Ўзбекистон халқ артисти унвонини елкасида, қаддида, обрўйида
кўтариб юрганлар талай! Бироқ, чинакам эл меҳрини қозонганлари саноқли. Жуда
саноқли. Улар иккита бўлса ҳам, ўнта бўлса ҳам Озодбекка бўлган меҳр бўлакча.
Яратган назар қилмаса, бундай меҳр ва ишонч қайдан дейсиз?
Озодбекнинг жонли куйлаши ҳақида шубҳага борганлар унинг
Ресгистон майдонини тўлдириб, жонли концерт берганидан сўнг анча тинчиб қолишди.
Гумонлар барҳам топди. Йилдан-йилга ижоди сайқаллашиб бораётган Назарбеков
апрел концертлари нафақат мухлислари учун балки ўзи учун ҳам оламшумул янгилик
бўлишини ваъда қилмоқда. Озодбекнинг айтишича, мартга қадар 40 та янги қўшиқ
тайёрлайди. Улар орасидан ўзига маъқул келган энг сара 20 тасини танлаб олиб,
"мусиқий гулдаста” тайёрлайди. Мухлислар ўз меҳрининг тимсоли сифатида ҳар йили
концертга олиб келадиган гулдасталар саҳнада бир гулбоғ яратса, хонанда
тайёрлаган "янги қўшиқлар гулдастаси” улар учун муносиб жавоб бўлади!
-Концертим рекламасидаги"Фонограмма орқали ижро этилади”
ёзуви айримларнинг ғашига теккан бўлиши табиий. Бироқ, ўзимни оқлагандай бўлиб,
акс-садо беришга шошилмайман. Жўжани "апрел”да санаймиз! "Концерт барибир
фонограммада ўтади” деб ўйлаганлар янги яккахон концертимдан кейин қаттиқ адашишганини
хулоса қилишларига аминман! Бу йилги дастуримга 2013 йилдан тайёргарликни
бошлаганман. Мартгача 40 та янги қўшиғим тайёр бўлади. "Мусиқий гулдаста” учун
керакли 20 та қўшиғимни концертимга қадар саралаб оламан. Мухлисларим камина
учун энг чиройли гулдастани харид қилиб, улашишга интилишгани каби камина ҳам
энг чиройли концерт дастурини туҳфа этишни ният қилганман. Қолган 20 та қўшиқ
тақдири нима бўлиши билан қизиқяпсизми? Ишонасизми, улардан шунчаки воз
кечаман. Ижодий жараён ана шуниси билан гоҳида жуда мураккаб. Мухлисларим учун
энг яхшисини муносиб кўраман! Аслида менинг бахтим шу – энг яхши ижод
намуналарим энг содиқ мухлисларим учун! Менинг бахтим – мухлисларимнинг оила
аъзоларим каби, гоҳо улардан ҳам яқинроқ бўлган ғойибона меҳр таъсирида
келаётган илҳомдир! –дейди, халқнинг севимли артисти.
Гап исботини вақтга қўйиб берамиз! Озодбек алдамайди. Ахир,
у лафзининг ҳалоллиги билан ҳам шуҳрат қозонган!
Жасур ҲАМРОЕВ