсандмиз!
Манзура: (Истеҳзоли кулиб) Илтимос, иложи
бўлса "биргаликда” сўзини ишлатманг!
— Шерзод, сизни Манзура билан "Сиз учун...” номли
лойиҳага чақирганимизда, қатнашишга рози бўлмай, ота-онангиз қаршилик
қилишаётганини айтгандингиз. Суҳбатимиз аввалида шунга ойдинлик киритиб
ўтсангиз.
Шерзод: Манзура билан ўртамиздаги муносабатлар
шов-шувга айланиб, "Шерзод Манзурага уйланар эмиш...” деган гап тарқалганидан
хабарингиз бор. Аввалига бу гап-сўзлар ҳамма қатори менга ҳам қизиқ туюлди.
Чунки, шоу бизнесда бундай шов-шувлар ҳар доим бўлган. Орадан бироз вақт ўтиб,
қаерга бормай одамлардан "Манзура билан тўйингиз қачон?” деган саволни эшитадиган
бўлдим. Ота-онамга ҳам таниш-билишлари "Ўғлинг Манзурани севиб қолибдими?
Манзурани келин қиласанми?!” каби саволларни беришибди. Охири дадам билан онам
"Тушунамиз, касбинг шуни тақазо этади. Лекин бундай гап-сўзларнинг охири
кўринмаяпти-ку!” дейишгандан кейин ҳаммасига нуқта қўйиш керак, деган фикрга
келдим.
— Юқорида "бу миш-мишлар ўзимга ҳам қизиқ туюлди” дедингиз. Демак, ўзингизга
бу гап-сўзлар "ёқиб тушган”?!
Шерзод: Йўқ, бу нима деганингиз? Гап-сўзларни атайин
кимгадир буюртма қилиб, чиқарганимиз йўқ-ку!
— "Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди”!
Манзура: — Аёл кишига хушомад қиладиган, "чиройли
экансиз” ёки "бугун жуда очилиб кетибсиз”, дейдиганлар ҳамиша топилади. Шахсан
мен ҳар куни шундай хушомадларни эшитаман. Шерзод билан ўртамиздаги мунобатлар
бу тарзда тус олиши Шерзоднинг айнан интернет орқали менга ёзган гапларидан
бошланди.
Шерзод: — Аввало Манзуранинг ташқи қиёфасини эмас,
тарбияси, ички дунёсини ҳурмат қиламан. Ўртамизда ёш жиҳатдан тафовут
бўлмаганида балки ростдан ҳам уни севган бўлармидим, билмадим. Хуллас,
кунларнинг бирида Манзуранинг интернетга қўйган бир расмига "Чиройлигим”,
"Сизни севаман” деб изоҳ қолдирдим. Аслида бундай изоҳларни мухлислар ҳар
дақиқада ёзиб қолдиришади. Лекин негадир айнан менинг изоҳим одамлар, хусусан
журналистлар назарига тушиб, шов-шувга айланиб кетди. Бу ишларни реклама учун
қилмагандик. Одамларнинг ўзи турли гап-сўзлар билан вазиятни чуқурлаштириб
юборишди.
— Баъзи журналистлар сизни Йигитали Мамажоновга қиёслашди ҳам...
Шерзод: — Йигиталини жуда ҳурмат қиламан. Бу мавзунинг
аллақачон сийқаси чиқиб бўлди. Бир қизни бахтли қилиб, унинг ҳаётини қувончга
тўлдиришнинг нимаси ёмон?! Қачонгача уни айбдорга чиқариш мумкин?
Манзура: — Очиғи, Шерзодга интернетдан оғзингга келган
гапни ёзаверма, охири яхши бўлмайди, деганман. Лекин гапимга қулоқ солмади,
мана натижаси. Одамлар бирни эшитса, мингни қўшиб гапиради, десам ҳам гапимни
қулоғига олмаганди. (Жаҳли чиқиб) Шерзод, ҳатто маъмурим ҳам сизни
бир неча марта огохлантирди. Бу каби ҳазилларни тўғри қабул қиламан, бироқ
одамлар...
Шерзод: — Шоу бизнесда бундай "пиар”лар доим бўлган ва
бундан кейин ҳам бўлади.
Манзура: — Шахсан мен 17 йиллик ижодим давомида номимни
бундай гап-сўзлардан асраб келгандим. Кўчада ярим тунда йигит-қиз гаплашиб
турганини кўрсам, иши бордир-да, деб ўтиб кетадиганларданман. Лекин беш қўл
баробар эмас! Қолганлар ўша йигит билан қиз ҳақида тасаввурга сиғмайдиган
гапларни айтишади.
Шерзод Бин: — Шунинг учун ҳам бу гапларга нуқта
қўяйлик, деяпман-да! Ота-онам мени уйлантириш тараддудига тушишган. Манзура ҳам
бу йил турмуш қуришни режалаштиряпти. Онам қайси хонадоннинг эшигини тақиллатиб
бормасин, гап бориб бизга тақалаётган экан. Ҳатто халқ хизматларига борсам ҳам
одамлар йўлимни тўсиб "Шу гап ростми, Манзурахон яхши юрибдими?” деган кинояли
гапларни айтишяпти.
