Шакар максимал нархи 1 кг учун 3200 сўмдан ошмаслиги белгилаб қўйилди
Шакар маҳсулотининг cунъий тақчиллигига ва нархининг кўтарилишига олиб-сотарлик ҳаракатлари сабаб бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилди.
“Шакар маҳсулотини “сунъий тақчиллигини” келиб чиқишига асосий сабаб бу оддий олиб-сотарлик, шу жумладан ушбу маҳсулот бозорида фаолият кўрсатаётган улгуржи воситачилар ҳамда чакана савдо дўконлари ўртасида ўзаро тил бириктириш, келишиб ҳаракат қилиш ҳолатлари ҳам еҳтимолдан ҳоли эмаслигидир”,-дейилади қўмита хабарида.
Давлат рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган таҳлил ишларини кўрсатишича, бугунги кунда мамлакатимизда шакар маҳсулоти тақчиллигини келтириб чиқарадиган хеч қандай объектив ва субъектив сабаблар ва омиллар йўқ. Яъни, жорий йилнинг 1 ярим йиллигида шакар ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 14,7% ошган бўлса, биржа савдолари орқали сотилаётган шакарнинг миқдори эса режалаштирилган ҳажмдан деярли 4,7 %га кўп бўлган.
Хабарда қайд этилишича, шакар маҳсулотига бўлган ички талабни маҳаллий маҳсулот ҳисобига қондириш мақсадида, жорий йилнинг учинчи чорагида “Ангрен” махсус индустриал зонасида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 300,0 минг тоннага мўлжалланган шакар ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш кўзда тутилган.
Шунингдек, шакар маҳсулоти бозорида барқарорликни таъминлаш, юзага келган вазиятни юмшатиш ва истеъмолчилар ўртасида шов-шувларга барҳам бериш мақсадида, Ҳукумат томонидан чакана савдо дўконларида сотилаётган шакар маҳсулотининг максимал нархи 1 кг учун 3200 сўмдан ошмаслиги белгилаб қўйилди.