Шакиранинг янги альбоми «Shakira» деб аталади. Бу ҳақда
хонанда Facebook’даги ўз саҳифасида маълум қилди. Диск релизи 2014 йилнинг
25 мартига режалаштирилган.
Ижрочининг альбом номини изоҳларкан, мусиқий тўплам устида
ишлаш давомида у ҳар хил услуб ва йўналишларни турли мусиқачилар билан бирга
тадқиқ қилган ва «ўзи ҳақида кўп нарсани билиб олган». Хонанданинг сўзларига
кўра, альбомдан таркибида «бироз рок, бироз фолк, бирозгина регги ва, албатта,
бироз рақсбоп мусиқадан ташкил топган» қўшиқлар ўрин олган.
Колумбиялик қўшиқчи ўзининг сўнгги сингли – «Can’t Remember
to Forget You»ни Рианна билан ҳамкорликда куйлаган. Қўшиқнинг инглиз ва испан
тилларидаги версиялари чиққан. Хонанда аввалроқ «Can’t Remember to Forget You»
унинг янги альбомидан ўрин олишини айтиб ўтганди. Мусиқий тўпламдаги
қўшиқларнинг тўлиқ рўйхати ҳозирча номаълум.
«Shakira» пластинкаси поп-хонанда дискографиясидаги ўнинчи
мусиқий тўплам бўлади. Шакиранинг сўнгги студия альбоми 2010 йили «Sale el Sol»
номи билан чиққан эди. Ундан ҳам инглиз, ҳам испан тилидаги қўшиқлар ўрин олган.