— Ёдингизда бўлса шоир Аҳад Қаюм ва актриса Ойдин Юсупова
ҳақида ҳам худдишундай гап-сўзлар тарқалганди. Аввалига Ойдин ва
Аҳаднинг суратлари тарқалди. Сўнг Аҳад оммавий ахборот воситалари орқали
Ойдинни севишини рўй-рост тан олди. Шоу бизнес оламидагилар эса Аҳад Ойдин
орқали ўзини яхшигина реклама қилиб оляпти, деган фикрга келишди. Ҳозирги
вазиятда ҳам Шерзод анча йиллик тажрибага эга бўлган, одамлар тилидаги
хонандага хушомад қилиш орқали ўзини реклама қиляпти, деганлар ҳам йўқ
эмас.
Шерзод: — Йўқ, бунчалик пасткашликка борадиганлардан
эмасман. Шахсан мен бундай рекламага рози бўлмаган бўлардим. Бу гап-сўзлар
бизга жуда салбий таъсир кўрсатяпти.
Манзура: — Албатта, бундай ғийбатларга лойиқ санъаткор
эмасман! Бу йўл билан ўз рейтингимни ушлаб туриш ҳам асло керак эмас.
— Юқорида Шерзод "Манзура ҳам турмуш қуриш арафасида” деган
гапни айтди. Шу гап ростми?
Манзура: — Сиз қанақа одамсиз ўзи, Шерзод (жахл
билан)?
Шерзод: — Мен нима дедим?!
Манзура: — Тилини бермаслигиничи буни. Битта гап-сўз
охирига етмасдан, иккинчисини ўйлаб топяпсизми? Ўзи битта шу гап етмай
турганди. Энди одамлар "Тўй қачон?” деб сиздан эмас, мендан сўрашлари
етмаётганди (кулиб)? Аслида хонандалар Райҳон, Зиёда, Мадина Мумтоз
оилали бўлишгач Манзурани ҳам ўзича турмушга берадиганлар кўпайиб кетган. Ҳар
йили мени узатишмоқчи бўлишади. Турмуш қуришнинг эрта-кечи йўқ. Худо насиб
қилган кун албатта оила қураман.
— Яқинда иккингизни метрода кўришибди?
Шерзод: — Ҳа, метрога тушганимиз рост. Бунинг нимаси
ёмон?! Кўп санъаткорлар одамлар қуршовида бўлишдан қочишади. Манзура метрога
анчадан буён тушмаётганини, у билан бирга ер остида саёҳат қилишга шерик
йўқлигини айтиб қолди. Мен унга бажонидил шерик бўлдим. Агар ўртамизда бирор
нарса бўлганда, буни одамлардан яширган бўлардик.
— Манзура Шерзод билан ўртангиздаги муносабатлар бу тарзда
кенг қулоч ёзиб кетишининг асосий сабабини биларсиз?
Манзура: — Йўқ!
— Ўтган йили Азиз Раметовнинг сизга уйланиш тараддудида
юргани ҳақида эшитгандик. Шунинг учун одамлар Шерзод билан муносабатларингизни
жиддий қабул қилишди.
Манзура: — Йўғ-э, нималар деяпсиз?! Азиз менга турмуш
қуриш таклифини билдирганини яширмайман. Бироқ бу таклифни ҳазил, деб қабул
қилганман. Шунинг учун ортиқча шов-шув кўтаришга хожат йўқ. (Жаҳли чиқиб) Тавба
одамларнинг мени қачон турмуш қуришимдан бошқа муаммолари йўқми, дейман.
— Шерзод бу мавзуга нуқта қўйиш фикри сиздан чиққанди.
Келинг, сўнги хулосани ҳам сиздан эшитсак.
Шерзод: Нима ҳам дердим худди айбдордек ўзимизни оқлаш
фикридан йироқмиз. Суҳбатни якунлашдан аввал шуни айтмоқчиманки, бировнинг
тақдири ҳақида сўз юритишдан аввал бироз эътиборлироқ бўлайлик. Йигит ва қиз
ўртасидаги муносабатларда севгидан ташқари дўстлик ришталари ҳам бўлиши
мумкинлигини унутмасликларини сўраган бўлардим.
P/S.: Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз. Бу шунчаки аср
шиори эмас. Ҳаётимизда бўлаётган, биз учун арзимас туюлаётган нарсалар зум
ўтмай одамлар тилига тушиб, муҳокама майдонида асосий мавзу бўлмоқда. Санъаткорларимиз
ҳам ана шуни унутмаган ҳолда сахнада ҳам, ҳаётда ҳам, ҳатто вертуал
оламда ҳам омма эътиборида эканини унутишмаса мақсадга мувофиқ бўларди.
Зотан ҳазилнинг таги зиллиги биргина Шерзод Бин ва Манзуранинг ҳаётида ўз
исботини топишга улгурди.
Қамариддин ШАЙХОВ суҳбатлашди.
Фотомухбир: Равшан ДАДАБОЕВ.